Ортиқча маблағингиз борми?

20.04.2020 12:04:26

Бугун Пайариқ туманида хам ҳомийлик маблағларини мувофиқлаштириш маркази фаолият юритаётганлигини ва марказнинг ўз манзили борлигини,  марказ “Фаровон” МФЙ, Самарқанд кўчаси 65-уйда фаолият олиб бораётганлигини тумандошларимиз кўриб, эшитиб туришибди.

Айтмоқчи бўлганимиз шуки, марказ олдида жуда катта вазифалар бор. Қадимдан халқимиз сахий бўлган. Бу бўйича жуда кўп эртак, афсоналар эшитиб катта бўлганмиз. Халқимиз бировдан ёрдамини, қўлида борини аямаган. Бугун ҳам шундай бўлиши керакдай чамамда. Чунки биламизки, маҳаллада иқтисоди мустаҳкам, салга “юпунлашиб” қолмайдиган,  борингки, 2-3та машинага, икки-учта участкага, 5-10 та қорамолга эга одамлар ҳам кўп. Аммо шу билан бирга камбағаллар, йўқликдан қийналиб қолганлар, уй боқувчиси ишга чиқолмаётганлар ҳам етарли. Айниқса бугунги кунда. Шу ўринда бугун Челакка, Самарқандга, қишлоқларга  одам ташийдиганлар, бировнинг уйида қурилишини бажариб пулини оладиганлар, чет элдан келганлар, кийим-кечак сотиб кун кўраётганлар уйидалигини ҳам кўряпмиз. Аммо уларнинг ҳам оиласи, боласи, рўзғори бор. Биламизки, уларнинг ҳаммасига ҳам ёрдам беролмаймиз. Чунки бировининг йиғиб қўйганлари, бировининг етарли маблағи бор. Аммо шуларнинг ичидан ҳам ёрдамга муҳтожлари бўлса, уларни ҳам маҳаллалар орқали аниқласак, яхши бўларди.

Ундан кейин маҳаллада аввалдан маҳалла берадиган моддий ёрдамни чиндан ҳам кутиб, шунга умид қилиб, ишониб боласини боқиб юрганлар бор. Ана шу қатлам асосий эътиборда бўлиши керак. Чунки маҳаллаларга бориб одамлар билан гашлашганимизда бундай одамларнинг исми тез-тез тилга олиниб қолади. Биласиз, одамлар учун энг асосий масала ун. Бугун ҳукуматимиз томонидан ун савдоси биржадан олиниб, халқимизга меъёрдаги нархларда тарқатилиши эълон қилинди. Аммо рўзғор фақат ун эмас-да.Ҳали у, ҳали бу дегандай,  рўзғор ғор ҳисобланади. Ҳаттоки Америкадай ривожланган жойларда 16 миллион одам давлат ёрдамига муҳтож бўлиб турганда биз ҳам маҳаллалардаги кам таъминланганлар ҳолини “мўътадил”лаштириб туришимиз лозимдай.

Шу каби мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, асалари, парранда боқиш ва бошқа имтиёзли соҳаларда ҳам одамларни танлашда уларнинг уқуви, ишбилармонлиги билан бирга уларнинг шу орқали кун кўриб кетишига қарашимиз керак. Эртага уларга шу учун кредит берилса, бир йил ўтиб биздан бойиб кетишини тилайлик.

Юқорида айтганимиз, ҳомийлик маблағларини мувофиқлаштириш марказига маблағ тушириш ва бунга хонадонида, ишхонасида эмин-эркин иқтисод юрита олаётган одамларни ҳомийликка даъват этсак яхши бўларди. Шундай одамлар борки, пулларидан шу ҳомийликка атагиси, хоҳиш-иродаси билан бергиси келади. Аммо уларни топиш ва ундаш керак. Масжидлар уламолари, гузарлар оқсоқоллари, зиёли муаллимлар, ўзига тўқ тадбиркорлар бу ҳақда ўйлаб кўрса арзийди. Чунки бугунги яхшилигимиз ўн йиллардан кейин ҳам эсда туради. Албатта, “бировга пул бер” дейиш билан “Пандемия даврида кам таъминланганларга моддий ёрдам зарур” дейишнинг фарқи осмон билан ердай. Шу бўйича ўйлаб кўришимиз, одамларга бу борада гапиришимиз керак. Аммо сира мажбурлаш эмас.

Иккинчиси, боқувчисини йўқотганлар, ажрашганлар, етим болаларни боқаётган оилалар, ёш, лекин уйсиз оилалар, ижарада яшаб бола катта қилаётганлар, ота-оналаридан ажралиб, бобо ва бувиси билан қолганлар, касалмандлар, ишга ярамайдиганлар, ногиронлар, ногиронга қараётганлар бор. Шунинг учун юқорида айтган марказ фаолиятини кенгайтирмасак бўлмайди. Бунинг учун Пайариқ туманида ҳам етарли имкониятлар ва қўполроқ айтганда, яхши маънода  бой бўлиб кетганлар, аммо хайр-саховатга мойил кишилар кўп. Буни ҳар томонга, ҳар маҳаллага қараб кўрса бўлади. Шунинг учун, азизлар, бу марказ фаолиятини қўллаб-қувватлайлик.

Бугун кимгаки, “ҳа” деб мадад берсак, у буни эслаб қоладиган давр. Орамизда яхшилар кўп. Фақат уларга  бу борада ахборот етказиш керак. Шундай кунларда бирлашсак, юқорида санаганимиз-ёрдамга муҳтожларга саховат кўрсатсак, Оллоҳ ҳам ҳаётимизни ўнглайди, хайр-саховатимизнинг бирига минг беради, янада яхши кунлар кўришимизга имконият яратилади. Фақат”нарх-наво ошиб кетди” деб ваҳима кўтаришдан фойда йўқ. Бугун буни ҳамма билиб турибди. Шундай экан, ишга киришайлик ва марказ билан телефонда боғланайлик, кўнглимиздан чиқариб яхшилик учун имконият очайлик. Аммо барибир ҳеч қачон мажбурий эмас. Сиз бунга нима дейсиз?

 

Азамат ТАВБОЕВ,

Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+