Ногиронлиги бўлган фуқароларга кўмак

13.02.2024 17:02:31

Юртимизда ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳаёт сифатини яхшилаш тизимини такомиллаштириш, уларга таълим олиш ва ишга жойлашишда ҳар томонлама кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда.
Шу хусусда партия депутатлари томонидан ҳам ногиронларнинг муҳим эҳтиёж ва талабларига алоҳида эътибор қаратилиб, мурожаатлари тингланиб, амалий кўмак бериш учун фаоллик олиб бориляпти.


Хусусан, Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати Рустам Ҳамраев ва Термиз шаҳар Кенгаши депутати Абдуқодир Мустафоқуловлар томонидан Термиз шаҳридаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи ногиронлиги бор фуқаролар аҳволи ўрганилди. Жумладан, ўрганишлар чоғида ишчи гуруҳга шаҳардаги “Маърифат” МФЙ, И.Каримов кўчасида яшовчи I гуруҳ ногирони Баҳодир Рўзиев махсус каравот олиб беришларини сўраб, мурожаат қилди.


Депутатлар мурожаатни ўрганиб чиқиб, каравотни ҳомийлар кўмагида Тошкент шаҳридаги савдо ташкилотларидан шартнома асосида пул ўтказиш йўли билан олиб келишга келишиб олишди.
Шунингдек, ушбу маҳаллада яшовчи ногиронлиги бор фуқаро Гулнора Турдиева шаҳардаги 4-оилавий поликлиникага қарашли патронаж томонидан узоқ муддатдан буён тиббий кўрикдан ўтказилмаганлигини айтди. Депутатлар мазкур мурожаатни ҳам кўриб чиқиб, шаҳардаги 4-сонли оилавий поликлиника масъулларга депутатлик мурожаати билан чиқишди ҳамда тиббиёт ходимлари томонидан фуқарони тиббий кўрикдан ўтказиш куни белгиланди.


Депутатларимиз шунингдек, кун давомида яна бошқа хонадонларда ҳам бўлиб, ногиронлиги бор фуқароларнинг яшаш шароити билан танишишди. Ёши улуғ кексалар ҳолидан хабар олинди ва мурожаатлари тингланди.
Хусусан, “Маърифат” маҳалласида яшовчи яна бир ногиронлиги бор фуқаро Айсара Хўжақулова вилоят онкологик касалликларни даволаш диспансерида айрим дори-дармонларнинг йўқлигини айтиб, даволаниши учун камёб дориларни топиб беришда амалий ёрдам сўради. Депутатлар томонидан вилоят онкологик касалликлар диспансери раҳбариятига мурожаат қилиниб, бемор зарурий дори-дармонлар билан таъминланиши ва даволаниши учун муддат белгиланди.
Шунингдек, “Маърифат” МФЙда яшовчи яна бир фуқаро II гуруҳ ногирони Нуриддин Маматвалиев яшаш манзилида доимий рўйхатда турмаганлиги сабабли оилавий поликлиника томонидан доимий назоратга олинмаганлигини, шу хусусда амалий ёрдам беришларини сўраган.
Депутатлар томонидан шаҳардаги 4-оилавий поликлиника шифокорлари билан боғланиб, мурожаатчини доимий рўйхатга олиш ва патронаж ҳамширалар томонидан тиббий кўрикдан ўтказиб бориш вақти белгиланди.
Яна шунингдек, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Рустам Ҳамраев Шўрчи тумани “Бахшитепа” МФЙда яшовчи ногиронлиги бор фуқаро Матлуба Тўрахонованинг хонадонида бўлиб, муаммоларини ўрганди. Фуқаро Матлуба Тўрахонова депутатимизга ўткир буйрак етишмовчилиги билан оғриши ва буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти учун маблағ зарурлигини айтиб, ёрдам сўради. Мазкур фуқарога амалий ёрдам бериш учун Маҳалла хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти бўлими қошида очилган “Саховат ва кўмак” жамғармасидан моддий ёрдам ажратилишини сўраб, депутат томонидан Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши раҳбариятига билдиришнома киритилди.
Депутатлар ўрганишлари давом этади.

Гулшод Турсоатова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+