Ўзбек ўғлонининг ўлмас мероси

13.12.2019 14:12:44

Ҳамид Олимжон бугун ҳаёт бўлганида 110 ёшни қаршилар эди. Яна қанчадан-қанча Ватанни, муҳаббатни, садоқатни тараннум этувчи шеърлар, достонлар битган бўлар эди. Болалигидан онаси Комила аядан эшитган шеърлар, эртаклар дунёсида улғайган Ҳамид Олимжон мурғак қалби билан шеъриятга меҳр қўйди. Унинг илк шеърий машқлари талабалик йиллариданоқ, газеталарда чиқа бошлади. Тез орада “Кўклам” номли биринчи шеърий тўплами ҳам нашрдан чиқди.      

Куни кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда “Буюк ўзбек шоири ва жамоат арбоби Ҳамид Олимжон таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш бўйича чора-тадбирлар режаси” ижросини таъминлаш мақсадида шоир хотирасига бағишланган маънавий-маърифий кеча тантанали руҳда ўтди.

Куннинг биринчи ярмида Ёзувчилар уюшмаси жамоаси, шоирлар, адабиётшунослар, санъат арбоблари иштирокида “Чиғатой” қабристонида шоирни хотирлаб, қуръон-тиловат қилинди ва қабрига гулчамбарлар қўйишди. Унда йиғилганлар шоирни илиқ хотиралар билан ёдга олишди.

Куннинг  иккинчи ярмида йирик олим таваллудига бағишланган хотира кечаси Ўзбекистон Миллий академик драма театрида давом этди. Театр фаесида шоир ижодига оид китоблар кўргазмаси ташкил этилди.

Чироқлар ўчирилди. Саҳнада ёрқин рангларда Ҳамид Олимжон сиймоси гавдаланди. Тадбир аввалида адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди. Шундан сўнг Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним образида ёш актёрларнинг чиқиб келиши саҳнани нурга тўлдириб юборди.

Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов сўзга чиқиб, Ҳамид Олимжон ўзбек шеъриятида жўшқин лиризмга асосланган шеърият мактабини яратган шоир эканлиги, у драматургияда,  адабиётшуносликда, фольклоршуносликда истеъдодининг энг юксак чўққиларини намоён этганлиги ҳақида гапирди. Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир шоир хотирасига бағишланган шеърини ўқиб берди.

 -Ҳамид Олимжон таржимонликда ҳам ўзига хос бир мактаб ярата олди, - дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким. - У А.Пушкин, Л.Толстой, М.Горкий, В.Маяковский, М.Лермонтов, Н.Островский асарларини таржима қилди. Ўзбек адабиётининг долзарб масалалари бўйича қатор илмий-танқидий асарлар яратди.

Дарҳақиқат, ўзбек халқининг атоқли фарзанди, драматург Ҳамид Олимжон ўзидан ўлмас мерос қолдирди.  Шоир ўзининг «Дарё кечаси», «Чирчиқ соҳилларида», «Ўлка», «Бахт» тўпламлари, «Икки қизнинг ҳикояси», «Ойгул билан Бахтиёр», «Зайнаб ва Омон», «Семурғ» каби достонлари билан новатор шоир сифатида даврининг илғор ғояларини тараннум этди. Унинг кўплаб асарлари қардош ва хорижий халқлар тилларига таржима қилинди.

Хотира кечаси давомида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби ўқувчилари шоирнинг шеърларидан парчалар ўқишди. Ардоқли санъаткорлар томонидан шоир сўзи билан басталанган қўшиқларнинг ижро этилиши кечага ўзгача завқ бағишлади.

Чиндан ҳам филология фанлари доктори Наим Каримов таъкидлаганидек, Ватан ва халқ севгиси, азалий ўзбекона қадриятларга садоқат Ҳамид Олимжон ҳаёти ва ижоди учун раҳнамо куч ва илҳомбахш қудрат бўлган. Юксак инсоний эътиқод соҳиби Ҳамид Олимжон қадрдон Ватани ва халқининг маданий тараққиёт йўлидан мардона одимлар билан бориш учун астойдил тер тўкди. Унинг асарлари ҳали-ҳамон бизга эстетик завқ, руҳий озуқа, яшаш ва ишлаш учун куч беришда давом этажак.

Зулайҳо АҲМАДЖОНОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Ахборот хизмати мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+