Оддий, бироқ — жиддий камчиликлар аниқланди

26.01.2024 13:01:13

Халқ билан мулоқот

   Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов Наманган шаҳрининг Янги Наманган туманидаги бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳудудларида жойлашган мактаб, тиббиёт масканларида бўлиб соҳа ходимлари ва аҳоли билан мулоқот ўтказди.
   Олий Мажлис депутати дастлаб “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти билан танишиб, ёшлар етакчиси Азизбек Қаҳҳоров билан ёшлар ҳаётига боғлиқ масалалар ҳақида суҳбатлашди. Маълум бўлишича, ушбу маҳаллада 7600 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган бўлиб, уларнинг 1150 нафардан зиёди ўн тўрт-ўттиз ёшлилардан иборат. Бир қарашда маҳалла ҳудуди обод ва аҳолининг муаммолари йўқдай туюлди. Бироқ, аҳоли билан дилдан гаплашилганда, ичимлик суви ва суюлтирилган газ етказиб беришда, йўловчи ташиш транспортлари қатновида, чиқиндиларни ташиб кетишда оддий, бироқ — жиддий муаммолар борлиги маълум бўлди. Шу ҳудуддаги 1988 йилда қурилган 65-сонли умумтаълим мактаби лойиҳа бўйича 900 ўринга мўлжалланган бўлса-да, айни пайтда бу билим масканида 1800 дан зиёд болалар таълим олмоқда экан. Аксарият болалар 5-6 километр наридан қатнаб ўқийди. Мактабда жисмоний тарбия ва спорт дарслари ўтилиши учун шароит етарли эмас. Чунки қишки спорт хонаси тор. Мактаб ҳовлисида бунёд этилган спорт майдончаси талабга жавоб бермайди. Атрофи сим тўр билан ўралган. Бу болаларнинг футбол ва бошқа спорт турлари билан шуғулланишлари учун хавфли. Мактаб чиқинди тўплаш ҳудуди анча вақтдан бери тозаланмаган. Афтидан “Тоза ҳудуд” масъуллари ўз вазифаларини унутиб қўйганга ўхшайдилар.
   Маҳаллада аҳолининг мушкулини осон қиладиган “Банкомат”, “Пайнет” қурилмалари йўқ. Нақд пул ечиш учун кишилар шаҳар марказига бориб келишаркан. Бунинг устига “Дорихона” ҳам йўқ.
   “Мустақилликнинг ўн йиллиги” кўчасида яшовчи хонадонлар симёғоч ўрнатилмаганлиги сабабли электр токи симларини чувалаштириб, қўлбола ёғочлар ёрдамида тортиб олишган. Тунлари қоронғи бўлиб, дайди итлар доимо хавф солиб тураркан.


   Депутат Янги Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси марказий поликлиникасининг Бўстон филиалида бўлиб, яратилган шароитлар билан танишди. Мазкур филиал замонавий кўринишда бунёд этилган бўлса-да, аллақачон бинонинг айрим хоналари яроқсиз ҳолга келиб қолган. Шунингдек, мутахассислар етишмайди. Тиббий жиҳозлар билан тўла таъминланмаган. 180 нафар беморга мўлжалланган бўлишига қарамай, яқин атрофдаги ўн бир минг аҳоли дардига шифо излаб шу ерга келади. Мулоқот давомида поликлиника замонавий компьютер билан таъминланмаганлиги маълум бўлгач, депутат шахсий компьютерини тиббиёт ходимларига совға тариқасида топширди.


  Шундан сўнг Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов “Мустақилликнинг 5 йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли турмуш тарзи билан ҳам танишди. Ушбу маҳаллада 6000 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг кундалик ҳаётида ҳам аҳолини иш билан таъминлаш, тиббий хизмат, банк, транспорт, мактаб, ичимлик сув, газ ва чиқиндилар, томорқаларни суғориш билан боғлиқ муаммолар борлиги аниқланди. Маҳаллалар йўналиш жиҳатидан бир чизиқда жойлашган.
   Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Д. Исмоилов Давлатобод туманидаги “Халқлар дўстлиги” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан ҳам учрашиб, бу ердаги муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини айтди.
Ўтказилган мулоқотдан сўнг аниқланган муаммоларни бартараф этишда Янги Наманган, Давлатобод туманлари ҳокимликлари ва вилоят миқёсидаги мутасадди ташкилотлар раҳбарлари зарур чораларни кўрадилар, деган умиддамиз.

Муҳиддин ИМОМАДИЕВ,
“Адолат” СДП,
Наманган вилоят кенгашининг
матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+