Мамлакат тақдири — бизнинг тақдиримиз

31.01.2024 14:01:57

   Биз бугун ижтимоий давлат сари дадил одимлаётган, ҳар соҳада тизимли ва стратегик мақсад билан ҳаракатланаётган, дунёнинг энг ривожланган давлатлари билан бир сафда бораётган Янги Ўзбекистонда яшаяпмиз.
   Дарҳақиқат, биз бахтли авлод сифатида Учинчи Ренессанс ва ривожланишлар асрида яшамоқдамиз. Юртимизда биз ёшлар маънавиятини юксалтириш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, иқтидоримизни намоён этиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Янгиланган Конституциямизда ҳам ёшлар манфаатларини ҳимоялаш учун алоҳида модда қўшилганлиги, "Янги Ўзбекистон - 2030" стратегиясида ҳам ёшларга алоҳида эътибор қаратилганлигини таъкидлашимиз мумкин.
   2023 йилнинг 22 декабрь куни юртбошимиз раислигида маънавий-маърифий соҳага бағишланган мажлисда ҳам ижтимоий соҳа учун 134 триллион маблағ ажратилганлиги ва бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 5,6 баробар зиёд эканлиги ҳам маънавият иши - халқ иши эканлигининг ёрқин мисоли бўла олади.
   Юртимизда ёшлар таълим-тарбиясига, бандлигини таъминлашга, уларни ақлан ва маънан етук, жисмонан соғлом қилиб тарбиялашга қаратилган ишлар салмоғи ва кўлами кенгайиб бормоқда. Биргина мен таҳсил олаётган Наманган давлат университети мисолида кўрадиган бўлсак, 2023 йил якуни бўйича университетнинг 9,3 фоизини иқтидорли талабалар ташкил этади ва улар томонидан 4 та республика даражасидаги лойиҳалар, 19 та стартап лойиҳалари, 2022-2023 ўқув йилида илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланаётган 9258 нафар иқтидорли талабанинг долзарб мавзулардаги илмий мақола ва тезислари халқаро, ОАК ва Республика миқёсидаги нуфузли журналларда чоп этилди. Бу каби рақамлар ёшлар учун кенг имконият ва шароитлар яратилаётганлигидан далолат беради.
   Президентимиз таъкидлаганларидек, қисқа вақт мобайнида қишлоқ ва шаҳарларимиз кўриниши тубдан ўзгарди, мактаб ва мактабгача таълим, олий таълим, спорт ва туризм соҳасига эътибор кучайди. Заковатчиларимиз эришаётган ютуқлар қалбларга ифтихор бахш этади. "Заковатда куч" тамойилига амал қилинган ҳолда вилоятимизда ҳам бу борадаги ишлар самарали йўлга қўйилган ва ҳафтанинг ҳар шанба куни олий таълим муассасалари талабалари ўртасида «Талабалар лигаси», мактаб ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида «Ўқувчилар лигаси» ўйинлари ўтказилиб, мақтовга арзирли натижаларга эришилмоқда. Масалан, НамДУнинг “Енгилмас жамоа” номи билан республикага танилган "Пентагон" жамоаси 2023 йилнинг 23-26 май кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган интеллектуал олимпиаданинг "Брейн-ринг" ўйинларида мутлақ ғалабага эришиб, 50 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. Июнь ойида эса водийда жойлашган олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган биринчиликда тенгсиз деб топилиб, 30 миллион сўм мукофотга эга чиқдилар, бироз вақт ўтганидан сўнг 62-Халқаро "Гуллар байрами" арафасида ўтказилган вилоят биринчилигида ҳам юқори ўринни эгаллаб, ғолиб сифатида яна 30 миллион сўмни қўлга киритишди.
   Мамлакатимизда аҳолининг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Президентимиз ҳар доимгидек ёш авлодга катта имконият эшикларини очиб бермоқда. 2024 йилнинг "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили" деб номланиши ҳам Ўзбекистон ёшлари учун беқиёс совға бўлди. Бу ҳар бир ватанпарвар, илғор фикрли ёшлар учун масъулият деганидир. Йилдан йилга аҳоли сони ортиб бораётган давлатимизда салоҳиятли кадрларга эҳтиёж катта. Чунки мамлакатнинг келажаги учун чуқур билим ва пухта ҳунар эгаллаган, тил биладиган ёшлар керак бўлади.
   Мен ҳам жамиятнинг бир фаол ёши ва мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган инсон сифатида ушбу йил охирига бориб, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш йўлида изланиб, ўзим истиқомат қилаётган туман бюджетига сезиларли равишда ўз ҳиссамни қўшишга, ўзим тенги тадбиркорлар сафини кенгайтиришга ўз билимим ва изланишларимни ишга солиб, дадил киришаман, - деган ниятдаман.

Шахзод НУЪМОНОВ,
"Адолат" СДП Наманган вилоят фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+