Она тилимиз келажак авлодга софлигича мерос бўлсин

22.09.2020 13:09:42

 

Она тили – миллатнинг руҳи, унинг ор-номуси, маънавий қиёфаси, орзу-умидларининг намунасидир. Она тили миллатнинг бирлиги ва бирдамлиги тимсолидир. У миллатни ягона халқ сифатида ўз атрофида бирлаштиради ва дунёда борлигини таъмин этади. Ҳар бир миллатнинг ўз ватани, оиласи бўлгани каби унинг жонажон ва бетакрор она тили ҳам мавжуддир. Инсон учун унинг ватани, ота-онаси, оиласи қанчалик қадрли бўлса, она тили ҳам шу қадар азиз ва муқаддас. Ҳаттоки, гўдак ҳам ўз ватанини, ота-онасини, дунёни ўз она тили орқали англайди ва атай бошлайди. Фарзанд тарбиясида онанинг ўрни беқиёс бўлганидек, инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топишида, камолотга эришишида тилнинг ўрни улкан аҳамиятга эга. Шу боис, тилни онага қиёслаб “она тили” деб атайдилар. Тил инсон вужудида қон-қонига сингиб оқади. Жамики эзгу фазилатлар, аввало, она алласи ва она тилининг бебаҳо жозибаси орқали сингади. Турк дунёсининг буюк маърифатпарвар ижодкори Исмоилбек Гаспирали айтганидек, “Миллатнинг икки асоси бордур. Бу уларнинг тили ва динидур. Агар миллат ҳаётидан шу иккисидан бири суғуриб олинса, бу миллат таназзулга юз тутур”.

Сувсиз дарё бўлмаганидек, тилсиз миллат ҳам вужудга келмайди. Бирор миллатга мансуб бўлган тил ўша миллат билан яшайди ва бардавом бўлади. Ота-боболаримиз қадимдан тилни авайлаб-асрашган, ривожлантиришган. Масалан, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Лутфий ва бошқалар.

Биринчи Президентимизнинг таъбири билан айтганда,  “Ўзликни англаш, миллат ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-миллий боғлиқлик тил орқали вужудга келади”. Бу фикрларни доимо ёдимизда тутишимиз керак. Дарҳақиқат, тилсиз миллат ривожланмайди, тараққий  этмайди.

1989-йил 21-октабрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Ўзбекистон Республикаси Конститутсиясида ўзбек тили мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Ўзбек тили ҳақидаги қонун қабул қилинганидан сўнг барча давлат ҳужжатлари ўзбек тилида юритилади, газета ва журналлар ўзбек тилида чоп этила бошлади.

Ҳаммамизга маълумки, мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан ва техника, саноат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу борада амалга оширилган  ишларнинг  энг  муҳимларидир.

Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги. Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки, бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади. Тил миллатнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муомала воситаси, балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига ҳурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва ҳурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам ҳар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади. ХХII аср ўрталарига бориб, хитой тили асосий тил бўлиб олиши мумкин. Олимларнинг фикрича, тил яшаб қолиши учун ундан камида бир миллион киши сўзлашиши керак экан. Бироқ бундай тиллар дунёда атиги 250 тадир. Ўзбек тили ҳам мана шу рўйхатда борлиги қувонарли, албатта.

Биз ўз она тилимизни асраб-авайлашимиз, унинг нуфузини оширишимиз, гўзал ва софлигини авлодларга мерос сифатида қолдиришимиз, дунёга танитишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. “Тил яшаса, миллат яшайди”. Агар биз ўз тилимизнинг кўркамлиги, бойлигини дунёга тараннум этсак, миллатимиз янада чароғон, бирлигимиз мустаҳкам бўлади. Зеро, рус тарихчиси Скобелев айтганидек, “Миллатни йўқ қилиш учун у ерга қурол кўтариб бориш шарт эмас, унинг тилини, маънавиятини, адабиётини йўқ қилиш керак, шунда миллатнинг ўзи йўқ бўлиб кетади” деган, фикри нақадар тўғри эканлигини кўришимиз  мумкин.

Шу ўринда адиб Абдулла Ориповнинг қуйидаги мисраларини ҳам келтириш мумкин.

                                      Она тилим, сен борсан, шаксиз,

                                      Булбул куйин шеърга соламан.

                                      Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,

                                      Мен ҳам тўти бўлиб қоламан.

Она тилимиз, ўзлигимиз, миллатимиз, ғуруримиз ва эртанги кунимиздир. Шундай экан, она тилимизни келажак авлодга софлигича етказишимиз учун уни кўз қарочиғидай асраш муқаддас бурчимиз эканини унутмайлик!

                                                                                                                  Меҳрибон ҚЎШНАЗАРОВА,                                                                                                                      Ўзбекистон “Адолат” СДП         

                                                                                          Хоразм вилоят Аёллар қаноти раиси,

                                                                                                                            Халқ таълими аълочиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+