Оилалар мустаҳкамлиги-жамият тараққиёти гарови

13.12.2023 14:12:23

"Адолат" СДП Бандихон туман ҳамда “Аёллар қаноти” Кенгашлари ва туман “Наврўз” маҳалласи оила ва хотин-қизлар бўлими мутасаддилари ҳамкорлигида тумандаги 36-умумтаълим мактабида “Оилалар мустаҳкамлиги — жамият тараққиёти гарови” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда “Адолат” СДП Бандихон туман ҳамда “Аёллар қаноти” Кенгашлари вакиллари, маҳалла хотин-қизлар билан ишлаш бўлими ходимлари, депутатлар ҳамда БПТ фаоллари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар хотин-қизлар ўртасида оилага бўлган муносабатни шакллантириш, никоҳ ёшига етмаган қизлар ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини бартараф этиш юзасидан фаол жамоатчилик назоратини ташкил этиш, хотин-қизларнинг маънавий дунёсини бойитиш, замонавий аёл тафаккурини шакллантириш, қишлоқларда яшаётган ёш қизларни спортга қизиқтириш ва кенгроқ жалб этиш, аёл мураббийлар тайёрлаш ишларини рағбатлантириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлигини тиклаш учун тиббий ёрдамлар кўрсатиш масалаларига алоҳида аҳамият қаратиш лозимлигини таъкидладилар.

Мавзулар юзасидан баҳс мунозараларда жойларда аёллар фаоллигини оширишга хизмат қилиши мумкин бўлган таклифлар баён қилинди. Шу билан бир қаторда ҳудудларда хотин-қизларнинг фаолиятини қўллаб қувватлашнинг аҳволи чуқур таҳлил қилинди. Айниқса вилоятнинг ҳар бир олий ўқув юртларида, ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларда никоҳдан ўтувчи шахсларни мажбурий тиббий текширувдан ўтказиш йўли билан соғлом оила қуриш, туғруқ орасидаги муддатни узайтириш, соғлом фарзандлар кўриш учун мақбул ёшга риоя этиш, номақбул ҳомиладорлик ва қариндошлик никоҳи профилактикасини шакллантириш, шунингдек ушбу масалаларни ҳал қилишга қаратилган веб-сайт яратиб, уларда депутатлар, тиббиёт соҳасининг малакали мутахассислари, психологлар, тажрибали маҳалла оқсоқоллари ва маслаҳатчилари иштирокида мулоқотлар ташкил этиш энг мақбул йўл эканлиги қайд этилди.

Гулшода Қурбонмуродова, Бандихон туман “Наврўз” маҳалласи хотин-қизлар бўлими фаоли:

  • Бизнингча, ҳамма нарсанинг асоси маънавий етукликка бориб тақалади. Ахлоқимизга ташқи жиҳатлар салбий таъсир кўрсатаётган экан, улардан ҳимояланишнинг ягона йўли ҳам маънавий етукликдир. Маънавий етук инсон оила деб аталмиш муқаддас қўрғонни асраб авайлашга интилади. Оиланинг бир бутунлигини ташкил этаётган эр ва хотин маънан бой, ақлан камолга етган бўлса, ҳар қандай зарарли таъсирларни олдиндан кўради ва оиласини ҳимоя қила олади. Айни пайтда, фарзандлар тарбиясига ҳам шу мезонлардан туриб ёндашади.

Тадбирда маърузалар юзасидан  иштирокчилар ўз фикр мулоҳазаларини ва таклифларини билдиришди. Тадбир, иштирокчилар ўртасида қизғин савол-жавоблар ҳамда баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди.

Интизор Маматсолиева,
Бандихон туман “Аёллар қаноти”
Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+