Ўзбек санъатига берилган муносиб баҳо

01.06.2020 11:06:45

Дунёдаги бошқа биронта халқни камситмаган ҳолда айтиш мумкинки, биз, ўзбеклар тарихи ўнлаб асрларга бориб тақаладиган маданиятга эгамиз. Муҳим маънавий ва маърифий қадриятлар  манбаи ҳисобланмиш мазкур соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган арбобларни, улуғ алломаларнинг машаққатли меҳнати ва истеъдоди туфайли яратилган асарларни ҳар биримиз яхши биламиз ва қадрлаймиз. Улар биз учун улкан битмас-туганмас маънавий меросдир.

Аммо ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Замон ўзгаради, одамларнинг тафаккури кенгаяди. Шу билан бирга маданият ҳам ривожланиб боради. Демак, бошқа жабҳаларда бўлгани каби мазкур соҳада ҳам давр билан ҳамқадам бўлиш даркор. Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан танишарканмиз, ушбу ҳужжатда халқимизга ўзининг бутун салоҳиятини ишга солиб, яратувчилик, бунёдкорлик, ижодкорлик, мушоҳадакорлик борасида тинимсиз изланшии, бундан эстетик завқ олиши ва бу жараёнда руҳан юксалиши учун янги имкониятлар юзага келганлигига гувоҳ бўламиз.

Мен ишлайдиган Наманган шаҳар маданият бўлими ходимлари бугунги кунда коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантинда бўлиб турибдилар. Аммо қадимдан маълумки, ижод ва изланиш ҳеч қачон тўхтамайди. Биз телефон ва ижтимоий тармоқлар орқали ўзаро боғланиб, фармон ҳақида фикр алмашдик. Ҳаммамиз мазкур ҳужжат соҳа тараққиётини янада юқори даражага кўтаришга хизмат қилади, деган хулосага келдик.

Фармоннинг ҳар бир сатрида юртимизда маданият ва санъатни равнақ топтириш ҳақида ғамхўрлик сезилиб турибди. Унда белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш халқимизнинг  моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини асраб-авайлаб сақлаган ва кенг тарғиб этган ҳолда  халқ оғзаки ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштириш, Ўзбекистоннинг жаҳон маданий маконига фаол интеграциялашувини таъминлаш, бу йўлда  инновацион ғоялардан кенг фойдаланиш имконини беради. Жорий этилиши кўзда тутилган қатор талаблар шу мақсадга эришиш учун кўмаклашади. Ўз навбатида соҳа ходимларининг обрў-эътибори янада юксалади.

Масалан, бундан буён концерт-томоша хизматлари давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг буюртмаларига асосан  ёзма ва ҳақ эвазига тузиладиган шартнома асосида тақдим этилади. 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказиладиган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилади. Янги ташкил қилинадиган санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси уларнинг ўзига хос ҳимоячисига айланади. Яна бир эътиборли жиҳат - ижодкор ва ижрочиларни жамоатчилик асосида турли тадбирларга жалб этишга йўл қўйилмайди.

Фармонда мамлакатда театр санъатини янада ривожлантириш юзасидан ҳам чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, бир қатор бошқа минтақалар қатори Наманган вилоятида ҳам қўғирчоқ театри ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Бу, каттаю кичик маҳаллий театр мухлисларини бениҳоя хурсанд этди. Мазкур ижодий жамоанинг иш бошлаши маданий ҳаётда катта янгилик бўлиши шубҳасиз.

Ҳамкасбларимизни қувонтирган яна бир янгилик – маданият ва санъат ходимлари куни эълон қилинишидир. Тегишли қонун қабул қилингач, бу сана ҳар йили 15 апрелда нишонланади. Бу эса маданият ва санъатнинг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнига берилган муносиб баҳодир. Шундай юксак эътибор ҳар биримизни жонажон юртимизни улуғлаш, миллий қадриятларимизни янада юксакларга кўтариш, ёш авлодни Ватанимизнинг муносиб фарзандлари этиб тарбиялаш йўлида астойдил изланишга даъват этади.

Аҳмаджон ДАДАХОНОВ,

халқ депутатлари Наманган туман кенгашидаги

“Адолат” СДП гуруҳи аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+