Маънавият ва маърифатни улуғлаган юрт

24.01.2024 14:01:08

   Маълумки, ҳар қандай буюк ўзгаришлар ва янгиланишлар инсон омили воситасида рўёбга чиқади. Албатта, жамиятдаги ривожланиш халқнинг изланувчанлиги, салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ. Шуни унутмаслик керакки, фуқаролар тафаккурида ўзгариш содир бўлмагунча, жамият ҳам ўзгармайди. Шунингдек, жамиятда одамларнинг онги юксалмагунча давлат тараққий этмайди. Кенг тафаккур ва чуқур билим ҳамда дунёқарашга эга, ўз ишига креатив ёндашадиган, ҳар томонлама масъулиятни чуқур ҳис қиладиган, замон билан доимо ҳамқадам элгина давлатимиз раҳбари илгари сурган Янги Ўзбекистон пойдеворини яратиши мумкин. Мана шу улуғвор ишда маънавият фидойиларининг алоҳида ўрни бор.


   Давлат бошқаруви академияси Қарши ҳудудий филиали тадбиргоҳида “Маънавият ва маърифатни улуғлаган юрт” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан уюштирилган тадбирда депутатлар, партия фаоллари, академиянинг ҳудудий филиали профессор ўқитувчилари, тингловчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Президентимизнинг ўтган йил 22 декабрдаги республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги маърузаси мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган тадбирни партия вилоят Кенгаши раиси Руиддин Раупов очди.
- Биргина ўтган йили ижтимоий соҳага энг кўп - 134 триллион сўм маблағ ажратилган, - деди Руиддин Раупов. - Бу 2016 йилга нисбатан солиштирганда қарийб 5,6 баробар кўп . Ҳар йили соҳага ажратилаётган маблағ кенгайиб бораяпти. Халқимизнинг маънавиятини юксалтириш учун барча чора тадбирлар кўрилаётир. Жадид боболаримизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва тадқиқ этиш учун пойтахтимизда “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусида жаҳон илм-фан ва маданий жамоатчилиги иштирокида конференция бўлиб ўтди. Бу хайрли ишларни янада кенгайтириш ва янги босқичга кўтариш мақсадида келгусида Президентимиз қарори қабул қилинади. Шубҳасиз, маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз барпо этаётган қонун устуворлиги таъминланган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.

  Тадбир иштирокчилари академиянинг ҳудудий филиали бошқарув маҳорати кафедраси ўқитувчиси - Дилафруз Ёвқочдиеванинг “Маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилади”, шу кафедранинг катта ўқитувчиси - Дилафруз Шониёзованинг “ Юртимизда кино, санъат ва адабиёт соҳасида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар”, Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши бош мутахассиси - Дилрабо Чориеванинг “Халқаро майдонда ўзбек маданий дипломатиясини ривожлантириш, бой маданий меросимизни халқимизга ва хорижий сайёҳларга кенг таништириш ишларини янги босқичга кўтариш” мавзусидаги маърузаларини ҳам тингладилар.
   Қизғин баҳс-мунозара асосида ўтган тадбирда партия фаоллари ва мутахассислар маънавиятнинг асосий нуқталари бўлган маданият, санъат, адабиёт, театр, музейлар, кутубхона, кино соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича тўхталдилар. Партия фаоллари янги сайловолди дастурида халқимиз ҳуқуқий онг ва маданиятини, маънавиятини янада юксалтириш юзасидан устувор вазифалар ҳам белгиланганини алоҳида тушунтириб ўтдилар. Шуниси эътиборлики, тингловчилар партия сайловолди дастурида фуқаролар маънавиятини янги босқичга кўтариш учун ўзларининг бир қатор таклифларини ҳам билдирдилар.

Жасурбек Эштемиров,
Давлат бошқаруви академияси Қарши ҳудудий филиали директори.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+