Мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари тингланди

25.09.2020 15:09:52

Хоразм вилоят Бандлик бош бошқармасида Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи  ва  партиянинг Хоразм вилоят кенгаши томонидан  “Мансабдор шахслар эшитуви”  мавзусида йиғилиш карантин қоидалари асосида ташкил этилди.

Унда Халқ таълими вилоят бошқармаси, Мактабгача таълим Хоразм вилоят бошқармаси, вилоят  Бандлик бош бошқармаси вакиллари, партия вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари, фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишдан кўзланган мақсад мамлакатимизда таълим тизимида олиб борилаётган  ислоҳотлар,  соҳага қўйилган талаблар,  келажак  бунёдкорлари бўлган  ёшлар учун  янги таълим босқичининг аҳамияти ва натижалари, шунингдек, мактабгача таълим сифатини оширишда, аҳоли бандлигини таъминлаш ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, айниқса пандемия даврида соҳалар фаолиятидаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш борасида депутатлик гуруҳлари томонидан амалий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлди.

“Халқ таълими соҳасини янги босқичга олиб чиқишда олиб борилаётган чора-тадбирлар, вилоятимиздаги  умум ўрта таълим мактабларидаги ҳолатлар, 2020-2021 ўқув йили учун хавфсизлик масалалари  бўйича тайёргарлик ва бу борадаги мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари тўғрисида” Халқ таълими Хоразм вилоят бошқармаси  бошлиғи ўринбосари  Яхёбек Мадрахимовнинг, “Мактабгача таълим муассасаларида олиб бораётган ислоҳотлар, муассасаларнинг пандемия давридаги ҳолатлари”  юзасидан вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари  Ибратбек Қурбоновнинг, “Мамлакатимизда карантин шароитида иш тизимини ташкил этиш, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича  олиб борилаётган ишлар” юзасидан вилоят Бандлик бош бошқармаси инспектори Хулкар Ражабованинг   ҳисоботи тингланди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан  таълим муассасаларида карантин талабларига тўла риоя этиш,  ўқитувчи ва ўқувчиларнинг  коронавирус  касаллигига чалинишнинг олдини олишга оид  бир қатор  таклифлар ўртага ташланди ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Йиғилиш сўнгида иштирокчилар қизиққан саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоблар берилди ва кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

                                                                                                               Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                       Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                                Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+