Маънавиятда танаффус бўлмайди

22.01.2021 15:01:42

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 19 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши янги Ўзбекистонда маънавиятга бўлган муносабат ҳам янгича кўринишда бўлишини исботлаб берди. Нега халқимиз бир майизни қирқ бўлиб еган деб ўйлайсиз? Бу ночорликданми, ожизлик ёки қўрқоқликданми? Йўқ, бунинг отини маънавий бирлашув дейилади.Халқнинг маънавий бирлашуви эса мағлуб бўлмас жамиятни барпо этади.

Маънавиятга бўлган эътибор буюк бобокалонларимиз амалга оширган эзгу ишларнинг мантиқий давомидир. Бу ўнг қўлим иқтисодиёт бўлса, чап қўлим маънавият деганидир. Ёҳуд ўнг кўзим маънавият бўлса чап кўзим иқтисод деганидир. Инсон танаси учун озиқ-овқат, сув ва ҳаво қанчалар муҳим бўлса, унинг ақли, онги, тафаккури учун ягона озуқа маънавият ҳисобланади.

Президент маънавият соҳасида янгича ташаббусларни илгари сурди. Бу ўзгариш маънавий-маърифий ишларни давлатимиз сиёсатида янада юксак ўринга кўтаради. Дарҳақиқат, бугуннинг ўзи маънавиятимизни асраш масаласида хушёрлик ва огоҳликни талаб қилаётгани ҳам сир эмас. Шу боисдан, “Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият” деб бежиз айтмадилар.

Янги Ўзбекистонни барпо этишда барча соҳаларда янгича ташаббуслар илгари сурилмоқда. Маънавият соҳасидаги бу ўзгаришлар ушбу ташаббусларга қанот бўлиши шубҳасиз. Бутун дунёда ғоялар кураши, ахборотлар ҳуружи, рақобат ва мафкуралар олишуви кузатилмоқда. Глобаллашув жараёнларида миллий қадриятларни асрамоқ, миллий маънавиятимиз барҳаётлигини таъминламоқ энг муҳим вазифадир.

Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар ортиб бораётган бугунги шиддатли замонда фақат қорнини тўқлаш фикрида юрганлар адашадилар. Одамларнинг бошқа жонзодлардан фарқи шундаки уларнинг ташвиши фақат қорин тўқлашгина эмас. Инсон моддий неъматлар билан бирга маънавий озуқага ҳам эҳтиёж сезади. У бугунги куни билан яшамайди. У эртасини ҳам ўйлайди. Давлатимиз раҳбари бежиз лоқайдлик ва бепарволик энг катта хавф эканини таъкдламадилар.

Энди маънавият тизимида танаффус бўлмайди. Буни ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, масъулиятни зиммамизга ола билишимиз шарт. Президентимизнинг барча соҳаларни кўздан қочирмаслиги, унинг ич-ичига кириши, ривожланиш йўлидаги энг кичик муаммо ва тўсиқларгача илғай олиши бизга наъмуна ва ўрнак бўлмоғи лозим.

Мақсадимиз давлатимиз раҳбари бошлаб берган учинчи ренесанснинг асосий қанотини мустаҳкамлашдир. Бу йўлда барча зиёлиларимизга, фидокорларимизга суянамиз. Аждодларга муносиблик йўлида илдам қадам ташлаймиз. Зеро руҳиятни озиқлантириш ҳам савоб аммалардан биридир. Бу фақат инсон қалбини эмас, бутун бир мамлакатни, бутун бир миллатни ҳимоялаш деганидир.

Муроджон ҒОФУРОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Андижон вилоят бўлими раҳбари,

партия фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+