“Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги фарзандларимиз келажаги учун муҳим

20.02.2024 14:02:46

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 5 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокама қилинган эди. Хусусан, унда аҳоли турмуши учун муносиб шароитлар яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати Дониёр Юсупов ушбу йиғилишда белгиланган устувор вазифалар ижроси бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида тўхталиб ўтди:
–Таъкидлаш керакки, Президентимиз раислигида ташкил этилган йиғилишда ижтимоий масалалар, хусусан, таълим соҳасидаги ислоҳотларга катта аҳамият берилди. Айтиб ўтилганидек, кейинги етти йилда мактабгача таълимда қамров 27 фоиздан 74 фоизга етди. Янги мактаблар қурилиб, қўшимча 700 мингта ўқувчи ўрни яратилди. Президент мактаблари ташкил этилди, ихтисослаштирилган мактаблар кўпайди.
Унда нафақат тизимда бажарилган ишлар, балки соҳадаги камчиликлар таҳлил қилиниб, жорий йилги вазифалар белгиланди. Муаммоларнинг ечимлари бўйича кўрсатмалар берилди.
Президентимиз таъкидлаганидек, маҳалла раиси мактабда тарбия ва давомат масалалари, ота-оналар билан ҳамкорлик қилиш билан қизиқмайди, туман ҳокимлари, ёшлар ва ижтимоий масалага масъул ўринбосарлар мактабда маънавият ва спорт тадбирларини ташкил этишга эътиборсиз бўлмоқда.
Аксарият маҳаллаларда мактаблар, таълим масканлари билан алоқа етарли даражада ўрнатилмаган ва бунинг натижасида узлуксиз дарс қолдирадиган, мактаб ўқувчиларининг кийиниш, юриш-туриш одобларига риоя қилмайдиган, ҳуқуқбузарликка мойил ўқувчилар сони ортмоқда. Аксарият ота-оналар эса тарбияни бутунлай мактабга юклаб қўйишган. “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги деярли ўрнатилмаган.
Мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилиши белгиланди.
Шу талаблардан келиб чиқиб, Тошкент вилояти Қибрай туманидаги мактаблар фаолиятини ўрганиш ва мавжуд муаммоларга ечим излаш борасидаги чоралар кўрилмоқда. Хусусан, тумандаги 4-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган Маърифат, Мирзо Улуғбек, Фидокор, Бойжигит маҳалла бешлиги ва ота-оналар иштирокида кенгайтирилган йиғилишда айнан шу масалалар атрофлича таҳлил қилинди.
Хусусан, тадбирда Қибрай тумани миллий гвардияси масъуллари иштирок этиб, ўқувчиларнинг давомати, бу борада ота-оналарнинг масъулияти, мунтазам равишда сабабсиз дарс қолдираётган ўқувчиларнинг ота-оналарига қонунчиликда белгиланган жавобгарлик ҳақида тушунчалар берилди.
Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида мактабда яратилган шароитлар, спорт секциялари, кутубхона фаолияти, касбга йўналтириш бўйича ташкил этилган IT курслари, тикувчилик, хорижий тил тўгараклари ташкил этилгани ва ота-оналардан фақат фарзандини назорат қилиши тушунтирилди. Унда видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар асосида чора-тадбирлар белгиланди ва унинг ижроси мунтазам назоратга олиниши таъкидланди.
Мухтасар айтганда, оиладаги таълим-тарбия, маънавий-ахлоқий қадриятлар кейинчалик одамлар орасида маҳалла-кўйда, таълим муассасаларида сайқал топади. Шундай экан, Ватанимиз ва халқимизнинг эртанги кунини, жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътиборини белгиловчи баркамол авлодни вояга етказишдек улуғ вазифани “оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлигисиз ҳал этиб бўлмайди.

Насиба Зиёдуллаева.
Манба: ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+