Мурожаат ортида ишонч ва умид бор

08.09.2020 14:09:50

Мамлакатимизда кейинги йилларда олиб борилаётган янгиланиш ва демократлаштириш ислоҳотлари барча қатлам вакилларидан ушбу жараёнда бевосита иштирок этган ҳолда жамият ҳаётида амалга оширилаётган ишларда масъуллик ва фаолликни тақозо этмоқда. Мазкур жараёнда сиёсий партиялар, нодавлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бир қаторда давлат вакиллик органлари, хусусан депутатлар масъуллиги ва муносабатининг олиб борилаётган ислоҳотларга таянч бўла оладиган даражага кўтариш, улар фаолияти негизида жамоатчилик назоратини ошириш орқали халқ фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш кераклиги бугунги куннинг зарур талабларидан бири бўлиб қолмоқда.

Жорий йилнинг 22 апрель куни давлатимиз раҳбари раислигида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишини олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида карантин чекловлари сабабли вақтинча ишсиз қолган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш юзасидан аниқ, манзилли топшириқлар берилди. Белгиланган вазифалар депутатлар қаршисига ҳам катта масъулият юклади.        

Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати Санжар Курбановга Навоий кон металлургия комбинати собиқ ишчиси Д. Бозоров ўзини ишдан асоссиз бўшатилганлиги сабабли ёрдам сўраб меҳнат муносабатлари тикланиши бўйича мурожаат йўллаган. Ушбу ариза юзасидан НКМК Касаба уюшмалари Кенгаши раиси И.Рахматовга, Навоий вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ш.Баҳроновга депутатлик сўрови юборилди. Натижа депутат кутганидек бўлмади. НКМК Касаба уюшмаси депутат сўраганларининг ярмига ҳам жавоб бермади. Хулоса қилиш мумкинки, битта сўроқ билан иш ҳал бўлганда эди, депутатнинг мақоми эл орасида бир эмас, ўн чандон баланд бўларди, халқ ишончи йўқолмас эди.

Худди шу каби ҳолат “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти ишчиси Г.Саноқулованинг соғлиги ёмонлашгани сабабли енгил ишга ўтказиш бўйича қилган мурожатида ҳам ўз аксини топди. Натижа чўзилавергач депутат корхонага бориб у ердаги муҳит билан танишди, томонларни юзлаштириб мурожаатчи ва иш берувчи манффатлари ўрганилди. Ва ниҳоят, масала судга олиб чиқилди. Айни вақтда депутат сайловчи манфаатини судда ҳимоя қилишда давом этмоқда.

Фуқаро Г.Розиқованинг Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмасида ҳамшира бўлиб ишлайди. Иккинчи жаҳон уруши ветерани бўлган отахоннинг саломатлиги назорати унинг зиммасида. Бироқ яқинда отахон вафот этди. Энди унга иш керак. Турмуш ўртоғи эса 1-гуруҳ ногирони. Депутат сифатида тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмасидан, маҳалла жамоат фондидан моддий ёрдам маблағлари олишга эришди. 0.5 штат бирлигида сектор раҳбарининг кўмагида ишга қабул қилинди.

Пандемия даврида ижтимоий ёрдам сўраган Акбарали Пирназаров мурожаати орқали Навоий шаҳридаги “Ишонч” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаётган 50 та оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Пандемия шароитида аҳоли яшаш тарзини яхшилаш мақсадида депутат назорати ўтказилиб, “Ишонч” маҳалласидаги дорихона, озиқ-овқат дўкони кўздан кечирилди, кўчма дўкон, ун етказишдаги масалалар бўйича масъуллар билан юзлашиб вазият тартибга олинди.

– Депутат – қонун ижодкори бўлиш билан бирга, халқнинг ишончли вакили ҳамдир, – дейди С. Курбонов ўз фаолияти ҳақида фикр билдириб – Халқ манфаати ва ҳуқуқларини ҳимоя этувчи ғоя ва ташаббусларни илгари суриш билан бирга сайловчиларнинг ҳар бир мурожаатини ваколат даражасида ҳал этиш, уларнинг умид ва ишончини оқлаш асосий вазифамиздир. Зеро, давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам фуқароларининг фаровон, бахтли, саодатли ҳаёт кечириши, оилалар мустаҳкамлиги, келажак авлод камолоти учундир. Қолаверса, Оилавий можароларнинг олдини олиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, давлат ташкилотларининг ҳам бу борадаги масъуллиги оширилган. Унга кўра, республикамиз барча ҳудудларида ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан якка тартибда ишлаш йўлга қўйилди. Бундан кўзланган асосий мақсад жиддий ўйламасдан ажрашишга қарор қабул қилган оилалар билан профилактика ўтказиш ва уларнинг фарзандлари манфаатларини ҳимоя қилишдир. Бунинг самараси ўлароқ жорий йил давомида ажрашиш учун ариза топширган оилаларни жамоатчилик вакиллари томонидан яраштириш ишларида жонбозлик қилмоқда.

Навоий шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи”га ташриф буюрувчилар кўпинча тарбияланувчиларга совғага кийим-кечак, озиқ-овқатлар олиб келишади. 1 июнь муносабати билан болалар ҳолидан хабар олишга борган депутат ушбу анъанадан чекинган ҳолда халқаро ва миллий қонунчиликни ўқувчи ёшлар ўртасида тарғиб этиш мақсадида бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясига оид қўлланмалар олиб борди. Тарбияланувчиларга Конвенциясининг мазмун-моҳияти, бола ҳуқуқлари тўғрисида маълумотлар берилди. Дарҳақиқат, депутатнинг ўзи таъкидлаганидек, қонун тарғиботи болаликдан ўргатиб борилса, фарзандларимизда қонунга итоат ва ҳурмат, ҳуқуқий онг пойдевори шаклланиб боради.

Шаҳар – ўз номи билан шаҳар. Бу ерда ҳукм сурган жўшқин ҳаёт ортида бахтли ва нотинч оила ҳам, ижтимоий муҳтож, ёки тўкин ҳам, ўз ҳуқуқини яхши билган ёки ҳуқуқи бузилган ҳам эртасидан умид билан яшайди. Катта-кичик барчанинг бошини бирлаштириб, дардига малҳам бўлиш учун билим ва тажриба, омилкорлик зарур. Шу маънода жамоатчилик назоратининг йўлга қўйилгани, ички ишлар, маҳалла, депутат ва журналистлар ҳамкорлиги айни муддаодир.

Санжар Курбановга ўз ҳуқуқини тиклашини сўраб жорий йил январ ойида  70 ёшли Хазратов Салимжон ота 2012 йилдан буён парвариш қилган 300 дона дарахти кесилиб, тавон пулини ундирилмаётганлиги тўғрисида мурожаат қилган. Отахон Навоий шаҳридаги кўп қаватли уй ёнидаги хароба жойни эпақага келтириб боғ яратади. Шаҳарликлар учун соя-салқинга айланган, мевали-манзарали дарахтлар экилган бу ошённинг умри афсуски кўпга чўзилмади. Отахонга вақтинчалик фойдаланишга берилган бу ерга тадбиркор кўп қаватли уй тиклаш учун рухсат олиб иш бошлайди. Икки ўртада келиб чиққан можоро суд идоралари ва бошқа мутасаддилар аралашуви билан ҳам ечим топмади. Ёш депутат ҳар икки томонни юзлаштирди маҳалла оқсоқоллари, ҳокимлик ва бошқа мутасаддилар, журналистлар иштирокида масалага ечим топилди. Бу бўйича “Инсон ва қонун” газетасида “Ҳақини сўраганни ҳалқумидан олиш керакми?” сарлавҳали журналистик суриштирувга асосланган мақола ҳам ёритилди. Муҳими, инсон ҳуқуқи, манфаати тикланди.

Кишилик жамияти бор экан, албатта моддий-маънавий муаммоларга дуч келиниши табиий. Турли сабаблар билан депутатга мурожаат этаётган сайловчилар сонининг ортиб бораётани муаммолар кўплигини англатмайди. Аксинча, кишиларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва маданияти юксалаётганидан даракдир.

Ҳилола ИСМАТОВА,

журналист

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+