Оналик ва аёллик бахти мукаммал бахтдир

20.03.2024 15:03:13

Биз ҳамиша аёлларни эъзозлаганда уларнинг меҳру муҳаббати, зеболиги, оилапарварлиги, рўзғори, боласи-чақам деб, ўзини ўтга-чўққа уриши, меҳнатсеварлиги, саранжом-саришталиги, оиладаги ўрни, жамиятдаги мавқейига тўхталамиз. Аммо ҳали буларнинг барчаси жамиятимизда хотин-қизларнинг ўрнини тўлиқ баён этишга камлик қилади. Аёл — оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг кўркидир. Аёллар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир. Чунки, аёл меҳнати билан жамият янада ривожланади.
Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтириш, битирувчи қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, оила асосларини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти ҳамда бу борада кўплаб чора-тадбирлар белгиланиб, уларнинг ижроси таъминланиб келинмоқда.
Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирилди. Хотин-қизлар ҳам зиммаларидаги масъулиятни тўлиқ ҳис этиб, қайси соҳада бўлмасин, самарали меҳнат қилиб, юрт равнақи, халқ фаровонлигига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Жумладан, ўзининг таровати, баъзан шиддати билан баҳор фаслига қиёсланган аёллар ҳақида ушбу фаслда бу сўзларни айтишга минг чандон ҳаққимиз бор, чунки аёл она сифатида ўз вазифалари, оиладаги ишларига ҳам улгуриб, ҳам давлат ишларида, маҳалла, мактаб, боғча, давлат ташкилотларининг асосий меҳнат жабҳаларида хизмат қилишмоқда.
Бир аёл депутат, аёл раҳбар сифатида мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, бу борада олиб борилаётган ислоҳотларни гувоҳи бўлиб, шундай диёрда яшаётганимдан фахр ҳиссини туяман. Давлатимиз томонидан аёлларимиз, муҳтарама оналаримиз ва опа-сингилларимизнинг ўрни ва мавқейини кўтариш борасида жуда кўп ишлар қилинмоқда. Буни теран ҳис этган ҳолда ана шу эътиборга муносиб ҳолда иш олиб бориш барчамизнинг вазифамиздир.

Тозагул Ҳолиқова,
Халқ депутатлари Самарқанд вилоят
Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+