Олам узра янграйвер, мадҳиям садолари!

11.12.2019 12:12:53

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча гўшаларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат  мадҳияси тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганининг  27  йиллигига бағишланган “Ватаним – фахрим, ғурурим” деган бош ғояни ўзида мужассам этган “Ғурурим мадҳиям, фахрим мадҳиям” номли маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Мазкур кечаларда мадҳиямизнинг асосчилари Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ артисти, бастакор Мутал Бурхоновлар ҳамда мадҳиямизнинг яратилиш тарихи ҳақида сўзлар айтилмоқда, илиқ хотиралар ёдга олинмоқда.

Дарҳақиқат, давлатимиз, мамлакат суверенитетини ифодаловчи муқаддас тимсолдир. У халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, ҳар биримизга фахру ифтихор бағишлаши билан бирга, маънавиятимизнинг энг муҳим тимсолидир. Шу боис мадҳиямиз янграганда биз руҳан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз.

Истиқлол йилларида халқимизнинг маънавиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, навқирон авлоднинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда. Мадҳияда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғуллар тараннум этилган.

Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар нарсадан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз, айниқса, ёш авлоднинг ёдда тутиши муҳим эканлигини айтиб ўтиш лозимдир. Бугун Миллий мадҳиямизнинг муаззам садолари  давлатимиз раҳбарининг турли мамлакатларга расмий ташрифлари чоғида, юртимизга келган хорижий мамлакатларнинг раҳбарларини кутиб олиш маросимларида, йирик халқаро анжуманлар, спорт мусобақаларида ва спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларида энг баланд шохсупага кўтарилган пайтида баралла янграётганига барчамиз бирдек гувоҳ бўлмоқдамиз. Мустақил Ўзбекистон мадҳиясининг мақсад-муддаоси мурғақ жондаги шахсни уйғотиш, юксак ижтимоий мурод-мақсадлар мезонларига мувофиқ равишда камол топтиришдан иборатдир. Шундай экан, қалбларни ғурур ва ифтихорга тўлдирувчи мадҳиямиз садолари олам узра янграйверсин.

Зулайҳо АҲМАДЖОНОВА,

 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Ахборот хизмати мутахассиси,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+