Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт

22.01.2024 12:01:12

     Юрт келажаги, ватан тараққиёти йўлида қилинган жамики эзгу ҳаракатлар ўз қадрини, муносиб баҳосини олиши ҳаёт ҳақиқатидир.
Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида таваллуд топиб, умрини ёш авлод таълим тарбиясига бағишлаган Одинахон Хакимовани нафақат туманда, балки Фарғона водийсида заковатли педагог, моҳир психолог сифатида қадрлашади.
     Одинахон Хакимова умр йўлдоши Иброҳимжон Хакимов билан 4 нафар қизни тарбиялаб, вояга етказишди. Барчаси олий таълим даргоҳларида таҳсил олиб, зиёли оила соҳибаларига айланишди.
     У оилавий ажримларнинг олдини олиш, турли оилаларда тарбия топаётган ва йўлидан адашган ёшларни ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун курашди ва ўз маслаҳатларини аямади.
     Ҳар ишда адолат билан ёндашуви уни “Адолат” СДП сафи сари етаклади. 2021 йилда эса партиядошлар танлови билан Учкўприк туман Кенгаши раислигига тасдиқланди.


     Одинахон Хакимова иш бошлаганидан сўнг, “Адолат” СДПнинг тумандаги биноси халқнинг ишончли қабулхонасига айланди. Кимдир турмушдаги муаммоларга ечим излаб келса, кимдир дардманд фарзандини даволатиш учун кўмак сўраб келади. Тумандаги фаол аёлларни бирлаштирган Одинахон Хакимова саъй ҳаракати билан ўтган йиллар давомида ажрим ёқасидаги юзлаб оилалар қайта тикланди.
     Одинахон Хакимова пенсия ёшига етганлиги боис, Фарғона вилоят Кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева иштирокида тантанали тадбир ташкил этилди. Одинахон Хакимовага узоқ ва самарали меҳнатлари учун миннатдорчилик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди. Сафдошлар, дўстлар томонидан самимий тилаклар билдирилди. Меҳнат фахрийси Одинахон Хакимова ҳам ўз навбатида самимий тилакларини изҳор этар экан, ҳамиша партиянинг Сайловолди дастурида билдирилган мақсад ва ғояларни рўёбга чиқаришда партиянинг Учкўприк тумани Кенгаши раиси Нуриддин Солиевга ўз тажрибаларини ўргатиб, уни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Гулчеҳра Аҳмедова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП,
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+