Наманганда 50 нафар бемор жиддий хасталикдан фориғ бўлди

17.09.2019 16:09:42

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, санитария маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу партиямиз сайловолди дастурида олға сурилган вазифа ва мақсадларга ҳамоҳанглиги билан диққатга сазовордир. Мазкур йўналишда вилоятимизда қатор ибратли ишлар амалга оширилаётганлиги ҳақидаги фикрларим билан ўртоқлашмоқчи эдим.

Ўтган ҳафтанинг жума ва якшанба кунлари вилоятимиз яна бир катта халқаро анжуманга мезбонлик қилди. У “ХХI асрда тиббиёт ва фармацевтиканинг ривожланишида инвестициялар ва инновацияларнинг роли” мавзуидаги  халқаро форумдир. Мазкур тадбир доирасида қатор хорижий тиббий компанияларнинг вакиллари билан  музокаралар ўтказилди. Уларда тиббиёт муассасаларида даволаш ва диагностика соҳасида илғор технологияларни жорий этиш, янги фармацевтика корхоналари барпо этиш, мавжудларининг қувватларини ошириш, малакали шифокор мутахассислар тайёрлаш  масалалари муҳокама қилинди.

Масалан, Қувайтнинг дунёга машҳур “Mutawa trade”, “Amsterdam international trading CO”, “Biziness reсordes” компаниялари вакиллари билан мулоқотлар яхши самара келтириши кутилмоқда.  Вилоятдаги тиббиёт муассасаларида даволаш ва ташхислаш соҳасида илғор технологияларни жорий этиш, фармацевтика корхоналарини ривожлантириш бўйича Австрия, Германия, Исроил, Миср, Покистон, Россия, Словакия, Украина, Ҳиндистон ва Хитой компаниялари билан келишувлар ва битимлар имзоланди. Уларнинг сони 22 тани, умумий қиймати  эса 92,7 миллион долларни  ташкил этди.

Хусусан, Косонсой туманидаги “Спринг фармацевтик” МЧЖ ҳамда Миср Араб Республикасининг “Pharco pharmaceuticals corporation” компанияси биргаликда 30,0 млн. долларлик фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган қувватлар барпо қиладилар.  Австриянинг “AME International GmbH” компанияси эса 10,0 млн.долларлик сармоя ҳисобига  янги  кардиология маркази ташкил этади. Наманган туманидаги  “Мерримед Фарм“ МЧЖ  Германиянинг “Textima Export Import GmBH” компанияси балан  30,0 млн. доллар эвазига  кўп тармоқли замонавий тиббий марказ ташкил этишга келишди.

Икки кун мобайнида ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, хусусий клиникаларда форум иштирокчилари бўлган таниқли мутахассислар ва маҳаллий шифокорлар биргаликда мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказдилар. Шу туфайли  ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 50 нафарга яқин аъзоси  жиддий хасталиклардан фориғ бўлдилар.

Форумда эндокринология, кардиология, жарроҳлик, оналик ва болалик муҳофазаси ҳамда фармацевтика бўйича секция йиғилишлари ҳам ўтказилиб,   таниқли шифокор олимлар ва мутахассислар ўз тажрибалари, илмий тадқиқотлари натижалари билан ўртоқлашдилар. Илк бор бир инсон буйраги бошқа кишига кўчириб ўтқазилгани ҳам катта воқеа бўлди. Икки ярим соат давом этган ушбу амалиёт академик Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган илмий-амалий жарроҳлик маркази бўлим мудири,  тиббиёт фанлари доктори, профессор Фазлиддин Баҳриддинов етакчилигидаги шифокорлар амалга оширдилар. Наманган давлат университетида Россия Федерацияси Урал давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда қўшма тиббиёт факультети очилиши ҳам эсда қоларли тадбирлардан бири бўлди. Эндиликда бу ерда ҳамкорликдаги таълим дастури асосида “Даволаш иши”, “Педиатрия”, “Стоматология”, “Фармацевтика” йўналишларида мутахассислар тайёрланади.

Қисқаси, мазкур тиббиёт форуми вилоятда аҳоли саломатлигини сақлашни янада такомиллаштириш йўлида яна бир қадам бўлди.

              Абдували МАВЛАНОВ,

Норин туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, халқ депутатдари Наманган вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+