Наврўз эзгулик элчиси

19.03.2024 17:03:09

Мамлакатимизнинг барча жойлари каби Тўрткўл туманида ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 4 мартдаги «2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги ПҚ-113-сонли қарори асосида, шарқ халқларида янги кун, янги йил боши саналган Наврўз байрамини муносиб кутиб олишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Қадим тарих саҳифаларида келтирилганидек, Наврўз барчамиз учун неча минг йиллик тарихга эга, илдизлари «Авесто» даврида-ёқ пайдо бўлган, қадимий ва миллий, ҳар бир инсон онгу тафаккури, қалби, шуурига чуқур сингиб кетган энг севимли ва гўзал байрамимиз саналади.
Ҳар биримиз учун муқаддас, гўзал ва бетакрор, Яратганнинг назари тушган, Она заминимизга фасли навбаҳор қадам қўйиб, ўзи билан Наврўзи оламни олиб келар экан, яна бир бор ҳар биримиз, ўзимизни табиатнинг узвий ва ажралмас қисми эканимизни теран ҳис қилгандек бўламиз.
Ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланиб улгурган ушбу байрам, чин маънодаги, халқимизнинг қадим тарихи, маданияти ва умумбашарий тараққиётга ҳисса қўшган эзгу фазилатларини ўзида мужассам этган энг қадимий, миллий байрамимиз ҳисобланади.
Кундан-кунга тараққиёт сари қадам ташлаётган Янги Ўзбекистонимизда муҳтарам Президентимиз қарорлари билан Наврўз умумхалқ байрами «Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юқори даражада кенг нишонланиши белгиланган.
Ушбу қарор асосида, Наврўз байрами муқаддас Рамазон ойида нишонланишини инобатга олиб, кекса авлод вакилларини, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, «Меҳрибонлик», «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, улар учун дастурхонлар ташкил этиш ҳамда турли хайрия тадбирларини амалга ошириш ишлари инсонлар орасида меҳр-оқибат туйғуларининг янада юксалишига хизмат қилади.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш, Наврўз байрами арафасида республикамизнинг барча ҳудудларида, кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига қаратилган умумхалқ ҳашарларини ўтказиш вазифаси, ҳар бир ватандошимиз қалбида, биз яшаб, нафас олаётган атроф-муҳитга бўлган эътибор, табиатни асраб-авайлаш, боғлар яратиш каби улуғ ишларга қанот ва файз бағишлайди.
Азалдан халқимизга хос бўлган анъаналарнинг бири бу қайси бир байрамни кутиб олиш ёки тўй қилишдан олдин унга тайёргарлик кўриш, яъни, уй олди теварак атрофидан тортиб, маҳалла гузарлари-ю, ўзлари меҳнат қилаётган корхона-ташкилотлар атрофини тартибга келтириш, озодалик ва ободонлаштириш ишларини аҳиллик билан, ҳашарлар уюштириш орқали ҳамжиҳатликда олиб боришидир.
Тўрткўл туман 1-сон касб-ҳунар мактаби жамоаси ҳам Наврўз тантаналарида иштирок этиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаоллик кўрсатишлари борасида келишиб олганмиз.
Бугун Янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни ва қадри баланд.
Буларнинг туб замирида юртдошларимизнинг аҳиллиги, меҳнати, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, фарзандлар камоли йўлидаги изланишлари турганлигини яхши англаймиз.
Мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий соҳаларда эришилган барча ютуқларимиз – энг аввало муқаддас бойлигимиз бўлмиш юртимиздаги тинчлик ва истиқлол шарофатидандир.
Тилагимиз, Наврўз юртимизга янада файзу-барака, ободлик, фаровонлик, дастурхонларимизга тўкин-сочинлик, қут-барака олиб келсин.

О.ҚУРБАНОВ – Қорақалпоғистон, Тўрткўл туман
1-сон касб-ҳунар мактаби директори.
Ўзбекистон «Адолат» СДП фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+