Маънавий нур билан халқимизга хизмат қилайлик

03.01.2024 11:01:19

Муносабат

Маънавий нур билан халқимизга хизмат қилайлик

2024 йил мамлакатимизда "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили" деб эълон қилинди. Дарҳақиқат, бугун ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз бошчилигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўз ўринларини топиб олишлари учун барча шароитларни яратишга алоҳида эътибор берилаяпти.
Айни кунларда Президентимизнинг республика маънавият ва маърифат кенгашидаги маърузалари кенг жамоатчилик томонидан ўқиб ўрганилаяпти. Тўғриси, маърузада маънавият, маърифат, маданият ва санъат аҳлини ўйлантириб келаётган жуда кўп муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Уларни бартараф этиш юзасидан йўл-йўриқ кўрсатмалар берилди. Давлат томонидан зарур маблағлар ажратиладиган бўлди.
Шу билан биргаликда Президентимиз ота-боболаримизнинг бой маънавий меросини ўсиб келаётган ёш авлодга етказиш юзасидан ҳам ўз фикрларини билдирдилар.
Президентимиз музейлар фаолиятини янги босқичга кўтариш бўйича режаларни маълум қилдилар. Бу борада етти йиллик алоҳида дастур қабул қилиниши айни муддаодир. Ҳозир республикамиздаги музейларнинг 238 таси реставрация қилинди. Президентимиз топшириқларига асосан, Бухорода маърифатпарвар жадидлар тарихий музейи ташкил этилади. Мавжуд экспонатларни сақлаш ва муҳофаза қилиш бўйича барча музейлар замонавий ускуналар билан жиҳозланади ва энг ноёб экспонатлар маркировка қилинади. Шунингдек, республикамиздаги музейлар капитал таъмирланади.
Айни пайтда вилоятимизда Шаҳрисабз давлат музейи қўриқхонаси таркибида А. Темур ва Темурийлар моддий маданияти музейи, мақом музейи, Қашқадарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи, Қарши давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи ( Одина мажмуасида) Абу Муйин Ан Насафий зиёратгоҳи қошидаги насафийлар музейи, 20 дан ортиқ турли ташкилотлар музейлари фаолият олиб бормоқда. Шулар орасида 2018 йилда ташкил топган Ватанпарварлар боғидаги музей иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва жасоратларини акс эттирувчи экспонатларга тўла. Бироқ, ташкиллаштирилган ( блиндаж) мум ҳайкаллари музейи кўргазмаси иншооти таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. У халқаро музей талабларига жавоб берадиган даражада мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган. Кўриниши қадимги насаф иншоотлари архитектураси мисолида қурилган. Шу муносабат билан ватанпарварлар боғидаги музей ишларини якунлаб, у ерда ватанимиз тарихини акс эттирадиган кўргазмага замонавий тус бериб, хорижий технологиялардан фойдаланган ҳолатда янги кўргазма музейи ташкил этилса, вилоятимизга четдан келадиган ва маҳаллий сайёҳлар оқими анча кўпаяди. Бу билан вилоятимизнинг туризм салоҳияти янада ошади.. Ўз навбатида бу хайрли ишга музейшунос мутахассислар жалб қилинса мақсадга мувофиқ бўларди.
Президентимиз яқин кунларда ўтган аср бошларидаги ижтимоий-сиёсий, маърифий ҳаракат вакиллари — жадидлар меросини ўрганиш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида топшириқлар бердилар.
“Маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиий”, — дедилар ҳурматли Президентимиз .- “Бу кимгадир ёқадими ёки йўқми, халқимиз жадид боболаримиз кўрсатиб берган йўлдан оғишмай бориши керак. Чунки, уларнинг ғоя ва дастурлари янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир”.
Президентимиз ташаббуслари ва бевосита кўмаклари билан жадидлар асарларини кенг ўрганиш мақсадида республикамизда янги газета ташкил этилади. Бухорода янги тарихий жадидлар музейи очилади. Театр иши ривожланади. Жуда яхши драматик асарлар ёзадиган ижодкорлар 50 миллион сўмдан рағбатлантирилади.
Президентимиз топшириқларига асосан 238 та музей реставрация қилинади.
Умуман олганда, кириб келган янги йилдан умидимиз катта. Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида маънавият ва маърифат, маданият, санъат, китобхонлик маданияти ривожланади. Халқимиз юксак ахлоқий маънавий тафаккур билан янги Ўзбекистонни барпо этади.

Улуғбек Аширов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
фаоли, Қашқадарё вилояти
“Қатағон қурбонлари хотираси”
музейи илмий ходими.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+