Наманганда пленум бўлиб ўтди

30.12.2022 10:12:39

Наманганда Ўзбекистон «Адолат» СДП вилоят Кенгашининг навбатдаги IХ пленуми бўлиб ўтди. Унинг ишида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг депутатлари, бир қатор йирик БПТ раислари, партия фаоллари, оммавий ахборот воситаларининг ходимлари қатнашдилар.

Пленум иштирокчилари «Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгашининг «Тараққиёт стратегияси» дан келиб чиқадиган 2022 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасининг 9 ойлик ижроси» ва «Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгашининг 2023 йилда амалга оширилиши керак бўлган устувор йўналишлар тўғрисида»ги масалаларни муҳокама этдилар. Бу ҳақда партия вилоят Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев маъруза қилди.

Маърузачи ва музокарада сўзга чиққан вилоят партия Кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова, матбуот котиби Нурбек Абдуллаев, «Адолат» СДП Наманган шаҳар, Тўрақўрғон, Янгиқўрғон туман кенгашларининг раислари Мирзараҳмат Олимов, Заҳрохон Аҳмедова, Раҳимжон Тошматов ва бошқалар фаолиятдаги ютуқларни қайд этган ҳолда йўл қўйилган камчиликлар, фойдаланилмаган имкониятлар ҳақида ҳам тўхталдилар. 

Ҳисобот даврида партия ташкилотларининг асосий эътибори «Адолат – ҳар бир инсон учун» сайловолди Дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросига йўналтирилди. Партия аъзолари сафини кенгайтириш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, кадрлар захирасини мустаҳкамлаш, аъзолик бадаллари тушумини тизимли йўлга қўйиш ва тўлиқ таъминлаш, партия фаолларининг сиёсий билимлари ва фаоллигини ошириш диққат марказида бўлди.

2022 йил 9 ой давомида 1023 та турли мавзулардаги тадбирлар ўтказилиб, тадбирларда жами 110 402 нафар иштирокчи қатнашди. 407 дан ортиқ тадбирлар марказий ва ҳудудий ОАВларда ёритилди.

1 июнь - «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилди. Акция давомида 397 кўнгилли қатнашиб, 53 литр донорлик қони йиғилди. Партиянинг «Адолатчи аёллар бонг уради», «Бир ойда – бир иш ўрни», «Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи», «Депутат ва ёшлар» лойиҳалари асосида ҳам қатор ибратли ишлар амалга оширилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган партия депутатлари томонидан 90 га яқин депутатлик сўровлари чиқарилиб, 10 маротаба мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди. Шу билан бирга сессия ва доимий комиссияга киритилган масалалар сони озлиги ҳам айтилди. Бу борада Мингбулоқ, Косонсой, Норин, Чортоқ, Тўрақўрғон, Янгиқўрғон туманлардаги депутатлар фаолликни ошириш зарур.

Пленум қабул қилган қарорларда тўпланган илғор тажрибани оммалаштириш, мавжуд нуқсонларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

 “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати.

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+