Наманганда бeлбоғли кураш бўйича мусобақа

13.09.2022 14:09:12

Кейинги йилларда мамлакатимиз спортчилари қитъа ва жаҳон миқёсида, бошқа халқаро мусобақаларда, Олимпиада ўйинларида юқори натижаларни қўлга киритмоқдалар. Чунки юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга берилаётган эътибор ўз самарасини кўрсатмоқда. Шу туфайли Ўзбекистон кўплаб йирик мусобақаларга мезбонлик қилмоқда. Эътиборлиси – бундай баҳслар нафақат Тошкентда, балки вилоятларда ҳам ташкил этилмоқда.

Куни кеча Наманган шаҳрида ўтказилган халқаро миқёсдаги яна бир йирик мусобақа – белбоғли кураш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати фикримиз далилидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун уюштирилган мазкур беллашувларга дунёнинг 32 давлатидан 450 га яқин полвонлар ташриф буюрдилар. Вилоят марказидаги «Баркамол авлод» спорт мажмуасида бўлиб ўтган баҳсларда эркаклар 8, аёллар 5 вазн тоифасида гиламга тушдилар.

Шуниси диққатга сазоворки, мусобақа ташкилотчилари орасида «Адолат» социал-демократик партиясининг ҳамкори – Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ҳам бор. Дарвоқе, бугунги кунда Жаҳон белбоғли кураш ассоциациясига партиядошимиз Азизбек Ғаниев бошчилик қилмоқда. Очилиш маросимида унинг спортни ривожлантириш соҳасидаги хизматлари эътироф этилиб, «Адолат» СДПнинг эсдалик нишони топширилди. Уни партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Умид Сулаймонов тақдим этди.

Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастировнинг айтишича, наманганликлар бундай йирик мусобақани ўтказишга пухта тайёргарлик кўришган. Мухлислар ҳам дунёнинг турли мамлакатларидан келган полвонларнинг беллашувларини мириқиб томоша қилдилар. Юртимиз вакиллари юқори маҳорат кўрсатиб, аксарият вазн тоифаларида ғолиб чиқдилар. Масалан, 57 килограммгача бўлган курашчилар ўртасида шоҳсупанинг барча поғоналарини Ўзбекистон полвонлари банд этдилар. Биринчи ўринни Шаҳзод Абдураҳмонов эгаллади. Жамолиддин Неъматуллаев иккинчи бўлди. Абдулаҳад Носиров ва Нодирбек Абдумаликов эса учинчи ўринни олдилар.

- Белбоғли кураш бўйича ўтказилган мазкур мусобақалар вилоятимиз спорт ҳаётида катта воқеа бўлди, - дейди халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашидаги «Адолат» СДП гуруҳи аъзоси Саидолим Абдураҳмонов. – У мазкур спорт турини янада оммалаштиришга хизмат қилади. Бу эса соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+