Одамлар руҳиятини кўтарадиган, савиясини, илмини оширадиган фильм яратилса, албатта, томошабини бўлади

03.12.2020 12:12:36

 

Жорий йил «Ўзбеккино» миллий агентлиги учун ҳам сермаҳсул бўлди. Ўнлаб ҳужжатли, бадиий ва тарихий фильмлар томошабинларга тақдим этилди. ЎзА мухбири таниқли режиссёр Мансур АБДУХОЛИҚОВ билан ўзбек киносининг бугунги ҳолати, яратилаётган фильмлар ҳақида суҳбатлашди.

– Бугун замон ўзгарди. Одамларни ҳайратлантира олиш мушкул бўлиб қолди, наздимизда? Кинотеатрларда томошабинлар сийраклашиб қолмадими? Ўзбек киносига қизиқиш қай даражада?

– Бугунги глобаллашув даврида барча нарсалар тезлик билан ўзгармоқда. Умуман олганда дунё бошидан кечираётган воқеалар барчаси бир-бири билан чамбарчас боғлик. Ҳаммаси пухта ўйланган сценарий асосида кетаяпти. Барча давлатлар, жамиятлар, инсоният бу ўзгаришларга имкон даражада бардош бериб келмоқда. Мен фақат пандемиянинг бутун дунёга таъсирини айтмаяпман. Пандемия, менинг назаримда – бу бизнес моделга қурилган прогресснинг финал босқичларидан бири. Бутун дунё бўйича кечаги ва бугунги кундаги воқеаларни яхшилаб таҳлил қилсангиз олдинда ҳар томонлама мураккаблик кутаётгандек, чоғи.

Сиз айтаётган «Одамларни ҳайратлантира олиш мушкул бўлиб қолди, наздимизда?» деган саволингиз ҳам, аслида биз учун актуал бўлиши керак эмас… Яъни, кино ишлаб чиқарувчиларни, сценарист бўладими у, режиссёрми, продюссерми, ҳомийми – буларни барчасини бир масала қизиқтириши керак. Улар ягона ғоя – яхши фильм ишлаш ғояси остида бирлашиши керак. Яратиладиган кино жамиятни уйғотиши керак, эски ва сарқити чиққан муаммоларни айтавермасдан одамлар руҳиятини кўтарадиган, савиясини, илмини оширадиган фильм яратилса, албатта, томошабини бўлади...

Кинонинг кучи катта. Комедия ишлаябмиз, деб диалогларда ва ҳаракатларда бачкана сўзлар, уятсиз ҳаракат ва қилиқлар қўшиш орқали томошабинни ҳайратлантиролмаймиз. Бундай кинолар бизни жарлик томон олиб боради.

Фойда кўриш, бизнес учун қилинган киноларни ҳам профессионал даражада тайёрлаш керак. Бундай фильмлар «Мейнстрим» деб айтилади, яъни кенг томошабинга мўлжалланган фильмлар. У фалсафий кинолардан кўра соддарок, тушунарлироқ бўлади. Аммо меҳнати, сарфланадиган ҳаракат кам бўлмайди. «Мейнстрим»нинг ўзига яраша машаққатлари бор. Профессионал даражада яратилган фильм осон бўлмайди. «Арт» (муаллифлик) фильм бўладими, «мейнстрим» йўналишидаги фильм бўладими, агар то сценарийдан бошлаб охиригача юқори даражада яратилса нур устига аъло нур. Аммо бу жараён осон эмас. Бунинг учун ижодкорда фуқаролик ҳисси, санъатга дахлдорлик туйғуси бўлиши керак. Жонкуярлиги, садоқати бўлган одамни эса ҳар қандай вазиятда замонамиз қаҳрамони, дея аташ мумкин. Бугун киночилигимиз ана шундай чин қаҳрамонларга муҳтож бўлиб турган вақтда телеканаллар «рейтинг» ортидан қувиб, салоҳияти борлигига ҳам қарамасдан ҳаваскорларга фильм, сериал олдирмоқда. Экранларни эса талабга жавоб бермайдиган фильмлар билан тўлдирмоқда.

– «Қудуқ» халқона фильм бўлган. Ўзбек кино ихлосмандларига яна шундай халқчил картиналар тақдим этиш ниятингиз борми?

– Фурсатдан фойдаланиб шу фильм устида ишлаган ижодий жамоага яна бир бор ўз миннатдорлигимни айтиб ўтмоқчиман.

Бош ролни ижро этган Муҳаммадисо Абдулхаировга эса алоҳида раҳмат. У киши яхши актёр. Ўзбекистоннинг энг кучли актёрларидан бири. Муҳаммадисо акани дунёдаги кучли актёрлар (Роберт Де Ниро, Аль Пачино, Энтони Хопкинс, Жек Николсон, Гэри Олдман...) қаторига бемалол қўшиб гапира оламан. Худо хоҳласа, улар билан яна ишлаш ниятим бор.

Мен шу халқнинг ичида яшайман. Шундай экан шу халқ учун актуал бўлган масалаларни фильмларимизда кўтаришга ҳаракат қиламан. Мен учун кинонинг айнан шу функцияси маъқул. Кинони бизнинг нуқсон-у камчиликларимиз ечимларини излашга ёрдам берадиган лаборатория деб биламан. «Арт» (муаллифлик) фильм бўладими, ёки «мейнстрим» (хусусий кино бўладими) фарқи йўқ. Тўғри, аксарият хусусий фильмлар «актроцион» сифатида хизмат қилади. Лекин мен ижодий жамоам билан шундай фильм қилсак, албатта, бу жараённи ўзимизнинг лаборатория форматида яратамиз, деганман.

Худо хоҳласа режаларимнинг ичида бундай кино-лойиҳалар бир нечта. Мисол учун яқин кунларда «Ўзбеккино» миллий агентлигидаги бадиий кенгашга «Лангартоғ йўлида» деган сценарийни топширдим. У ҳам миллий руҳда ёзилган. Муаллифи «Қудуқ» фильмининг сценарий муаллифи Ғафур Шермуҳаммад. Фильм нима ҳақидалигини ҳозир айтмай қўя қолай, олдин бадиий кенгашдан эсон-омон ўтсин, кейин бу мавзу бўйича атрофлича суҳбатлашамиз.

– Жорий йилда тақдимоти ўтказилган, сиз режессёрлик қилган «Тенгиз» фильми ҳақида ижтимоий тармоқларда яхши ва ёмон гаплар айтилди. Илиқ ва совуқ муносабатлар билдирилди...

– Нима демоқчи эканлигингизни тушундим. Хатоларим бор, йўқ эмас.

Сиз мендан фильмнинг финали ҳақида сўраяпсиз. Буни интернет тармоқларида журналист ва блогерлар кўп ёзишди. Уларнинг фикрига қўшиламан. Тўғри фильмни бошқачароқ якунласа ҳам бўларди ва режиссёр танловига содиқ қолиш керак.

Фильм яратилганда сценарийдан бошлаб, то жараённинг охирги нуқталаригача «фильм нима ҳақида» деган саволни унутмаслик керак. Ва барча жараёнларда мана шу саволга аниқ ва равшан жавоб берилиши керак. Бундан ташқари, фильм яратилишида бошқа муҳим моментлар бор. Бу эса «Тенгиз» фильмининг шундай тугашига ишора бўлди.

Яхшилаб кино тилига аҳамият берилса, бунда мен асосий саволга жавоб берганда четга чиқиб кетганим йўқ. Бундан ташқари, бош қаҳрамон образининг ривожланиши якунига келиб ўзининг ечимини топди. Тенгиз қалбидаги оғриқли саволга ўзи жавоб берди...

«Тенгиз» фильми сўнггида эркакнинг (эрининг) «Тенгиз» деганини эшитибоқ қиз ортига ўгирилганини томошабин англаши керак. Ўгирилганда эса у кимни кўриши сир бўлиб қолган. Биз кадрнинг бу томонини кўрсатмаганмиз, хулосани, тасаввурни томошабиннинг ўзига ташлаб қўйганмиз.

 

ЎзА 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+