Одам савдоси — инсон ҳуқуқларини топташ

24.11.2020 16:11:19

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан Олмалиқ шахар Ахоли бандлигига кўмаклашиш маркази  ҳамда Ўзбекистон Ёшлар агентлиги Олмалиқ шаҳар бўлинмаси ҳамкорликда “Одам савдосига қарши кураш, аёллар ва ёшлар ўртасида ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш” мавзусида “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Б.Мамиров раислигида давра суҳбати ўтказилди.

“Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган ушбу тадбирда партиянинг туман ва шаҳар Кенгашлари раислари, депутатлар, соҳа  вакиллари, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгашлари ва  “Ёшлар парламенти” аъзолари, партиянинг фаол аъзолари иштирок этишди.

Тадбирда партиянинг туман ва шаҳар Кенгашлари раислари,  депутатлар, соҳа  вакиллари, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгашлари ва  “Ёшлар парламенти” аъзолари ҳамда  партия фаоллари иштирок этди.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар одам савдоси инсоният цивилизациясига, жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий хавф туғдиради. Шу сабабли уюшган жиноятчилик, хусусан, халқаро терроризм, наркобизнес, қурол-яроғларни ноқонуний сотиш билан боғлиқ ўта оғир жиноятлар қаторида одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши кураш бугун жаҳон афкор оммаси учун долзарб муаммо эканлигини таъкидладилар.

Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш  ҳуқуқига  эга. Бироқ,  одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар бу ҳуқуқнинг қўпол тарзда бузилишига олиб келмоқда.
Айрим кишиларнинг соддалиги ва ишонувчанлиги, моддий муаммоларни тезда ҳал этиш илинжи, енгил иш топиш, тез бой бўлиш орзуси, етарли ҳуқуқий билимга эга эмаслиги, лоқайдлик ва нопок кимсаларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари, трансмиллий жиноий гуруҳларнинг ихтисослашувига сабаб бўлмоқда.

Қайд этиш керакки, ўтган даврда мамлакатимизда одамларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш каби оғир турдаги жиноятларнинг олдини олиш борасида манфаатдор идоралар фаолияти мувофиқлаштирилди.

Сўнгги йилларда одам савдоси жинояти туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, дунёнинг қатор мамлакатларида бу иллатга қарши курашишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ҳам одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида муҳим ишлар амалга оширилди. Аввало, одам савдоси жиноятига барҳам бериш учун етарли ҳуқуқий-норматив база шакллантирилди.
Хусусан, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун талаблари асосида ташкил этилган ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикаси тадбирлари натижасида одам савдоси билан шуғулланувчи 400 дан зиёд шахс аниқланиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди.

Одам савдоси муаммосининг олдини олиш бўйича умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ахборот семинар-тренинглари, давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда. Интерфаол усулда ташкил қилинадиган мавзулар муҳокамаси, саҳна кўринишлари, слайдлар намойиши иштирокчиларни фаоллаштиришга, уларда қизиқиш уйғотишга ва мазкур масалага оид ҳаётда учрайдиган муаммоли вазиятларнинг ечимини топишга кўмаклашмоқда, — дейди халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Махмуджон Болтабоев.  

Давра суҳбатида Тошкент вилояти прокуратураси томонидан одам савдосига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Тадбир доирасида иштирокчиларга одам савдоси муаммоси, чет элларга чиқиш ва хорижий давлатларда бўлиш қоидалари, у ерларда норасмий ва ноқонуний ишлашнинг оқибатлари, ушбу жиноятдан жабрланганлар учун йўналтирилган ахборотни ўзида мужассам этган буклетлар тақдим этилди.

Қизғин баҳс-мунозара ва жонли мулоқотларга бой бўлган тадбир сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга депутатлар, партия фаоллари, мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+