Маҳаллий бюджетлар ижроси устидан депутатлик назорати

23.12.2022 16:12:56

Маҳаллий бюджетлар ҳар бир мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Уларнинг қай тартибда сарфланиши ва ўз ўрнини топишида депутатлик назорати муҳим аҳамиятга эга. Бу айнан жамият барқарорлигини таъминлаш, давлат бошқарувига халқ ишончини мустаҳкамлаш ҳамда коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Айтиш жоизки, давлат томонидан ажратилаётган пул маблағларини назорат қилишда депутатлик назорати энг ишончли назоратлардан биридир. Бунинг натижасида халқ манфаатлари ва ҳақ-ҳуқуқлари таъминланади, шунингдек, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш имкони яратилади.

Бугунги замонавий тараққиёт шароитида маҳаллий бошқарув органлари ихтиёрига маҳаллий солиқлар базасини белгилаш, алоҳида солиқлар ва йиғимларнинг ставкаларини ўрнатиш, баъзи ҳудуд тараққиётини белгиловчи муҳим йўналишлар кесимида солиқ имтиёзларини ўрнатиш ваколатлари ҳамда харажатлар таркибига аниқлик киритиш имтиёзлари берилишини тақозо этади.

Бугунги кунда номарказлаштириш йўналиши борасида изланишларни амалга ошираётган олимлар, бу масалаларни ҳал қилишда аниқ моделлар ишлаб чиқилиши лозимлигини эътироф этмоқдалар. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон шароитида амалга оширилаётган бюджет соҳасидаги кенг миқёсдаги ислоҳотлар бу борада изчил тадқиқотлар зарурлигини кўрсатмоқда. 

Жаҳон тажрибасидаги мавжуд турли даражадаги бюджетлар марказлашган ва номарказлашган турларининг амалиётида ҳар хил моделлари қўлланилади. Бунда авваламбор, мамлакатнинг марказлашгани ёки федератив кўринишга эгалиги ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Аммо марказлашган мамлакатларда ҳам давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг нормарказлашганлик даражаси турлича.

Бугунги кунда номарказлаштириш жараёнларини тадқиқ этувчи олимлар кўпчиликни ташкил этади. Жумладан, америкалик социолог Джон Масиониснинг тадқиқотларига кўра, 20 та ривожланган мамлакатда марказий ҳукуматлар харажатлари 65 фоизни ташкил этган бўлса, 23 та ривожланаётган мамлакатларда 89 фоизни ташкил этган.

Бундан хулоса қилиб, фискал номарказлаштириш даражасини ошириш ўз-ўзидан иқтисодий тараққиёт тезлигини оширади, деб айта олмаймиз.

Аслида давлат молиясининг номарказлашганлик даражаси иқтисодий тараққиётнинг сабаби эмас, аксинча натижасидир, деб баҳоланади. Шу ўринда John Joseph Wallis ва Wallace Oatesнинг кузатишларини мисол қилиб келтирамиз. Уларнинг фикрича, давлат ҳудуди қанчалик катта бўлса, унинг «номарказлашганлик даражаси» шунча кенгроқ бўлади. Иккинчидан, мамлакат аҳолисининг сони қанчалик кўп бўлса, унинг «номарказлашганлик даражаси» шунча кенгроқ бўлади. Учинчидан, аҳоли жойлашишининг зичлик даражаси, яъни шаҳарларда яшовчи аҳолининг улуши қанчалик кўп бўлса, унинг «номарказлашганлик даражаси» шунчалик кенгроқ бўлади. Тўртинчидан, аҳоли турмуш даражаси қанчалик юксак бўлса, унинг «марказлашганлик даражаси» шунчалик юқори бўлса, яъни давлат бюджет даромадларини қайта тақсимлаш билан боғлиқ вазифалари кўпроқ бўлади. Бешинчидан, жамият (давлат аҳолига) хизматларининг турлари кўплиги, ҳудудлардаги хилма-хиллиги бюджетнинг номарказлашганлик даражаси юқори бўлишини таъкидлайди. Бу ёндашувдан фарқли ўлароқ, номарказлаштириш даражаси давлат ривожланганлиги даражасига боғлиқлиги эътироф этилади.

Давлат бюджетини марказлаштириш ёки номарказлаштириш сиёсатининг амалга оширилишида иқтисодий тараққиётга таъсир этувчи кўплаб омилларни инобатга олиш лозим. Булар қаторида давлат сиёсий тизими хусусиятлари, унинг турли бошқарув даражалари орасидаги тарихий шаклланган алоқалари алоҳида эътиборга лойиқ. Маҳаллий бошқарув органларининг молиявий мустақиллигини ривожлантириш давлат молиясини номарказлаштириш борасидаги муҳим масалалардан биридир.

Давлат бюджетининг номарказлаштирилиши қатор афзалликлари билан бирга камчиликлардан холи эмас. Булар оқилоналигининг баҳоланишида энг оддий ёндашув ижтимоий (жамият) харажатларнинг кўпайиши ёки тежалиши билан белгиланади. Бюджетнинг номарказлаштирилиши иккита асосий масалани ҳал қилишга қаратилади: маблағлар тақсимоти ва бюджет тизимининг яратувчилик самарадорликларини ошириш.

Бюджет тизими, бюджет маблағларидан фойдаланишнинг натижадорлиги тамойили Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 14-моддасида келтирилган. Унга кўра, бюджет жараёни иштирокчилари бюджет тизими бюджетларини тузиш ва ижро этишда ўзларига берилган ваколатлар доирасида бюджет тизими бюджетларининг белгиланган ҳажмдаги маблағларидан фойдаланган ҳолда натижага эришиш заруриятидан келиб чиқадилар. Кенг маънода, давлат бюджетини номарказлаштиришда маҳаллий бошқарув органларига ўз даромадларини шакллантиришлари ва харажатларини амалга оширишларида кенгроқ ваколатлар берилиши ҳамда уларнинг мажбуриятларини бажаришдаги масъулиятларини оширишга қаратилиши назарда тутилади.

Маҳаллий бошқарув органларининг аҳолига яқинлиги уларнинг фуқаролик жавобгарликларини кучайтиришга, ҳаракатларининг шаффофлигини таъминлашга ҳамда аҳоли олдида ҳисобдорлиги даражасини оширишга хизмат қилади. Бюджетнинг номарказлаштирилиши деганда ҳар қандай маҳаллий бошқарув органлари бюджетларига молиявий маблағларни жалб қилишнинг кўпайтирилиши тушунилади. Бу ҳолни миллий иқтисодиётнинг маъмурий-буйруқбозлик бошқарув тизимидан фуқаролик жамиятига ўтиш билан боғлиқ жараёнлар қаторида баҳолаш ҳам ўринлидир. Шунда, давлат бюджети номарказлаштирилишининг самарадорлиги давлат марказлашган бюджети даромадларининг улуши ва маҳаллий бюджетлар даромадларининг шаклланиши орасидаги маълум уйғунликка эришиш ҳамда маҳаллий бошқарув органларига даромадларига яраша ваколатлари бўлишини назарда тутади.

Ижтимоий хизматларнинг фақат марказий ҳукумат томонидан таъминланиши улар харажатларининг ошиб кетишига сабаб бўлади. Барча ҳудудларга бирдай хизмат кўрсатиш, баъзи ҳудудларда улар миқдорининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши, бошқаларида етишмаслигига олиб келади. Давлат бюджети ҳисобидан амалга ошириладиган жамият хизматларининг нормарказлаштирилиши маҳаллий бошқарув органларининг халққа яқинлиги натижасида алоқаларнинг равонлиги, аҳоли ўз истакларини мунтазам изҳор этиб боришини таъминлайди. Ўз-ўзидан, аҳолининг турли хил давлат марказий электрон порталларига мурожаат қилиш эҳтиёжлари камайиб боради.

Бюджетнинг номарказлашган тизими тараққиёти ижтимоий-иқтисодий жараёнлар барқарорлигини (стабиллигини) таъминлашга хизмат қилади. Амалий бюджет номарказлаштирилиши, бюджет чекловларининг қатъийлигини таъминлаш орқали бюджет тақчиллиги (дефицити)нинг олдини олишга ҳам ёрдам беради. Номарказлашган бюджетлар маҳаллий бозорлар фаолиятини мувофиқлаштириб боришга рағбатлантирилади. Ниҳоят, номарказлашган бюджетларда қарорлар бир нечта вариантда ўрганилиши ва маҳаллий шароитга энг мос қарор қабул қилиш имконини беради.

Шу билан бирга, энг муҳим масала ваколатларни бюджетнинг шу даражасига бериш керакки, у ваколатларини тўлалигича бажара олиши ва ушбу натижалардан энг кўп манфаатли бўлиши лозим.

Эътиборга лойиқ жойи шундаки, бюджетларни номарказлаштириш ҳақида қарор қабул қилинишида ҳудудий иқтисодиёт таркиби ва молиявий оқимлар ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлиш, номарказлаштириш ҳақидаги қарор қанчалик умумдавлат манфаатлари ва маҳаллий аҳоли эҳтиёжларини қониқтиришига қандай таъсир кўрсатишининг таҳлили бўлиши керак. Бошқача айтганда, ҳудудий ва марказий даромадлар кесими, пастдан тепага кетадиган ва тепадан пастга тушириладиган молиявий оқимлар, уларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги, уларнинг ўзгариши самарадорлик ҳамда натижадорликларига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида аниқ таҳлилий маълумотлар бўлиши лозим. Бундай маълумотлар ҳар бир ҳудуднинг қанчалик ўз эҳтиёжларини қоплаш ва қанчалик ўз тараққиётини таъминлашга қодир эканлигини яққол кўрсатади.

Умуман олганда, маҳаллий бюджетларнинг номарказлаштирилишини, агар номарказлашган қарорлар қабул қилиш ваколатлари етарли бўлса, бунда энг долзарб маҳаллий эҳтиёжлар аниқлаштирилиб борилса, бюджет маблағларидан фойдаланиш натижадорлиги ортиши имконияти амалга оширилсагина жорий қилса бўлади. Бюджетнинг номарказлаштирилиши, авваламбор, бюджетлар мустақиллиги тамойилининг бажарилиши билан боғлиқдир. Бюджет тизими бюджетларининг мустақиллиги тамойили Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 13-моддасида келтирилган. Бюджет тизими бюджетларнинг мустақиллигини таъминлашда ҳал қилувчи омил – даромадларни (авваламбор солиқни даромадларни) бюджетларнинг ҳар бир даражасининг харажатларига яраша бириктирилишидир.

Жаҳон амалиётида солиқни даромадлар бириктирилишининг уч тури учрайди. Биринчисига кўра, маҳаллий ҳокимиятларга уларнинг барча ҳудудларидан тушадиган солиқ даромадлари бириктирилади. Ушбу даромадлардан белгиланган қисми бюджет тизимининг юқори поғоналарига ўтказиб берилади. Бу маблағлар ҳукуматнинг умумдавлат харажатларини қоплашга мўлжалланади. Иккинчи тури биринчисидан фарқли ўлароқ, барча даромадларнинг марказий ҳукуматга йўналтирилишини назарда тутади. Кейинчалик, тушган даромадлар маҳаллий бошқарув органларига грантлар, турли дастурларни молиялаштириш ва ёки бошқа трансфертлар шаклида қайта тақсимланади. Бу услуб ҳам маълум камчиликлардан холи эмас. Асосийси, харажат ваколатларига эга ҳокимиятлар ва солиқлар тушадиган ҳудудлар орасидаги боғлиқлик даражаси суст бўлади. Бу ҳол бюджетлараро самарали муносабатларнинг шаклланишига тўсиқлик қилади. Даромадлар шаклланишидаги ваколатлар тақсимланишининг учинчи услуби даромадларнинг баъзи турларини маҳаллий бюджетларга бириктирилишини назарда тутади. Зарур ҳолларда етишмаётган даромадларни мувофиқлаштирувчи солиқларни бириктириш ёки маҳаллий бюджетларга трансфертлар орқали ўтказиб бериш қўлланилади. Бу услуб иккита биринчи турлар орасидаги услуб бўлиб, уларнинг камчиликларини бартараф қилиш имконларига эга. Бунда қуйи бошқарув органларига солиқ йиғиш ваколатлари бириктирилган ҳолда, у солиқ юки ва харажатлар борасидаги қарорлар орасида уйғунликни таъминлашга қаратилган. Қарорлар қабул қилишда маҳаллий бошқарув органлари харажатлар ва наф олиш орасида қабул қилаётган қарорларини мувофиқлаштириб бориш имконига эгадирлар. Натижада нафақат иқтисодий самарадорликка, балки харажатлар соҳасида ижтимоий ютуқларга ҳам эришилади. Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 июндаги фармони алоҳида эътиборга молик.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармонида айнан бюджет масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Унга мувофиқ маҳаллий бюджетларнинг даромадлари базасини тубдан мустаҳкамлаш, юқори турувчи бюджетлар ажратмаларига қарамлигини қисқартириш, уй-жой коммунал, транспорт‑коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани модернизациялаш ва техник янгилаш бўйича стратегик муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни сўзсиз таъминлаш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мустақил иш олиб бориши ва масъулиятини ошириш кўзда тутилган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бу биринчидан, маҳаллий бюджет харажатлари, жумладан, белгиланган нормативлар доирасида бюджет ташкилотлари ва уларнинг штат бирликларини оптималлаштириш ҳисобига йил давомида бўшаб қолган маблағларни бошқа зарур харажатларга йўналтириш; иккинчидан, маҳаллий бюджетлар ижроси тўғрисидаги молиявий ҳисоботларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартиб ва муддатларда халқ депутатлари Кенгаши ва юқори молия органига тақдим этилишини таъминлаш; учинчидан, бюджет тақсимоти борасида ҳам номарказлаштириш жараёнларини тезлаштириш ва унинг назоратини депутатларга берилиши муҳим аҳамият касб этади.

Абдумавлон ҚОСИМОВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+