Мурожаатнома истиқболимиз учун ойдин йўлларни очиб беришига ишонаман

27.12.2022 07:12:26

Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномани йўллади. Таъкидлаш керакки, унда келтирилган ҳар бир йўналиш партия фаолияти билан боғлиқлиги аҳамиятлидир. Жумладан, партия ўз дастурий мақсад ва вазифаларида илгари сурилган фан ва таълим, ижтимоий йўналишларда бир қатор вазифалар илгари сурилдики, буни амалга оширишда партия фаоллари бўлган депутатлар ҳамда электоратининг ҳиссаси катта бўлиши лозим. Президентимиз томонидан ҳам ушбу масала Мурожаатнома давомида алоҳида қайд этилди. Зотан бугунги сиёсат олами вакиллари, халқ хизматчиси бўлган депутатлар, сенаторлар олдида улкан вазифалар турибди. Албатта, буларни бажаришда давлатимиз томонидан депутатларга катта имкониятлар яратилмоқда.

Мурожаатномада маҳалла ва оила институтини мустаҳкамлаш, маҳаллага эркин шароитлар яратиб бериш орқали маҳалланинг жамиятдаги ролини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Бундан буён давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасига туширилиши қайд этилди. 2023 йилда аҳоли томонидан таклиф берилган сув ва электроэнергия таъминоти, йўллар ҳамда мактаблар лойиҳалари учун 8 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши белгиланади. Ҳар бир маҳалла ўзининг кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлиши зарурлиги таъкидланди. Маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун «маҳалла бюджети» тизими жорий этилиши, бунинг учун 1 январдан бошлаб мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қолиши каби ишлар белгилангани эътирофга лойиқ. «Адолат» СДП дастуридан ўрин олган мақсад ва ғояларда ҳам маҳалла ва оилага катта эътибор қаратиш белгиланган. Айтиш керакки, бугунги кунда маҳалла алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, давлатнинг асосий бир ўзагига айланиб улгурди. Бу шароитда оилалар мустаҳкамлиги, тинчлиги ва фаровонлиги асосий ўрин тутади. Жойлардаги партия вакиллари томонидан аҳолига ижтимоий, иқтисодий, маънавий ёрдам кўрсатилишида жонбозлик кўрсатиб келинмоқда. Ушбу ишлар келажакда ҳам узвий равишда давом эттирилади. Зеро, маҳалла тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир.

Шунингдек, охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жойлар қурилди. Бу даврда қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5 миллион 300 мингга етди. Ҳозирги вақтда яна 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича ишлар жадал давом эттирилаётгани мамлакатимиз сўнгги йилларда қурилишлар мамлакатига айланганини яққол исботламоқда. Бу амалий ишлар замирида албатта, халқимиз, келажак авлодимиз учун кенг имконият ва зарур шароитлар яратиб бериш кўзда тутилган. Ушбу вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида партиянинг сайловолди дастурида акс этган ғоялар асосида тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган ва уларни амалга ошириш бўйича мунтазам равишда ишланмоқда.

Давлатимиз раҳбари келаётган 2023 йилга «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб ном берилишини таклиф этди ва дарҳол нима учун бундай номга тўхталганига ҳам алоҳида изоҳ берди. Президент: «Биз Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгиладик. Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиш учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз», - дея таъкидлади. Дарҳақиқат, бугунги замон талабидан келиб чиқиб, барча нарса инсон манфаатига хизмат қилиши кераклиги, халқимизнинг ҳар жиҳатдан тўқ ва фаровон яшаши учун давлат ва ҳукумат тинимсиз амалий ишларни ташкил этиши зарурдир. Бунда албатта, жойларда депутатлар ва сиёсий доира вакиллари раҳбарият томонидан белгиланган ишларни қай тарзда олиб борилаётганлигини доимий ўрганиб, назорат ишларини ташкил этадилар. Халқ депутатлари кенгашлари ва доимий комиссия мажлисларида ушбу масалаларнинг амалий ҳаётга татбиқ этилаётгани кенг муҳокамадан ўтказилиши ва ҳар бир масала бўйича тегишли қарорлар чиқарилишини таъминлашлари зарур. Бунга Янги Ўзбекистоннинг янгича дунёқараш ва фикрдаги депутатлари катта ҳисса қўшишига аминман.

Мурожаатномада вазирлик ва давлат идоралари сони 61 тадан 28 тага камайтирилиши маълум қилинди. Бунинг замирида Президентимиз таъкидлаганидек, ихчам ва самарали давлат бошқаруви тизимини жорий этиш, хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди «қўл бошқаруви»дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келганини таъкидлаш лозим. Президент бу борада янги маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди. Ушбу фармоннинг бажарилишида партия фаолларининг ҳам ўрни беқиёс бўлиши табиий.

Мамлакатимиз йўлбошчиси Ш.Мирзиёев халқимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайтирилишини маълум қилди. Бунда бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми қонун билан белгиланиши, ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтиш тезлаштирилиши айтилди. Белгиланган ушбу ишлар партиянинг бош мақсад ва ғояларида акс этган соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни бажаришда дастуриламал сифатида қўл келади. 2023 йилда бу тизим Тошкент шаҳрида бошланиши, сўнгра бошқа ҳудудларда давом эттирилиши маълум қилингани биз партия вакилларини мазкур ишларнинг боришида янада фаол ва ташаббускор бўлишимиз жоизлигини кўрсатмоқда.

Фазлитдин ЗИЯЕВ,

«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+