Менда таклиф бор: Бозорларни ортопедик пойабзал билан тўлдириш зарур

11.09.2019 14:09:05

Фарзанд - кўзимизнинг оқу қораси, оила қувончи, жамият таянчи. Уларнинг ҳар жиҳатдан соғлом, баркамол бўлиб вояга етиши, билимли ва иродали бўлиб улғайиши нафақат ота-онанинг, балки давлатимиз сиёсатининг энг эзгу мақсадидир.

Фарзанди нафақат соғлом, балки қадди-қомати расо бўлиб улғайишини ҳар бир ота-она чин дилдан истайди. Қоматнинг шаклланишида эса оёқ кафтининг тузилиши, бир текисда ривожланиши катта аҳамиятга эга. Шифокорлар ясситовон учун бажариладиган машқлар билан бир қаторда махсус цехларда ишлаб чиқарилган ортопедик тагликли пойабзал кийдиришни тавсия қилишади. Махсус пойабзал чарм матодан тайёрланиб, яссиоёқликни даволаш билан бирга оёқда юзага келадиган касалликларнинг олдини олади.  Аммо нархи қиммат, ҳамёнбоп эмаслиги кишини ўйлантиради.  Сифатсиз, арзон пойабзалларнинг эса бозори чаққон.  Шунинг учун 11 ёшгача бўлган болалар тўғри, сифатли оёқ кийим киймаслиги оқибатида яссиоёқлик вужудга келмоқда.  Шу ўринда менинг таклифим бор.

Оёқ кийимлар ишлаб чиқарадиган фабрикаларнинг барчасини  сифатли ортопедик оёқ кийим ишлаб чиқаришга мослаштириш зарур.  Нархини ҳам арзонлаштириш  керак, деб ўйлайман. Ахир соғлом бола тарбиясига панжа ортидан қараш ярамайди. Келажагимиз ворисларининг ҳар жиҳатдан тўла-тўкис,  баркамол вояга етишига  барчамиз масъулмиз. 

Фахриддин ОРИФХОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси ўринбосари

           

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+