Ободлик ва фаровонлик маҳалладан бошланади

29.12.2020 20:12:27

Барча юртдошларимиз орзиқиб кутган Президентимиз Мурожаатномасини тинглар эканмиз, унда келтирилган ҳар бир фикр, таклиф ва ташаббуслар, эзгу ғоялар юрагимиз туб-тубида жўшқинлик, янада ғайрат-шижоат билан ишлаш учун қанот бағишлаб, бирдамлик билан ишлашнинг нақадар аҳамиятли эканлигини яна бир уқтиради.

Истиқлол йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишларини кўриб кўнглимиз яйрайди.

Албатта, мана шундай улуғ ишларни амалга оширишда иштирок этаётган ҳар бир фуқаро маҳаллада туғилган, таълим-тарбия олган ва бугунлиги маҳаллада яшаб, юртимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Демак маҳалла тарбия ўчоғи, қадриятлар бешиги, эзгулик ва поклик нурлари таралиб турган муқаддас қўрғон.

Айниқса сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролик жамиятини қуришда маҳалла институтининг иштирокини кучайтириш, ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш ва ҳар бир фуқаронинг демократик, иқтисодий ислоҳотларга бўлган дахлдорлик ҳиссини уйғотишда ўрнини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шиддат билан ривожланаётган бугунги замон, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида олдимизда турган кенг кўламли вазифалар, ўзини-ўзи бошқариш органи деб номланган маҳалла институти томонидан ҳам янгидан-янги вазифаларни тизимли амалга оширишни талаб этмоқда.

Мана шулар ҳисобга олиниб, Муҳтарам Президентимизнинг Мурожаатномасида маҳалланинг нуфузини, унинг ресурс ва имкониятларини ошириш, ходимларининг моддий таъминотини яхшилаш бўйича дастур ишлаб чиқиш зарурлиги тўғрисидаги масаланинг кўтарилиши қуйи поғонадан бошлаб ишлаш тизимини тўғри ташкил этишнинг амалий механизми бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг жорий йилда, туманлар бюджетига қўшимча манбаларнинг камида 10 фоизини бевосита маҳалладаги муаммоларни ҳал этишга сарфлаш бўйича ишларнинг бошлаб юборилганлиги бу ваколатни янада кенгайтириб, туман бюджети харажатларининг 5 фоизини ҳам ана шундай мақсадларга йўналтириш бўйича янги тартиб жорий этилишини таъкидлаб ўтганлиги, маҳаллаларимиз ободлигига хизмат қиладиган эзгу ташаббус.

Шулар қатори маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ваколатларини кенгайтириб, уларга аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш имконини яратиш мақсадида маҳалла раисига маҳаллий кенгаш мажлисида кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни киритиш ҳуқуқини бериш лозимлиги тўғрисидаги фикрлар ҳам аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган эзгу ғоя деб ҳисоблайман.

Ушбу ваколат жойларда муаммоларни тезкор ҳал қилишга эришиш имкониятини яратиш билан қатор, маҳалла институтининг жамиятда нуфузининг ортишига хизмат қилади.

Кадрлар масаласига ҳам катта урғу берилиб, маҳаллада ишлаётган малакали ва ташаббускор кадрларни, давлат идоралари раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизими йўлга қўйилиши устувор вазифалар қаторида белгиланиши, аҳоли орасидан чиққан, уларнинг дарду-ташвишини яхши биладиган, ҳаёт қозонида қайнаган кадрлар етилишиб чиқишига ва уларнинг қўллаб-қувватланишига хизмат қилиши аниқ.

Хулоса ўрнида айтганда, Мурожаатномада назарда тутилган ҳар бир эзгу ғоя фуқароларимизнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини кенгайтириш орқали, бутун жамиятимиз тараққиётига хизмат қилиши аниқ.

 

Нурлибай ҚАИПБЕРГЕНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+