Оилада ватан хизматига камарбаста инсонлар камол топади

27.03.2024 10:03:05


Ҳар бир оила жамиятнинг асосидир. Албатта, унинг мустаҳкамлиги давлат қудратини янада оширади. Шу туфайли ҳам оила масаласига дунёдаги барча мамлакатлар ўзига хос тарзда эътибор қаратади. Янги Ўзбекистонда ҳам Президентимиз бошчилигида оилалар фаровонлиги учун тинимсиз саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Яккабоғ туман Кенгаши ҳамда оила ва хотин-қизлар қўмитаси, ҳамкор идоралар билан биргаликда Қайрағоч қишлоқ фуқаролар йиғинида “Оила мустаҳкамлиги –давлат ва жамият эътибор марказида” мавзусида ташкил этилган тадбирда оилаларни янада мустаҳкамлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, ажримларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилди.
- Айни пайтда вилоятимизда 3 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, шуларнинг 2 миллионга яқинини аёллар ташкил этади, - деди тадбирда давлат бошқаруви академияси Қарши ҳудудий филиали ўқитувчиси, партия фаоли Дилрабо Чориева. -Ҳозир Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Қашқадарёдан 4 нафар, халқ депутатлари вилоят Кенгашида 20 нафар ҳамда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларида эса 103 нафар депутат хотин-қизлар самарали фаолият олиб боришмоқда. Оилаларни янада мустаҳкамлаш учун 2023 ва жорий йилнинг ўтган ойларида “Аёллар дафтари”га киритилган 87 минг 857 нафар хотин-қизларга кўмаклашишди. Вилоятдаги 1 минг 61 нафар уй-жойга эҳтиёжманд аёлларга ёрдам берилиб, 225 нафар оилага уй-жой ажратилди. 836 нафар хотин-қизларга 1,5 миллиард сўм ижара тўловлари тўлаб берилди.
– Ўзбекистонда оилани муқаддас билиш, уни кўз қорачиғидек асраш, эъзозлаш, мустаҳкамлигини таъминлаш, ўзаро аҳиллик билан муносабатда бўлиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган қадриятдир, – деди халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Дилбар Мусаева. – Қолаверса, туманимизда, айниқса, кейинги йилларда барча оилаларни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, маданий-маиший турмуш шароитларини яхшилаш, уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дарҳақиқат, ҳар қандай ривожланиш йўлини танлаган юрт тараққиёти ўз оилалари мустаҳкамлиги, тинчлиги, барқарорлиги ва манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Тадбирда ҳар бир ватандошимиз учун оила бу умрнинг бошланиши, барча фаолиятларимизнинг муқаддимаси эканлиги алоҳида таъкидланди. Ҳар бир юртдошимиз борки, ўз бахти ва саодатини, барча муваффақиятларини ўз оиласи билан бевосита боғлайди.
Тадбирда сўзга чиққан “Адолат” СДП Аёллар қаноти фаоли Манзура Раҳимова, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Жаҳонгир Кенжаев ва бошқалар оила қуриш арафасида турган ўнлаб қизларга оила қадриятлари ҳақида кенгроқ тушунча беришди. Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар бўлими мутасаддилари, туман тиббиёт бирлашмаси, Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ФҲДЁ бўлими ходимлари тадбирда иштирок этган қишлоқ фуқаролар йиғини ёшларига оиланинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари, оилавий муносабатлар, оила бюджети, саломатлик гигиенасига риоя қилиш, ислом динимизда оилада келин-куёв, қайнона-қайнота, оила бошқа аъзоларининг ҳуқуқ, бурч ва вазифалари, шу билан бирга масъулияти қандай эканлиги борасида ҳам тушунтириб ўтишди.
Тадбирда мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш ва янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан керакли жавобларни олишди.

Шоира Ҳалимова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
“Аёллар қаноти” фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+