Маҳалла аҳолиси билан сайёр қабул ўтказилди

22.01.2021 13:01:52

Пастдарғом туманида жойлашган вилоят ихтисослаштирилган санъат-мактаб интернатида “Адолат” СДПдан вилоят Кенгаши депутати Гулбека Қўчқорованинг “Турон”, “Алишер Навоий” маҳаллалари фуқаролари билан сайёр қабули ўтказилди.

-  Ишсизман,- деди Турон маҳалласида яшовчи Б. Ҳайитова. – Оилалиман. Маълумотим ўрта. Бирор касб-ҳунарнинг бошини тутиб, оиламиз иқтисодига ҳисса қўшишни истайман. Қолаверса, аёл кишининг ҳам жамиятда ўз ўрни бўлиши лозим. Бу борада менга кўмак беришингизни хоҳлайман.

Ушбу мазмундаги саволлар билан ўндан ортиқ хотин-қизлар мурожаати тингланди. Бундан ташқари, ҳар икки маҳалладаги ички йўлларнинг талаб  даражасида эмаслиги, электр, газ таъминотига фуқаролар томонидан тўланаётган тўловларга масъул идоралар томонидан ноқонуний ёндашиш каби фуқароларнинг муаммолари юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборилиши таъкидлаб ўтилди.

Йиғилишда оила, маҳаллани қўллаб-қувватлаш туман бўлими мутахассиси, Ўзбекистон “Адолат” СДП Пастдарғом туман кенгаши фаоли Гулнора Пўлатова, “Ёшлар парламенти” аъзоси Тоҳир Ўсаровлар давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти юзасидан фикр-мулоҳазаларини баён этди.

-  Ушбу Мурожаатномада эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этилиши хусусида ҳам таъкидлаб ўтилган,- деди партия фаоли Г. Пўлатова. – Айни дамда республикамизда алоҳида эътиборга муҳтож 18 ёшгача бўлган 150 минг нафар ёшлар бор. Уларнинг таълим олиши, бирор касбни эгаллаши, оғир хасталикка чалинганларини даволаш, чин етимларни уй-жой билан таъминлаш инсоний бурч эканлиги Мурожаатномада алоҳида таъкидланган.

Йиғилиш давомида муаммолар ўрганилди, ечими бўйича тегишли хулосага келинди. Аҳолининг саволларига жавоб берилди. Шунингдек, депутат Гулбека Қўчқорова 2020 йилда амалга оширган фаолияти юзасидан сайловчиларга ҳисобот берди.

Гулжаҳон МАРДОН қизи,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+