Орзуларимиз амалга ошадиган имкониятлар очилди

15.12.2020 15:12:32

Ҳурматли Президентимизнинг 12-13 декабрь кунлари Хоразм диёримизга ташрифи ҳар қачонгидан ҳам кўплаб соҳаларни ислоҳ қилиш баробарида  воҳамизни янгиланиши, ривожланиши учун  янгидан-янги илғор ва ҳаётий ғояларни илгари сурди.

Айниқса,  таълим соҳасига ҳамда касб эгаларига қаратган эътибори ҳар бир касбдошим орзулари рўёбга чиқишида  дастуриламал бўлди.

Биз нимани орзу қилган, нимани хоҳлаган бўлсак, ҳурматли Президентимиз ўз лойиҳасида бандма-банд ёритиб ўтдилар.

Сўнги йилларда халқ таълими соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, охирги икки йил мобайнида бизнинг Тупроққалъа туманида битта янги мактаб қурилди, мавжуд эски мактаблар реконструкция қилинди. Шунга қарамай, ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар кўп, биз ўқитувчилар таълим сифатини оширишимиз керак!

Айниқса, лойиҳанинг 22-моддасида назарда тутилаётган педагог ходимнинг таълим соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун ҳар ойлик базавий лавозим маошига устамалар тўлаш ҳақидаги норма жуда муҳим, деб ўйлайман!

Чунки ўқитувчилар мақола ёзаман деб кўп вақтини сарфлашмоқда. Ваҳоланки мактабда дарс муқаддас. Шунинг учун ҳам “ақлли” мактаб яратиш мақсадга мувофиқ.

Ўқитувчиларнинг аттестациядан ўтиши ҳам осонлашди. Илгари 5 йил кутиш керак эди.

Педагог ходимлар учун беш йилга қисқартирилган ҳолда, яъни 50 ёшда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқининг берилиши ўқитувчиларга бўлган катта эътибор деб ҳисоблайман.

19-21 моддаларда малакали педагог ходимни рағбатлантириш, тоифалар бўйича ҳақ тўлаш, соғлигини тиклаш учун моддий ёрдам бериш кўзда тутилган. Бунданда юксак эътибор бўлмаса керак.

Мен 2016 йилда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланганман. 2019 йил ҳурматли Президентимиз қарори асосида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан “Спарк” автомобили сотиб олишга муяссар бўлдим.

Хабарингиз бор, ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларда рус тилини ўқитишни яхшилаш мақсадида Россия Федерациясининг Маориф вазирлиги билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Унга кўра россиялик педагоглар Ўзбекистонга келиб, ҳудудий малака ошириш марказларида рус тили ўқитувчиларимизнинг малакасини оширишга ёрдам берадилар. Мен ҳам қатнашаман, бу жуда катта фойда беряпти. Семинарлар жуда қизиқарли ва мазмунли ўтказилмоқда.

Шундай замонда яшаб юрганимдан хурсандман. Ниманики орзу қилсанг, шунга эришасан!

                                                                                                      Роза ИБРАГИМОВА,

                                                                        Халқ депутатлари Тупроққалъа туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+