Меҳр-саховат улашаётганлар

05.12.2022 11:12:28

Халқимиз азалдан болажон ҳисобланади. Кичкинтойларни авайлаб ўстиради, уларнинг хасталикка учрашига йўл қўймасликка интилади. Аммо ҳаётда инсон чорасиз қоладиган ҳолатлар ҳам рўй беради. Шунда кўпчилик бўлиб фарзандларни дарддан фориғ этишга отланади. Бу борада жонини ҳам аямайди.

Шунинг учунми, партиямиз ташаббуси билан ташкил этилаётган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» акцияси кенг жамоатчиликнинг эътирофини қозонди. Беғараз донорлик ҳаракатида қатнашаётганлар сони тобора кўпаймоқда. Наманганда акциянинг дастлабки икки соатдаёқ ўттиздан ортиқ киши иштирок этди. Улар орасида турли касб эгаларини, катта-кичик ёшдаги инсонларни учратиш мумкин эди. Албатта, «Адолат» СДП фаоллари биринчи навбатда намуна кўрсатишди.

Аҳмадхон Ботиров Косонсой туманидаги «Истиқлол» маҳалласида яшайди. У беғараз донорлик акцияси ҳақида ижтимоий тармоқлардаги эълондан билиб қолди. Кўзланган мақсаднинг хайрли эканлигини англагач, унда қатнашишга қарор берди. Фикрини турмуш ўртоғи Наргизахон билан ўртоқлашган эди, у ҳам беғараз қон топширишни ихтиёр этганини айтди. Шу тариқа икковлон эрта тонгдаёқ Наманганга йўл олишди.

– Вилоят қон қуйиш марказида бизни партия фаоллари ва тиббиёт ходимлари кутиб олишди, - дейди А. Ботиров. – Донорлар учун ҳамма шароитлар яратилгани барчани хурсанд қилди. Тезда тегишли миқдордаги қонни топшириб, хайрли ишга ўз ҳиссамизни қўшдик. Бундан ўзимиз ниҳоятда катта қониқиш ҳосил қилдик.

Юқорида айтганимиздай, эзгу ниятда қон қуйиш марказига келганлар ҳар қачонгидан кўп бўлди. Акцияда иштирок этган «Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев ички ишлар ва Миллий гвардия бошқармаларига алоҳида миннатдорчилик билдирди. Чунки ҳуқуқ-тартибот посбонлари бу сафар ҳам фаол донорлар сафидан жой олишди.

Диққатга сазовор томони шундаки, вилоят қон қуйиш маркази ходимлари беғараз донорлар кўпайиб кетганидан 3 декабрда ҳам акцияни давом эттирадиган бўлдилар. Бу эса партиямиз ташаббусини қўллаб-қувватлаб, меҳр-саховат улашаётганлар сафи кенглигидан далолатдир.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши Матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+