Миллат келажагининг яратувчиси муаллимдир

06.01.2021 20:01:36

Шиддат билан одимлаётган замон, бугун таълим соҳасида ҳам янги давр, янги босқичга кўтарилишни тақазо этмоқда. Айниқса, яқин кунлардан буён ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларидагина эмас, тўрт киши бош қўшган кичик давраларда ҳам ўқитувчининг обрўси, таьлим-тарбия соҳасидаги беқиёс ўрни маънавий ҳаётимиздаги таърифига тил лол қоладиган буюк воқеалар сабабчиси сифатида тилга олинаётгани қувонарли, албатта. Ўқитувчининг шаъни, маънавий ҳаётдаги ўрни ҳақида сўз кетар экан, бевосита унинг билим ва тажрибаси ҳақида ҳар ким ўз фикрини билдиришга чоғланади.

Давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси билан танишган инсон борки, соҳадаги янги бурилиш ясалаётганлигига ишонч ҳосил қилади.

Аввало соҳани ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва уларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари белгилаб берилганлиги эътиборли.

Энг аввало ўқитувчи малакасини ошириш унинг билим ва кўникмалаларидан амалиётда - дарс, амалий машғулот жараёнида кенг фойдаланиш лозимлиги бош вазифа сифатида белгиланди.

Таълим шундай жараёнки, унинг самарасидан сиз ва биз кутган муддатда баҳраманд бўлиши имконияти ҳамиша ҳам яратилавермайди. Юқоридаги фармон лойиҳасида кейинги ўн йил мобайнида соҳа ҳамда соҳа ходимлари олдида турган муҳим вазифалар белгиландики, беихтиёр ўқитувчининг йўлига ҳам қуёш чиқадиган кун келар экан, дея кўнгилни шод этгинг келади!

Президентимиз Ш.Мирзиёев “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” дея барчамизни таълим ва тарбия учун жавобгарликка, масъулликка чақирганлиги бежиз эмас. Зеро, таълим ва тарбия уйғунлиги асосида ўтмишимизни эъзозлайдиган, бугунимизнинг қадрига етадиган, буюк аждодларимизнинг муносб ворислари, келажагимизнинг эгалари бўладиган авлод мактаб деб аталмиш қутлуғ масканда вояга етмоқда.

Уларнинг катта ҳаёт дарсларига қай ҳолатда бўлиши, камол топиши, турли жабҳаларида жавлон уриши, Ватанимизнинг ҳақиқий эгалари сифатида ўз билим ва салоҳиятларини намоён этишлари, айни дамдаги амалий ишларимизга боғлиқ. Бу ишларнинг мазмун ва моҳияти мамлакатимиз раҳбари томонидан  белгилаб берилди.

Таълим соҳасида фаолият юритаётган бир мутахассис сифатида бугунги иқтидорли, салоҳиятли ёшларни кўриб завққа тўламан. Энг муҳими уларга таълим-тарбия бераётган устоз, мураббийларнинг, ўқитувчиларнинг қадри кўтарилаётганлиги, машаққатли меҳнатларига муносиб баҳо берилаётганлиги таҳсинга сазовордир. Зеро, эътибор ва рағбат фаоллика ундовчи кучдир.

 

 Насиба МАМАДИЯРОВА,

Халқ депутатлари Булунғур туман

Кенгаши депутати

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+