Ўрганиш натижалари сессия қарори билан амалиётга йўналтирилди

25.11.2020 22:11:05

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қўшкўпир туман Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан партиянинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида олиб борилган ўрганиш натижалари  туман Кенгаши сессияси кун тартибига киритилди.

Партиянинг сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида партия Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган мазкур лойиҳа доирасида  тумандаги кўчалар, ташкилот ва муассасалар ободонлиги, атроф-муҳит тозалигига  қай даражада риоя қилинаётгани ўрганиб чиқилди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари  ҳамда  корхона ва ташкилот раҳбарлари  эътиборига маҳаллалардаги кўчалар тозалиги ва ободонлиги талаб доирасида эмаслиги қаратилди. Шунингдек, корхона ва ташкилот раҳбарлари ўзлари фаолият юритаётган жойларда тозаликка риоя қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиб, ижроси таъминланишини, аҳолининг  санитария-гигиена ва тиббий маданиятини оширишда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда сайёр учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этиб бориш, аҳолини жалб этган ҳолда, оммавий хашарларни ташкил қилиш ва уларда фаол иштирок этиш вазифаси юклатилди.

Қўшкўпир туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи О.Хожимовга маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан биргаликда аҳоли ўртасида чиқиндини белгиланмаган жойларга ташлаб кетиш, аҳолининг тозалик маданиятини ошириш мақсадида маҳаллалардаги ёши улуғ ва халқ орасида  ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган нуронийлар, маҳалла фаоллари кўмагида тушунтириш ишларини амалга ошириш топширилди.

“Тоза ҳудуд”  ДУК Қўшкўпир туман бўлими бошлиғи Ш.Кенжаев зиммасига тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари  тўғрисида”ги Ўзбекстон Республикаси Президентининг  2017 йил 21 апрелдаги қарори ижросини босқичма-босқич таъминлаш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.

Туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи  Ю.Маткаримовга  туман марказий кўчаларида ободонлаштириш ишларига  алоҳида эътибор қаратиш вазифаси топширилди.

Қарор ижросининг бажарилишини назорат қилиш Халқ депутатлари туман Кенгашининг  доимий комиссиялари зиммасига юклатилди.

Қарор ижроси амалиётга йўналтирилди.

Воҳада сессия йиғилишларига масала киритиш давом этмоқда.

                                                                                                                         Замира АБДУЛЛАЕВА,
                                                                                               Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                             Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+