Наманганда Бош қомус билимдони аниқланди

05.12.2022 11:12:21

Шу кунларда Наманганда ҳам Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганлигининг ўттиз йиллигига бағишланган тадбирлар давом этмоқда. Аҳамиятлиси, бу жараёнда «Адолат» СДПнинг вакиллари фаоллик кўрсатмоқдалар. Жойларда мазкур санага атаб учрашувлар, давра суҳбатлари, семинарлар, мулоқотлар ташкил этилмоқда. Уларда қатнашган фуқаролар ўзларининг Асосий Қонунимиз ҳақидаги билимларини бойитмоқдалар.

Бош Қомусимизнинг 30 йиллиги арафасида ўтказилаётган тадбирлар орасида «Адолат» СДП ташаббуси билан ташкил этилган «Конституция билимдони» кўрик-танлови алоҳида ўрин эгаллайди. Ноябрь ойида вилоятнинг шаҳар ва туманларида унинг дастлабки босқичи бўлди. Ғолиблар вилоят марказида ўтадиган баҳсларга йўлланмаларни қўлга киритдилар. Намангандаги билимлар синовида партиямиз фаоллари, таълим ходимлари, талабалар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокчиларнинг чиқишларини олқишлаб урдилар.

– Қарийб ўттиз йилдан бери таълим соҳасида меҳнат қиламан, - дейди Наманган шаҳридаги 8-умумтаълим мактаб директори Баҳодиржон Абдурасулов. - Биз ҳам бугун-эрта Конституцияга бағишлаб танлов ўтказамиз. Шунинг учун «адолатчилар»нинг тадбирига келдим. Бу ерда анча-мунча нарса ўрганаман, деб ўйлайман. Таассуротларим ёмон эмас.

Томошабинлар ва ҳайъат аъзолари иштирокчилар кўрик-танловга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрганликларини эътироф этишди. Қўйилган саволларга батафсил жавоблар бирон марта узоқ куттирмади. Кўпинча уларни тўлдиришга ҳожат ҳам бўлмади. Лекин барибир кимдир у ёки бу шартларни бажаришда устунликка эришди.

Айниқса, Наманган давлат университети юридик факультети талабаси Шавкат Қиммабоевнинг чиқишлари аниқлиги ва бехатолиги билан ажралиб турди. Пировард натижада вилоят маркази шарафини ҳимоя қилган бу йигит ғолиб деб тан олинди.

– Мен Асосий Қонунни мактабдаёқ пухта ўрганишга киришгандим, - дейди у. – Университетда ўқиш жараёнида бу қизиқиши янада кучайди. Чунки Конституцияни пухта билмай туриб малакали ҳуқуқшунос бўлишнинг иложи йўқлигини англаб етдим.

Энди изланувчан талаба кўрик-танловнинг Республика босқичида қатнашади. Шавкат Қимматбоевга бу борада ҳам муваффақиятлар тилаймиз.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+