Ўз кучига ишонмаган партиянинг мақсадлари ҳам майда бўлади

22.11.2019 21:11:06

“Миллий тикланиш” газетасининг 20 ноябрь сонида сиёсий шарҳловчи Шарофиддин Тўлагановнинг “Жаноби экологлар, катта гапмирманг!” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Унда Экологик партия вакилининг гапларига эътирозлар баён этилган. Мен шу ўринда ўша эътирозларга жавоб беришни Экологик партия вакилларига қолдираман. Ҳозир қуйида билдирмоқчи бўлаётган мулоҳазаларим бошқа масалада.
Мазкур мақолада жаноб Тўлаганов матннинг охирги хатбошисида қуйидаги гапларни ёзган: “Яқинда қайсидир партия "коррупцияни таг-томири билан қўпориб ташлаймиз" деганида кулгим келганди. Катта гапирмайлик дегандим ўзимга ўзим...”.

Жаноб Тўлаганов бу билан яқинда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан илгари сурилган Ўзбекистонда коррупцияни йўқотиш ҳақида билдирилган фикрларга қарши писанда қилаяпти. Ҳа, айнан Ўзбекистон Адолат СДП коррупцияни илдизигача қуритишни мақсад қилган ва келажакда партия коррупцияга қарши курашда охиригача боради ва бу асло муболаға эмас. Албатта, коррупцияни охиригача тугатиб бўлмас, аммо бу масалада шунчаки қўл қовуштириб ўтириб бўлмайди.
Коррупциядан гап кетганда Тўлагановнинг писандаси мутлақо ошиқча. Шундай экан, бу жанобга айтар сўзимиз шу-ки, сиз коррупцияни батамом йўқ қилишга тарафкаш бўлмасангиз, майли, бошқаларнинг гапига писанда қилиб ўтираверинг. Буни “Адолат”нинг ўзи уддалайди.

Нима ҳам дердик, “Миллий тикланиш”нинг куйчиси жамиятда коррупция маълум миқдорда сақланиб қолишига рози экан, на илож! “Адолат” партияси эса коррупция мамлакат равнақига ғов бўлаётган иллат эканлигини, шу учун авваламбор уни йўқотмасдан тараққиётга эришиб бўлмаслигини таъкидлайди ва унга тиш-тирноғи билан қарши. Бунинг хайрон қоларли жойи йўқ.
Албатта, коррупцияга қарши кураш оддий иш эмас. Бу иллатни осонгина йўқ қилиб ҳам бўлмайди. Аммо, унга қарши курашни босқичма-босқич амалга оширган ҳолда, уни тамоман йўқ қилишни олий мақсадга айлантирилиш лозим. Халқимизда бу учун куч, салоҳият, имконият етарли, сайловларда муносиб партияга овоз бериш орқали ушбу омиллар янада кенгайтирилиш эҳтимоли юқори.

“Адолат” СДП сайловолди дастурида коррупция билан курашиш – бу нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи ва вазифаси эканлигини эътироф этган. Шунинг учун ҳам партия коррупцияни илдизи билан йўқотиш масаласини ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу ҳар бир соҳада адолат тизимини мустаҳкам ўрнатиб, аҳолининг ҳамда фуқароларнинг коррупциоген омилларга қарши курашга даъват этади.
Дастурда яна давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи тузилмалар фаолиятида қонунчилик меъёрларининг бузилишига, уларнинг нотўғри ва эркин талқин этилишига, шунингдек, тўрачилик, расмиятчилик ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилиши айтиб ўтилган. Партия ўз фаолияти давомида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида олдини олиш, уларни аниқлаш ва чек қўйилишини таъминлаш, уларниинг оқибатларини, шунингдек, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таклифларини илгари сурган. Бунда эса “Адолат” коррупцияга қарши кураш стратегиясини ишлаб чиқиб, қонунчиликни шунга мувофиқлаштирилишни назарда тутади.
Социал-демократия йўналишидаги партия аҳолининг барча қатламлари орасида, айниқса, ёшлар орасида коррупцияга қарши муросасиз кураш маданиятини шакллантириш ҳаракатига тушгани сир эмас. Сиёсий жараёнларни теран нигоҳ билан кузатаётган ҳар қандай инсон буни осонгина англай олади. Жумладан, “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинишига, фуқароларимизни ушбу иллатга қарши курашга рағбатлантирувчи нормаларни амалдаги қонунларга киритишга эришиш орқали расмиятчилик, бюрократия, шу билан бирга коррупциянинг турли кўринишларига чек қўйиш мақсади “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида аниқ-лўнда ёзиб қўйилибди.
Аҳамиятлиси, бу фуқаролар олдидаги муаммоларнинг аниқ ечимини ҳал этишда, давлат органлари фаолиятини янада такомиллаштиришда, давлат хизматларининг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаб, фаолиятларини тартибга солишда хизмат қилади. Шунингдек, давлат хизматчиларининг активлари ҳақидаги ахборотни оммавий эълон қилиб бориш орқали фуқароларнинг давлат хизматчиларига бўлган ишончини оширишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб борилади. Давлат хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларини ўз даромадлари, харажатлари ҳақидаги маълумотларни ҳаммага эълон қилиш ва солиқ идораларига тақдим этишга мажбур қилувчи қонун лойиҳасини киритиш ҳам дастурда алоҳида қайд этилган.
Умуман олганда, мақола муаллифи шу жумлага келганда холислик қилибди. “Катта гапирмайлик дегандим ўзимга ўзим”, деб ёзилган. Ҳа, жуда тўғри, ўзингизга шундай маслаҳат беринг. Бу сизнинг партиянингиз учун айни муддао. Кучингиз етишига ишонмасангиз, майда мақсадлар билан ўралашиб юраверганингиз маъқул. Ҳамма кўрпага қараб оёқ узатади ахир.

Ғайрат Йўлдошев,

журналист

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+