Оила муқаддас!

23.02.2024 16:02:33

Куни кеча Тошкент вилоят, Бўстонлиқ туман Маданият саройи залида “Оила муқаддас!” мавзусига бағишланган семинар ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Бўстонлиқ туман Кенгаши раиси Акром Сайдалиев, партиянинг Халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгаши депутатлари, Бўстонлиқ тумани “Оила” илмий-амалий тадқиқот бўлим бошлиғи Лобар Шодиева, туманнинг Ғазалкент ўқув спорт техника клуби педагог ўқитувчилари, ўқувчи ёшлар ҳамда партия фаоллари иштирок этишди.


Тадбирдан кўзланган мақсад Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда иқтисодий жиҳатдан фаровон, ижтимоий-ахлоқий ва ғоявий муҳити соғлом оила негизида юзага келган жамият ва давлатнинг пойдевори мустаҳкам бўлиши оила қурувчиларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигига, рўзғор ва фарзанд тарбияси борасидаги масъулиятини кучайтириш ҳамда эрта турмуш, ажримларни олдини олишда оила муқаддаслигини тарғиб этиш, ибратли оилаларни намуна қилиб кўрсатишдан иборат.
Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Бўстонлиқ туман Кенгаши раиси Акром Сайдалиев очиб берар экан, оила жамиятнинг муқаддас маскани, энг асосий тарбия макони, оиладаги ота ибрати, она меҳри, бобо ва бувилар ўгитлари орқали миллий қадриятларимизга бўлган имон-эътиқод, ҳалоллик, меҳр-оқибат авлоддан авлодга ўтишини, фарзандларимиз онги ва қалбида муҳрланиб бориши лозим эканлигини уқтириб ўтди.
Фаолиятимиз давомида эр-хотин, қайнона, қайнота ўртасида тушунтириш ишларини олиб боряпмиз, - деди Бўстонлиқ тумани “Оила” илмий-амалий тадқиқот бўлим бошлиғи Лобар Шодиева.
Ажрашишлар натижасида алимент, мулкий низолар, маъмурий жазо сингари 15 ҳолат юзасидан турли муаммолар келиб чиқиши тушунтирилмоқда. Бу эса никоҳ бузилиши масалаларини нисбатан камайтиришга, албатта, ўз таъсирини кўрсатмоқда. Суҳбатларда ажрашиш учун ариза берган эр ёки хотин ажримларга учинчи шахсларнинг аралашуви, оилаларда бир томоннинг ҳуқуқи камситилиши, иккинчи томоннинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги сабаб сифатида кўп таъкидланмоқда. Бу ҳолатга ота-оналар кўпроқ сабабчи сифатида кўрсатилган бўлса, айрим ҳолатларда ажрашишларга асосан аёллар ташаббускор бўлаётганлиги аниқланди. Аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш, оиланинг моддий таъминотида эркакнинг ўрни, оилавий можаролар сабаб келиб чиқаётган жиноятларни олдини олиш, тенг ҳуқуқлилик масаласи, эркак ва аёлларнинг ижтимоий ҳаётда фаоллигини ошириш, иш билан бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан амалий ишлар таҳлил қилинди. Бу ташаббуслар замирида муқаддас маскан ҳисобланмиш оилани асраш, ажрашишлар сонини камайтириш сингари эзгу мақсадлар мужассам. Оила – жамият пойдевори, негизи бўлиб, кўп асрлик мустаҳкам маънавий таянчларга эгадир. Оила ҳақида фикр юритилар экан, энг аввало, буюк юнон олими Аристотелнинг “Оила – бу кичик давлат, иқтисодиёт эса уй хўжалиги (оила)ни юритиш санъати демакдир”, - деган таърифи ёдга олинади. Бизнинг мустақил юртимизда ҳам оилага бўлган эътибор азалий қадриятлар, миллий урф-одатлар билан чамбарчас боғланган ҳолда кўзга ташланади. Оила, жамият ва давлат тушунчалари доимо уйғунликда, муштарак ҳолда тилга олинади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир инсон оила муҳитида камолга етар экан, оиланинг барқарорлиги, мустаҳкамлиги ва фаровонлиги жамият тараққиётининг энг асосий шартларидандир. Оила тинч-тотув бўлса, ота-она ўртасидаги муносабат самимият ва меҳр-муҳаббат асосига қурилса, фарзандлар одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон эътиқодли бўлиб тарбияланадилар. Демак, ёшларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш барчамизнинг бурчимиздир.
Унутмайликки, эрта никоҳ ва ажримлар масаласи биргина ёшларнинг ўзигагина боғлиқ эмас. Мазкур муаммонинг олдини олиш учун ота-она, маҳалла, таълим муассасаси ва масъул ташкилотлар ҳамжиҳатликда, бамаслаҳат иш олиб боришлари муҳим ва зарурдир.
Қизғин суҳбат ва баҳсга бой ўтган ушбу амалий учрашув якунида қатнашганлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Акром Сайдалиев,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилоят Бўстонлиқ туман
Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+