Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг барча даражадаги депутатликка номзодларига МУРОЖААТИ

12.12.2019 10:12:19

Сайловда ҳар бир овоз катта аҳамиятга эга бўлгани каби партиямиздан кўрсатилган барча номзодларнинг халқ олдидаги имиджи, одамлар билан мулоқоти ва эришаётган ютуқлари биз учун жуда муҳимдир. Айни вақтда қизғин давом этаётган сайловолди ташвиқоти жараёнида номзодларимиз партия сайловолди дастури асосида беш йиллик келажакка мўлжалланган ғоя ва мақсадларини халққа етказмоқда.

Ушбу муҳим синов палласида номзодларимизнинг тарғибот-ташвиқот ишларини қўллаб-қувватлаган ҳолда уларни янада фаолроқ, ғоя ва мақсадларини кенг оммага етказишда бунданда дадил, зукко бўлишга чақирамиз.

Сайловолди ташвиқотлари авжига чиққан айни паллада номзодларимиз фурсатни ғанимат билиб, барча имкониятлардан оқилона фойдаланишлари зарур. Ташвиқот олиб бориш жараёнида, аввало, Сайлов кодексига таяниш, шу билан бирга, қонун талабларини бузмаган ҳолда фаоллик кўрсатишларини яна бир бор эслатишни лозим топдик.

Халқ ичига кенг кириб борган, фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаган, бу йўлда оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйган номзод, албатта, ўз муваффақиятини таъминлай олади. Зеро, аҳоли ишончини ҳали депутат этиб сайланмасданоқ қозониб улгурган, амалий ишлари билан намуна кўрсатаётган номзодларимиз чин маънода халқ вакили бўлишга муносибдир.

Айни пайтда қизғин босқичга кўтарилган сайловолди ташвиқотида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодларимиз орасида фаол, ўз сўзига эга вакилларимиз намуна кўрсатмоқдалар. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлигига номзодларни ҳам худди шундай фаолликка чақирамиз. Улар ҳам изчил ташаббусларни илгари суришга қодир, бунга аминмиз.

Ҳурматли номзодларимиз! Сайловчилар билан учрашувларда ва турли мулоқотларда расмий сўзлашувдан қочинг, одамларга содда ва самимий гапиришга интилинг. Уларнинг муаммоларини эшитиб, имкон қадар ҳал этишга кўмаклашинг.  Бинобарин, халқ баҳоси ва эътирофига сазовор бўлган номзоднинг мартабаси доимо баланд бўлиши шубҳасиз. Биз “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган ҳар бир номзодимиздан фақат ижобий натижалар кутиб қоламиз.

Улуғ мақсадлар йўлида барчангизга омад ёр бўлсин!

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+