Миллат қиёфасининг кўзгуси

14.10.2020 16:10:09

Тил ҳар бир инсоннинг қайси миллатга мансублигини кўрсатувчи асосий омилдир. Кишиларнинг билими ва тил бойлиги унинг фасоҳат билан сўзлашига, нутқида халқ мақоллари ва ибораларидан, доноларнинг ҳикматли сўзлари ва шеърий парчалардан, киноя ва қочирмаларидан нақадар усталик билан фойдаланишига қараб белгиланади. Бир мавзуда нутқ ирода этиш, амри маъруф қилиш билан маҳмаданаликнинг орасида катта фарқ бор.

   Шунинг учун Юсуф Хос Ҳожиб:

   Ҳамма сўзни сўз деб гапирма узоқ,

   Керак сўзни сўзла бўлиб кўз-қулоқ,

   Ақллини кўрдим, у оз сўзлади,

   Жуда кўп сўзладим деб, ўкинди бироқ,

     деб битади.

Глобаллашув жараёнининг энг катта хавфи у энг аввал тилга йўналган бўлади. Бундай вазиятда ўз она тили тақдирига бефарқ бўлган, уни асрай олмаган халқ миллат сифатида ўзлигини йўқотиши ҳеч гап эмас. Чет тилларини ўрганишга бўлган эътибор ортиб бораётгани сайин она тилимизни асраш масаласига суст ёндаша бошладик. Ҳатто айрим ёш оилаларда ота-оналар фарзандлари билан русча, инглизча мулоқот қилаётганларига гувоҳ бўляпмиз.  Шундай кишилар борки, бошқа тилни билишини намойиш этиш учун гапларида ўша тилга мансуб сўзларни қўшиб ишлатаверишади.

Кейинги йилларда она тилимиз равнақи учун қилинаётган эзгу ишлар кишини қувонтиради. Тил байрами муносабати билан жойларда турли тадбирлар, адабий кечалар ўтказиляпти. Кўрик-танловлар ташкил этилиб, фаол иштирокчилар рағбатлантириляпти. Лекин,  шаҳар ва қишлоқларда йўл четида турли панно, реклама ва афишалардаги сўзлардаги хатоликларга ҳам бирмунча эътибор берилса, тилимиз обрўйи юқорилаган бўлар эди.

Агар шаҳарлар кўчаларини кезсак, “Вавилон”, “Стар+”, “Лове”, “Кармен”, “Андалус”, “Лилия” ва бошқа ажнабий номларга кўплаб дуч келамиз, Биргина Термиз шаҳри мисолида қарайдиган бўлсак, ҳатто қадимги юнонларнинг май ва айш-ишрат худоси номига қўйилган ресторан ҳам бор. Уларнинг соҳиблари эса ўзбеклар. Менимча, тадбиркорлар европача ном қўйилса, мижозлар кўпаяди, деган фикрда шундай номларни танлашган бўлса керак. Аммо чиройли дилтортар ўзбекча номлар ҳам бор-ку!? Ҳамма гап  масалага қай тарзда ёндашишда.  

Ютуқларимиз кўп, аммо мамлакатимизнинг катта шаҳарларидан тортиб чекка ҳудудларигача бўлган жойлардаги хизмат кўрсатиш шаҳобчалари тепасидаги инглизча ёзувлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетаётгани сизга эриш туюлмаяптими?

Бу борада баҳамжиҳат бўлиб, қўлни қўлга бериб ишласак, тил, имло бўйича амалдаги қонун-қоидалар ижросига масъулият билан қарасак, она тилимиз янада ривожланади, дунёдаги энг буюк тиллардан бирига айланади.

Тил ҳақида ёниб ёзмайлик, тилга эътиборлироқ бўлмасак, кўзлаган мақсад-муддаога эришиш мушкул. Баъзан, расмий мажлисларда нутқ сўзлай туриб, беихтиёр, «уже», «даже», «оптимал», «очередь» каби оддий сўзларнинг таржимасини топа олмай, талмовсираб қолишдан, бироз бўлса-да, уялишимиз бор гап. Ахир, она тилимиз – фақат ва фақат ўзимизнинг миллий бойлигимиз-ку! Наҳотки, ўз хазинамизга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш қўлимиздан келмайди?!

Ижтимоий тармоқдаги ва бошқа алоқа воситаларидаги ёзишмаларнинг эса ҳоли хароб. Ҳатто ҳарфлар ўрнига белгилар, сонлардан фойдаланишмоқда. Бу кетишда мумтоз адабиётнику қўйиб туринг, лоақал ўтган аср алломалари Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Авлоний, Беҳбудий асарларини ҳам тушуна олмай қолишимиз ҳеч гап эмас. Тилни асраш борасида-ку ҳаракат суст экан, миллат адабиёти ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бугунги чаласавод ёшлар кейинги авлодларга ўзидан нима қолдиради?

Муаммонинг ечимини топиш учун  чуқурроқ мулоҳаза қилишимиз керак. Тил муаммолари бўйича конференциялар, тадбирлар ўтказилиши  керак. Чунки, аввало, ёшларнинг қалбини уйғотишимиз, муаммо нимада эканини  кўрсата олишимиз зарур. Бу ишлар қуруқ гаплар билан эмас, амалда бажариш учун аниқ ҳаракатларда намоён бўлади.

 

Назокат ХИДИРОВА,

Халқ депутатлари Термиз шаҳар

Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+