Ночор оилага амалий ёрдам берилди

28.10.2019 14:10:55

Ҳаёт синовларига бардош бериш, уларни мардонавор енгиб ўтишга барча бирдек қодир, деб бўлмайди. Шу боисдан ҳам атрофдагиларга эътиборли бўлиш, аҳоли муаммоларига дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир. Айниқса, бу борада маҳаллий Кенгашлардаги депутатларнинг ўрни ва роли доимо муҳим бўлиб келган.    

Ўзбекистон “Адолат”  СДПдан Навоий вилоятидаги маҳаллий вакиллик органларига сайланган депутатлар ҳам мазкур масалада мунтазам фаоллик кўрсатиб келмоқда.

Яқинда партиянинг халқ депутатлари Навбаҳор туман Кенгаши депутати Умматқул Саломовга тумандаги “Кўҳрон” маҳалласи Кўҳрон қишлоғида яшовчи Насиба Эгамова мурожаат қилди.

У ўз мурожаатида ёши 35 да эканлиги, боқувчисини йўқотиб, уч нафар фарзандини ёлғиз ўзи тарбиялаб вояга етказаётганлигини айтиб, аҳволидан шикоят қилди. Хусусан, фарзандларининг улғайиши билан, табиийки, уларнинг эҳтиёжлари ҳам ортиб бормоқда, бу борада маҳалла томонидан кўрсатиб келинаётган моддий ёрдамлар етарли бўлмай қолган. Унинг ўзи ҳам ота, ҳам она сифатида рўзғор тебратишга мажбур бўлаётганлиги таъкидланган. 

Насиба Эгамова турмушидаги моддий қийинчиликларни енгиллаштириш мақсадида тумандаги ўнлаб ташкилотларга мурожаат қилиб, ҳеч қандай натижага эришолмаган. Депутат ҳолатни жойида ўрганиш мақсадида “Кўҳрон” маҳалласи раиси ва маҳалла фаоллари билан биргаликда Насиба Эгамованинг яшаш хонадонига ташриф буюрди.

Маълум бўлишича, мурожаатчининг 18 сотихли шахсий томорқа ер майдонига эгалиги, шундан 6 сотихи яшаш майдонини ташкил этиб, қолган 12 сотихи экин ер майдони мавжудлиги аниқланди. Бироқ, ушбу экин майдонидан самарали фойдаланишда экинларни суғориш учун сув таъминотида муаммоларга дуч келинаётганди. Ўрганишлар натижасида депутат томонидан ушбу муаммони бартараф этишда тумандаги ободонлаштириш бошқармаси ҳамда ҳудуддаги фермер хўжалигининг 2 та трактори жалб этилди.

Мурожаатчи хонадонидаги ер майдони сатҳи анча пасайтирилиб, уйнинг орқа томонидан оқиб ўтувчи 40 метрча ариқ қазилиб, тозаланди. Хонадоннинг экин ер майдони учун сув таъминоти яхшиланди.   

-Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди, танишлардан маслаҳат сўрасам, 2 млн сўмдан ортиқроқ маблағ талаб этилишини айтишганди. Мана биргина депутатнинг ёрдами билан катта ташвишим ариди. Яқиндагина, томорқамда тўқсонбосди экинлардан пиёз, саримсоқ пиёз ва бошқа экинлар экдик, шодлигимизнинг чеки йўқ, - дейди Насиба Эгамова.

Акбар ЖАЙНАРОВ

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Навоий вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Rustamov Bekzod Bahodir o'g'li
2020-04-10 09:12:11
Nocorlaga yordam berila kopro. Adolat qlarin bu dunyoda

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+