Оиладаги зўравонликдан ким манфаат топади?

03.04.2024 10:04:28

Аёл гул мисоли нозик хилқат. Уни асраб –авайласаккина, у гул ифорларини теваракка сочгани каби, кўнгил тубидаги яхшиликларини бизга тортиқ эта олади. Аммо.. Ота –боболаримиз ҳаттоки, яшаш ҳовлимизнинг бир четидаги ҳашаротга ҳам озор беришни ман этганлар, зулм – зулмни чақиради, деб. Аммо, сўнгги йилларда аёл зотига оиладаги зўравонликларни, қабиҳликларни эшитиб ёқа ушлайсиз.
Аёл – она. У миллат давомчиси.Биз ўз авлодларимиз соғлом бўлишини истасак, нега унга озор беришимиз керак. Тақдири азални битиги, ота-онамни хоҳиш иродаси билан бир кунда синглимни узатдик, ўзим эса уйландим. Қариндош-уруғлар орасидаги айрим маслаҳатлар энсамни қотиргани ҳам рост. «Эркак киши хотин кишидан устун бўлиши керак, хотинингга юмшоқ гапириб, бошингга чиқариб олма, бошидан маҳкам ушла!».
Боболаримиз-момоларимиз «Эр-хотин ҳўкиз» деб қўпол бўлса-да, турмушни тенг олиб боришлари, бир-бирларини қўллаб-қувватласаларгина оила бекаму кўст бўлишини, фарзандлар комил инсон бўлиб камол топишини ўз ҳаётий тажрибаларига таяниб ўгит бермаганми? Нега ҳали бир хонадондан иккинчи хонадонга келин бўлиб келиб, гул мисол титраб турган ёш ниҳолга меҳр бериш ўрнига қаҳру ғазаб билан «сийлашимиз» керак? Янги туғилган чақалоқларда нега бош мия қон босими касалликлари, таянч тизими билан боғлиқ муаммолар сўнгги вақтларда кўпайиб боряпти?
Биз тоғни урса толқон қиладиган, ҳайбатидан от ҳуркадиган эркакларнинг зўравонлиги оиладаги ожиза аёлларимизга қаратилар экан, кун келиб туғилажак фарзандларимизда руҳан ва жисмонан эзилган аёлдан туғилган фарзандларда ана шу мажруҳлик намоён бўлмайдими?
Биз эркаклар ўз аҳли аёлимизни ўз зулмимиздан асрай олмас эканмиз, оиламиз келажаги, кексалик чоғимиздаги роҳатдан умид ҳам қилмасак балки тўғри бўлар. Оиладаги зўравонлик, деб шармандали ҳолатни қарангки, ўзгалар аҳли аёлимизни ҳимоясига чоғланса, ўрни келганда, қонун ҳам уни ҳимоя қила олмай қолса? Эр зулми билан тандирдаги оловда ёнаётган аёл, бошқа бир аёлнинг эса ҳаётга ташна кўзлари эри томонидан бўйнига тортилган сиртмоқнинг кучидан эрта юмилса?
Тўхтанг!!! Биз ўз боболаримизга муносиб ворис бўлайлик! Бундан 2-2 ярим аср аввал ўша тўрт девор орасида ўтирган аёллар уйида сув тугаган чоғида бўшаган челакларни дарвоза остонасига қўйиб қўяр экан. Йўлдан ўтиб бораётган эркак борки, булоқдан сув тўлдириб келиб, пақирни яна остонага қўйиб кетаверишар экан. Аёлларга, оналарга мурувватли бўлмоқ, уларнинг хизматини қилмоқ ҳам савобларни улуғи экан... Бугунги кунда зўравонликка қарши кураш, деган тадбирларни қонун кучига таянтириб қўймоғимиз ҳам оила эркакларининг шаънига, салоҳиятига, ориятига аслида зид? Балки ўйлаб кўрармиз? Бу зўравонликдан биз эркаклар қанчалик манфаат кўрамизу, қанча зиён кўрамиз?

Алимардон Акрамов,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши бош мутахассиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+