Нега буйраксиз бола “соғлом” деб қайд этилди?

24.09.2019 16:09:41

Вақт бамисоли тезоқар дарё, деганлари рост экан. Беш йил аввал, худди шу кунлари навбатдаги сайловларга тайёргарлик кўраётган эдик. Ўшанда партиямиздан кўрсатилган номзодлар ёмон натижа кўрсатмадилар. Халқ депутатлари туман кенгашида илк бор олти ўринга эга бўлдик. Бу эса депутатлик гуруҳи тузиш имконини берди.

Мана, орадан беш йилга яқин фурсат ўтди. Энди ғалвирни сувдан кўтариш, ўтган даврда қилинган ишларнинг сарҳисобини чиқариш мумкин. Чуқурроқ таҳлил этилса, ютуқлар қаторида айрим камчиликлар, фойдаланилмаган имкониятлар ҳам кўзга ташланади. Буларнинг ҳаммаси биз учун сабоқ бўлади, албатта. Келгуси даврга иш режаларини тузганда уларни ҳисобга оламиз ва ўйлаймизки, кейинги натижалар янада юқори самара келтиради.

Халқ депутатлари туман кенгашидаги гуруҳимиз аъзолари олти киши. Улар - турли касб эгалари. Масалан, раҳбар Саидолим Аблураҳмонов журналист, республика ва вилоят газеталарида ишлаган. Айни пайтда “Тараққиёт мезони” газетасининг бош муҳаррири. У кенгаш сессияларида, доимий комиссия йиғилишларида  энг фаоллардан ҳисобланади. Муҳокама этилаётган ҳар бир масала бўйича партиядошларимиз фикрини айтишга ҳаракат қилади.

С. Абдураҳмоновнинг ташаббуси билан халқ депутатлари туман кенгаши сессияси, унлаги доимий комиссиялар йиғилишлари  кун тартибига қатор масалалар киритилди. Айниқса, ўтган йил охирида партиядошларимиз  умумий ўрта таълим мактабларидаги тиббий хизматлар, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланиш даражаси, ичимлик суви етказиб бериш каби ҳолатларни ўрганганликлари жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди. Сабаби – ушбу жараёнда деярли барча таълим муассасалари қамраб олинди. Кўпроқ камчилик ва нуқсонларни аниқлашга эътибор қаратилди.

Яна бир жиҳати – ўрганишларда нафақат депутатларимиз, балки қатор фаоллар ҳам иштирок этдилар. Шу туфайли халқ депутатлари туман кенгаши сессиясига батафсил маълумотлар тақдим этилди. Масалан, мактабларда тиббий кўриклар номигагина ўтказилаётгани ошкор бўлди. Уларда тор доирадаги мутахассислар – травматолог, эндокринолог, окулист ва бошқалар иштирок этмаётгани, ҳамма иш педиатрлар зиммасига юклаб қўйилгани  аниқланди. Тиббий кўриклар барча ўқувчиларни қамраб олмаётгани ҳам кўзга ташланди.

Бу жараёндаги юзакичиликларни тасдиқловчи фактлар ҳам аниқланди. Масалан, 35-умумтаълим мактабида Ҳусанбой Файзуллаев деган ўқувчи бор. Маълум бўлишича, унинг бир буйрагида хасталик аниқланганлиги сабабли олиб ташланган. Лекин тиббий кўрик натижалари ўрганилганда, шифокорлар уни соппа-соғ деб қайд этганликлари депутат ва фаолларимизни ажаблантирди. Ана сизга кўзбўямачилик! Шунга ўхшаш бошқа мисоллар ҳам йўқ эмас.

Ёки айрим мактабларда тиббиёт хоналари ташкил этилмаганлигига нима дейсиз? Бунга 20-умумтаълим мактабини мисол келтирса бўлади. Қисқаси, депутатлик гуруҳи етакчисининг ўзи маълумотномалар асосида маъруза тайёрлади ва сессияга тақдим этди. Муҳокама жуда қизғин ўтди, кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди. Уларнинг ҳаммаси ҳисобга олиниб, энг муҳимлари қарор лойиҳасига қўшилди. Унда вазиятни ўнглаш юзасидан чора-тадбирлар ҳам белгиланди.

Албатта, масала сессияга қўйилгани ва муҳокамага этилгани, мазмундор ҳамда таъсирчан қарор қабул қилингани яхши. Аммо иш шу билан тугади, деб хотиржам бўлишга ўрин йўқ. Бу ҳақда яқинда депутатларимиз иштирокида ўтказилган йиғинда ҳам фикрлашдик. Саидолим  Абдураҳмонов, Олимхўжа Мақсудов ва Абдуллахон Жалилов туман кенгаши қарори қандай бажарилаётганлигини мониторинг қилишни таклиф этди. Бу масала депутатлик гуруҳининг иш режасига киритилди. Янги ўқув йили бошлангандан сўнг мактабларда яна ўрганиш ўтказишга келишиб олинди.

Умидахон Абдуллаева ҳам фаол депутатларимиздан. У ўзи тиббиёт бирлашмасида ҳамшира бўлиб ишлайди. Вақт топиши билан кенгашимиз ўтказадиган ўрганишларда қатнашади. Буни ўзи учун биринчи даражали вазифа, деб ҳисоблайди. Чунки аҳоли вакиллари билан мулоқотларда ҳаётий муаммолар аниқланадики, уларни ҳал этишга кўмаклашиш барчамизнинг бурчимиздир. Сайловчилар билдирган таклиф ва мулоҳазалар депутатлик сўровларига мавзу ҳам бўлади. Масалан, шу йил баҳорда “Навбаҳор” маҳалласида учрашувлар ўтказганимизда электр таъминотида узилишлар кўплиги аҳолини қийнаётгани маълум бўлди. Симёғочларнинг аксарияти эскириб, яроқсиз ҳолга келганлиги, бу эса уларнинг синиб кетишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирлик билдирилди.

Депутатимиз вазиятни атрофлича ўрганиб, ҳолат чиндан ҳам ташвишли эканлигига ишонч ҳосил қилди. Сўнгра туман электр тармоқлари корхонасига депутатлик сўрови юборилди. Тез орада мурожаат ўрганилди ва вазиятни ўнглаш юзасидан амалий ишлар бошланди. Бундан маҳалла аҳли ниҳоятда хурсанд бўлди. Орадан кўп ўтмай 40 та янги темир-бетон устунлар эскирган симёғочлар ўрнини эгаллади. Электр узатувчи симлар ҳам алмаштирилгач, таъминот барқарорлашди.

Куни кеча Умидахон билан яна учрашиб қолдик. У яқинда тушган яна бир мурожаат бўйича иш олиб бораётганини билдирди. Маълум бўлишича, Навоий номидаги маҳалла фуқароси Муножот Абдуллаева эри билан ажрашиб кетганлиги, бироқ у тўртта боласи бўла туриб, алимент тўламаётганлигидан шикоят қилибди. Депутатимиз ҳуқуқшунослардан зарур маслаҳатларни олиб, Муножотнинг кўнглига таскин бергани кетаётган экан.

Дарвоқе, шу ўринда 6-Ифтихор сайлов округидан халқ депутатлари туман кенгашига депутат Умидахон Абдуллаева шу йилнинг ўзида сайловчиларнинг мурожаатлари асосида 10 та депутатлик сўрови тайёрлаб, тегишли мутасаддиларга юборди. Уларнинг саккизтаси ўз вақтида ҳал қилинди. Иккитаси эса тез орада кўриб чиқилади ва қўйилган муаммо ўз ечимини топади. Бу ҳақда депутатимиз яқинда сайловчилар ҳузурида ҳисобот берганда ҳам айтиб ўтди. Кўпчилик унинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органидаги фаолиятини маъқул деб топганлиги диққатга сазовордир.

Баҳромжон Ҳайитбоев ҳам жонкуяр депутатларимиздан. Унинг ўзи туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий касалхонада врач бўлиб ишлайди. Депутат сифатида ўз сайлов округидаги аҳоли вакиллари билан доимий мулоқот олиб боради. У маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб боришни одат қилган. Бир йил аввал кўпчилик билан суҳбатда тўйлар ва бошқа маросимларни камчиқим, ихчам ва дабдабабозликларссиз ўтказиш масаласи кўтарилганди. Депутат таклифи билан маҳалла оқсоқоллари, энг ҳурматли кишилар тўпланиб, маслаҳатни бир жойга қўйишди. Ҳар бир маросим махсус тузилган ишчи гуруҳи назоратида ўтадиган бўлди.

Мана энди, ҳамма хурсанд, тўйлар ортиқча дабдабозликларсиз ўтмоқда. Келин-куёвлар учун ўнлаб машиналардан кортежлар ташкил этишга барҳам берилди. Ҳамма маросимлар ихчамлаштирилгани фақат фойда бўлди. Бунинг учун аҳоли депутатимиздан миннатдор.

Яна бир депутатимиз – Абдукарим Дўстбоев тумандаги таниқли бинокорлардан. Кўп йилдан бери “Чортоқархитектқурилиш” масъулияти чекланган жамиятига раҳбарлик қилади. Сайловчилар билан доимий мулоқотда, улар билдирадиган  таклиф ва мулоҳазаларни ҳеч эътиборсиз қолдирмайди. Масалан, яқинда бир гуруҳ сайловчилар ўзларининг фарзандлари тарбияланаётган 1-мактабгача таълим ташкилотида шахмат-шашка майдончасини барпо этишда ёрдам сўрашди. Депутат жамият раҳбарияти билан келишиб, дарҳол тегишли ёрдамни кўрсатди. Бундан ота-оналар ҳам, педагоглар ҳам мамнун бўлишди.

Албатта, депутатларимиз ўтган салкам беш йил мобайнида муайян ишларни амалга оширганликлари аён. Лекин бундан-да яхшироқ ишлаш, залворлироқ натижаларга эришиш ҳам мумкин эди, деб ўйлаймиз. Келгусида албатта, шу йўлдан борамиз. Зотан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек,  “Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади”, деб таъкидлади. Депутатлар эса “Адолат” СДП сайловолди дастурини бажаришда, мақсад ва ғояларини ҳаётга татбиқ этишда етакчи куч саналади.

  Ҳабибахон МИРАБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Чортоқ туман кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+