Нега оиладаги зўравонликлар ортиб бормоқда?

24.04.2024 16:04:57

Оила-муқаддас даргоҳ, уни меҳр-мурувват, ишонч асрайди. Халқимизга хос бўлган қадриятлардан бири — муқаддас даргоҳни кўз қорачиғидек сақлаш, унда соғлом, билимли ва зукко эртамиз ворисларини тарбия қилишдир.
Бироқ юртимизда охирги уч ойда қарийб 4477 киши оиладаги зўравонлик сабаб маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилгани ҳар бир фуқарони ўйлантириши керак. Бу зўравонликларнинг илдизи нима? Нима учун муқаддас оилани асраш, уни қадрлаш ва эъзозлаши зарур бўлган оила масъуллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилмоқдалар? Ўзбекистон «Адолат» СДП Фарғона вилояти Кенгаши раиси, «Ибратли бекам» ўқув маркази раҳбари, «Оқила аёллар» ҳаракати вилоят бўлими аъзоси Шаҳноза Ғаниева Фарғона давлат университети Тарих факультети «Социология» йўналиши талабалари билан мулоқотида асосий эътиборни шу мавзуга қаратди.

- Оила шаъни, қадр-қиммати, фарзандлар ор-номуси, бир сўз билан айтганда, оилавий сулола келажаги халқимиз учун улуғ қадрият саналиб келган, -дейди Шаҳноза Ғаниева.–Ахир «Арқоғини кўриб, бўзини ол, онасини кўриб, қизини ол»,- деб халқимиз бежиз таъкидламайди. Етти пуштини суриштириб, оила насл–насабини улуғ санаган халқимизнинг бугунги авлоди нега бу қадар енгил фикрлайдиган бўлиб қолди? Ҳеч бир нарса осон қўлга киритилмаганидек, турмушнинг машаққатли кечмишлари инсонни камолотга етаклашини бугунги давр ёшлари унутиб қўймоқда. Бугун она сабрсизлик билан ҳуқуқини талаб қилиб, арзимаган турмуш икир-чикирлари учун эрини суд залига етакласа, норасида гўдакларини тирик етим қилса, бу фарзандлар ҳаётнинг аччиқ қисматларига рўбарў бўлгандан сўнг, улар ота ёки она ор қилганидек, соғлом фикрли фарзанд каби камолга ета оладими?

Партия етакчисининг бу каби мушоҳадали саволлари, муаммонинг илдизлари ва уни бартараф этиш бўйича билдирилган таклифлари юзасидан мулоқот қатнашчилари ўзаро фикр алмашишди.

-Бизни оилада ака-укаларимиз, қариндошларимиз аёлларни жуда улуғлашади, -дейди Фарғона давлат университети талабаси, «Адолат» СДП Фарғона вилояти Кенгаши матбуот хизмати қошидаги медиа гуруҳи аъзоси Одинахон Абдусаматова.- Аёллар эса уларни шу қадар қадрлашдики, шу қадрдан, шу эътибордан ғурурланган оиламиз эркаклари янада кўпроқ ютуқларга эришганининг гувоҳиман. Фарзандлари камолотини, оиласининг бахт-саодатини ўйлаган аёлларимизни эркаклар ҳам кўпроқ қадрлаши ҳаёти ҳақиқати ахир. Қадр йўқ жойда, ҳурмат кетган ерда зўравонлик ҳам, залолат ҳам бўлади.

Демак, бугун шу ҳақида ўйлашимиз, бундан тўғри хулоса қилишимиз, гендер тенглик масаласини тарози палласига ақл билан тўғри қўйишимиз даркор. Чунки, ҳар биримизни бахтимиз ҳам, қадримиз ҳам шу оила билан муштарак.

Гулчеҳра АҲМEДОВА,
«Адолат» СДП Фарғона вилоят
Кенгаши Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+