Маҳаллаларда сиёсий ўқувлар бўлиб ўтмоқда

25.01.2024 15:01:08

   Мамлакатимизда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар ташкил этиш, пировардида, қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади. Маҳаллаларда аҳолини кенг қатламини жалб қилган ҳолда ташкил этилаётган сиёсий ўқувлар демократик ислоҳотларнинг боришидан хабардор қилишда ҳамда аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини оширишда катта аҳамиятга эга бўлмоқда.
   Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП, Сурхондарё вилоят Кенгашининг шаҳар ва туманлар Кенгашлари вакиллари ҳамда фаоллари томонидан партиянинг "“Адолат” сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар куни" лойиҳаси доирасида вилоятнинг барча туманлари маҳаллаларида ва БПТларда мамлакатимиз ва хорижда рўй берган энг муҳим воқеа-ҳодисалар ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини кенг миқёсда тушунтириш орқали маҳаллалар фуқароларининг сиёсий саводхонлигини оширишга қаратилган сиёсий ўқувлар ташкил этилди.


   Партия ходимлари ва кўнгилли маърузачилар иштирокида вилоят ҳудудларидаги маҳаллаларда бўлиб ўтган сиёсий-ўқувларда маҳаллалардан тингловчилар фаол иштирок этишди.
   Жумладан, мазкур ҳафтада вилоятдаги 11 та маҳаллада ўтказилган сиёсий-ҳуқуқий ўқувларда 250 нафар тингловчи жалб қилиниб, маърузачилар томонидан сиёсий-ҳуқуқий билимлари оширилди.
   Хусусан, Қизириқ туманидаги “Зартепа” МФЙда ташкил этилган сиёсий-ҳуқуқий ўқувда Президентимизнинг фармон ва қарорлари, қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳияти, дунё сиёсий саҳнасида рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида маърузачилар атрофлича тушунчалар берди ва иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
   Сиёсий ўқув давомида фуқароларнинг салоҳиятини юзага чиқариш ва уларнинг дунёқарашини кенгайтириш ҳамда давлатимиз томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларимизда янада фаол иштирокини таъминлаш мақсадида тарғибот ва тушунтириш ишлари амалга оширилди.
   Фахриддин Салаев, Қизириқ туман “Зартепа”МФЙ раиси::
- Дунёда глобал муаммолар ва ғоявий таҳдидлар кучайиб, ахборот тизими тобора кескинлашиб бораётган бугунги кунда аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишларини самарали олиб боришни ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда. Шу жиҳатдан сиёсий ўқувлар таъсирчанлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллаларда ташкил этилаётган бундай тарғибот тадбирлари фуқароларнинг сиёсий билимини янада бойитиши ҳамда фаоллиги ошишига туртки бўлмоқда. Айниқса, чекка қишлоқ ҳудудларида яшовчи ҳар бир фуқарони янгиликлардан хабардор этиб борилаётганлигини назарда тутсак, бундай тадбирларнинг ижтимоий-сиёсий аҳамияти янада яққол аён бўлади.
   Шуни айтиш жоизки, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий тафаккурга эга бўлиши, демократик ўзгаришларни, ислоҳотларни қалбан ҳис қилиши ва унда бевосита иштирок этиши, сиёсий-ҳуқуқий маданиятини кундан-кунга ошириб бориши уларнинг кундалик амалларига айланиши билан изоҳланади. Айнан ҳуқуқий демократик давлат барпо этишнинг умумий тамойили ҳам қонунларга қатъий риоя этиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишини таъминлаш жараёнларида намоён бўлади.

Дилафрўз Раҳматова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+