Оқ қўрғонлик ёшлар билан учрашув

16.02.2021 17:02:13

“Адолат” СДП Оққўрғон тумани Кенгаши фаоллари туман маданият марказида “Бойгули” маҳалла  ёшлари билан очиқ мулоқот ўтказишди.

“Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз!” мавзусидаги учрашувда Халқ депутатлари Оққўрғон тумани Кенгаши депутати Алишер Қурбонов, партиянинг “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгашлари,  “Ёшлар парламенти”, “Адолатнинг фаол адолатчи аёллар клуби” аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан депутат А.Қурбонов  “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш  йили” Давлат дастури мазмун-моҳияти, айниқса, унда белгилаб берилган устувор вазифалар, имтиёзлар  борасида атрофлича фикр юритди.

Таъкидланганидек, янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда барпо этамиз, деган улуғвор мақсадлар замирида эртанги келажагимиз, юртимиз тараққиёти масаласи турибди.

- Давлат дастурининг асосий мақсади  ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқ фаровонлигини оширишга қаратилган, дейди - А.Қурбонов. -  Давлат дастурининг қабул қилинишини бутун халқимиз, айниқса, ёшлар катта хурсандчилик билан кутиб олди. Сабаби, унда халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, айниқса, ёшларимизни қўллаб-қувватлаш учун кўплаб янги имтиёз ва имкониятлар кўзда тутилган. Масалан, олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл олган икки юз нафар талаба учун Президент гранти тақдим этилиши яхши хушхабар бўлди. Яна бир муҳим жиҳат — бир оиладан икки ёки ундан ортиқ фарзанд шартнома билан ўқиса, уларга ўқишни тугатгунга қадар имтиёзли таълим кредити берилади.  Ўйлайманки, ёш авлод таълим- тарбияси учун қанчалик жон куйдирсак,она юртимиз келажагига шунчалик мустаҳкам пойдевор қўйган бўламиз.

Мулоқот давомида халқ вакили “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунга ҳам тўхталиб ўтиб, бу борада юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ҳамда “Таълим тўғрисида”ги қонун шунингдек, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” чин маънода ёшларнинг келажаги давлат сиёсати даражасида эканини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда, адабиёт,  санъат,  спорт  ва бошқа йўналишларда йил давомида турли ютуқларни қўлга киритган иқтидорли ёшларга, шунингдек, туман ижтимоий ҳаётида фаоллик кўрсатиб келаётган ёшлар вакилларига партия  томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Бундан ташқари,  мулоқот чоғида дупутатга маҳаллада вақтинча тикувчилик маьлумотига эга,  лекин хозирда ишсиз бўлган Шаҳло Жураева  тикувчилик цехи очишда жой масаласида ёрдам сўраб мурожаат килди. Ушбу муаммо жойида ҳал бўлди. Ш.Жураевага  туман маданият бўлимидан жой ажратилиб, тўгарак раҳбарлиги лавозимига ишга қабул килинди.  У ҳудуддаги 12 нафар ёшларни бепул тикувчиликка ўргатадиган бўлди.

Тадбир якунида  ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди ҳамда  талаб ва таклифларини билдиришди.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+