Муаммолар депутат иштирокида ечим топмоқда

08.01.2024 12:01:32

Айни кунларда маҳаллий кенгаш депутатлари халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топиш мақсадида ўз сайлов округларида аҳоли билан мулоқотлар ўтказмоқда. Зеро, халқ билан мулоқотларда ҳақиқат юзага чиқади, ечим топиш ҳаракатлари бошланади.

Халқ билан яқиндан мулоқотда бўлмасдан, одамлар ичига кирмасдан туриб, жойларда кечаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларга, мавжуд муаммоларга, кенг жамоатчилик ўй-фикрларига баҳо бериб бўлмайди.


Халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгаши депутати Ўрол Шерхонов ҳам сайловчилар ишончини оқлаб келаётган депутатлардан бири. У сайловчилар кўтарган масалаларни ижобий ҳал этишга астойдил ҳаракат қилади. У ҳар бир мурожаатни жойига чиқиб ўрганади, уни бартараф этиш чораларини кўради.


Хусусан, депутат партиянинг “Муаммо билан юзма юз” лойиҳаси доирасида Шўрчи туманидаги “Тўла” МФЙда бўлиб, ҳар бир фуқаронинг муаммосини эшитди.


 Халқ вакили маҳалла фаоллари билан биргаликда халқ билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, уларни ўйлантираётган масалалар билан қизиқди.


Мулоқотлар асносида депутат кўмаги билан шу маҳаллада яшовчи М. Эгамбердиевага соғлигини тиклаш учун туман тиббиёт бирлашмасига ордер олишида кўмаклашилди.
Худди шундай мазмундаги мурожаат эгаси С. Валиев ҳам кўз касаллиги борлиги сабаб 5 ёшидан даволаниб келаётганлигини ва айни вақтларда аҳволи оғирлашган бўлсада, даволаниш учун имконияти йўқлигини айтиб, депутатга мурожаат қилди. Депутатимиз ушбу мурожаатни ҳам очиқ қолдирмасдан, ўз ижобий ечимини топишга кўмаклашди. Яъни С. Валиевга ҳам вилоят кўз касалликлар шифохонасида бепул даволаниши учун ордер олишда амалий ёрдам кўрсатилди.


Шунингдек, ишсиз хотин-қизлар муаммолари тингланди. Сўнгра, маҳалладаги эҳтиёжманд хонадонларга бориб, кам таъминланган беморларнинг яшаш шароитлари ўрганилиб чиқилди. Бугунги кунда маҳаллада учта хонадон ҳақиқатдан ҳам бир марталик “Саховат ва кўмак” ёрдамига муҳтож эканлиги аниқланди ва ҳужжатлар расмийлаштириб олиниб, юқори ташкилот мутасаддиларига илова қилинди.


Шу куни халқ вакили туманда фаолият юритаётган бир қатор савдо нуқталарида ҳам бўлиб, тадбиркорлар билан мулоқотда бўлди. Уларга соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, тадбиркорларга берилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумотлар берди.


Шунингдек, депутат ишсиз юрган ёшлар, хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун зарур тавсиялар берди.
Мулоқотлар чоғида ҳеч бир фуқаронинг мурожаати эътибордан четда қолмади. Депутат аҳоли томонидан турли соҳаларга оид кўтарилган барча мурожаатларни ижобий ҳал этишга ҳаракат қилишини айтди. 
Халқ вакилининг сайловчилар билан учрашуви давом этмоқда.

Гулшод Турсоатова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+