Мақсадлар кўпайгани сайин масъулият ҳам катталашади

05.11.2019 16:11:27

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг IX Қурултойида делегатлар муҳокамалари билан “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони” деб номланган сайловолди дастурининг асосий қоидалари кўриб чиқилди ва тасдиқланди.

Қурултойда барчамиз партиямизнинг сайловолди дастури, унда акс этган муҳим жиҳатлар билан танишдик. Мени қувонтирган томони шундаки, мазкур дастур 2015-2019 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурига нисбатан сезиларли даражада мукаммаллик ва халқчиллик касб этган. Бир сўз билан айтганда янгиланаётган Ўзбекистонда инсон манфаатларини янгича босқичда ҳимоя қилиш, ҳар бир инсон ҳаётида адолат тантана қилишига йўл очувчи мазкур дастур юртимизнинг бу йилги сайловда юқори натижаларни қўлга киритишига замин яратади.

Сир эмас, қаердаки қонун устувор, адолат барқарор бўлса, ўша жойда ҳар жиҳатдан юксалиш ва ривожланиш кўзга ташланаверади. Нега деганда, бугунидан кўнгли тўқ, эртанги кунига ишончи мустаҳкам бўлган одамгина ўз олдига эзгу мақсадлар қўяди ва ана шу мақсадлари сари дадил қадамлар билан ҳаракат қилади. Шу билан жамият равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Шундай экан, партиямиз дастурида акс этган суд-ҳуқуқ соҳасида 5 йилликда амалга оширилиши кўзда тутилган ғояларнинг юртимиз тараққиёти, эл-юрт тақдирида ўрни муҳим, деб ўйлайман.

Биргина мисол. Суд жараёнларида адвокатура ва прокуратура ҳуқуқларини тенглигини таъминланиши тизимда юз бериши мумкин бўлган қанчадан қанча адолатсизликларга чек қўйиб, норозиликларга барҳам беради.

Муҳтарам Президентимиз “агар биз одамларнинг тинчлиги ва соғлигини кафолатласак, ана шундагина одамлар биздан рози бўлади”, деб бежиз айтмаганлар.

Дунё шиддат билан ривожланмоқда. Ушбу жараёнда муносиб ўринга эга бўлиш, ўз ўрнини сақлаб қолиш катта масъулият. Партиямизнинг “ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш, аҳолини хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлаш сингари соҳага оид қатор ғоялари мамлакатимиз тиббиётида улкан бурилиш ясашига шубҳа йўқ. Масалан, партиямиздан сайланган депутатлар саъй-ҳаракатлари эвазига Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон тумани ҳамда Термиз шаҳрида “ақлли тиббиёт”га асосланган намунавий муассасалар бунёд этилмоқда.  

Умумий қабул квоталарини белгилаш тажрибасидан воз кечишни асосий вазифалардан этиб белгиланганлиги фақатгина дипломли эмас, меҳнат бозорида рақобатбардош бўлган, замонавий билимларни пухта эгаллаган кадрлар тайёрлаш имконини яратади.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш керакки, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастуридан нафақат чуқур ўйланган ислоҳотларни талаб қилувчи ғоялар, балки мамлакатимизнинг маънавий қиёфасини юксалтиришга хизмат қилувчи вазифалар ҳам ўрин олган.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан ҳам ўтган давр мобайнида партиянинг “Мактабда ижтимоий тенглик” лойиҳаси доирасида  вилоятдаги мавжуд 921 та умумтаълим мактабларидан  521 таси ўрганилди. Аниқланган муаммолар юзасидан Термиз, Олтинсой, Жарқўрғон, Узун туманлари ва Термиз шаҳар Кенгашлари депутатлик гуруҳлари томонидан сессияга масала киритилган. “Мактабгача таълим - кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида эса 306 та МТМ ўрганилиб, муаммолар вилоят Кенгаши, Жарқўрғон, Олтинсой, Денов, Термиз, Ангор, Сариосиё туман Кенгашлари сессияси ҳамда доимий комиссиялар кун тартибида кўриб чиқилди. Шу жараёнда партиямиз томонидан Термиз туманида 6 та, Музработ туманида 3 та, Термиз шаҳрида 1 та шахмат-шашка майдонлари ташкил этилди. “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси ижроси йўлида аҳолининг кенг қатламига кўрсата оладиган тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида 7 та, шаҳар ва туман Кенгашларига масала киритилиб, мавжуд кўплаб муаммоларни бартараф этишга эришилди.

Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида “Адолат билимдони”, “Адолатли қайнона”, “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловларининг шаҳар, туман ва вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди. Бу каби вилоят партия ташкилоти томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоби ўлароқ, партиямизнинг 2020-2025 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда мазкур дастур ижроси йўлида бор куч ва имкониятларимизни ишга соламиз. Халқимизнинг фаровонлиги йўлида тинмай ва астойдил фаолият олиб борсак, мамлакатимизда изчил олиб борилаётган ислоҳотларга камарбаста бўлиб, ўз ҳиссамизни кўшсак, эртамиз бугунимизданда гўзал ва фаровон бўлиши муқаррар.

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+