Партия Сиёсий Кенгаши раисининг байрам табриги

18.02.2021 14:02:55

Сиёсий майдонга ижтимоий адолат ғояси билан кириб келиб, мамлакатимиздаги барча ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларда фаол иштирок этиб келаётган “Адолат” СДП ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилувчи жипслашган куч сифатида олдинга интилиб бормоқда. Партия ҳуқуқий демократик давлат, кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, ижтимоий-иқтисодий барқарор турмуш тарзини шакллантириш каби долзарб жараёнларда ўз ролини кучайтиришни мақсад қилиб қўйган.

Очиқ эътироф этиш лозимки, партиявий фаолиятда амалий ёки тарғибот ишининг катта-кичиги бўлмайди. Ҳамма гап дилдаги гапни, ният-муддаони етказиш билан бирга уни амалда кўрсата олишда. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари бунга мисол бўла олади.

Партия барча йўналишдаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб, фуқаролар манфаатларига дахлдор кўплаб масалаларни биргаликда ҳал этишга муваффақ бўлди. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коммунал соҳадаги суиистеъмолчиликларга барҳам бериш, таълим, тиббиётдаги шароитларни яхшилаш борасидаги ўрганишлар ва таклифлар ўз натижасини бериб, халқнинг партияга ишончи тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Партиямиз аъзолари ва хайрихоҳлари, аҳоли ўртасида социал-демократия мафкурасини тарғиб қилиш, унинг бошқа мафкуралардан бошқа мафкуралардан афзал жиҳатларини асослаш бўйича қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Натижада “Адолат” СДП аҳоли орасида нафақат қонун устуворлиги ва адолатни тарғиб қилувчи, балки социал-демократияни мустаҳкамловчи сиёсий куч сифатида кенг танилмоқда. Халқ эса партиямизни қўллаб-қувватламоқда.

26 йил тарихан қисқа муддат, аммо партия ҳаёти учун ҳар бир кун муҳимдир. 26 йил давомида партия ходимлари ҳамда депутатлар ўз амалий ташаббуслари халқ манфаатлари йўлида хизмат қилишга улгурди. Айниқса, ҳар қандай ўрганилган муаммога чуқур ёндошди, амалий натижалар шунчаки рақамлар билан эмас, балки аниқ фаолиятларда бўй кўрсатди. 

Ўзбекистон – ислоҳотлар мамлакати. Ана шу ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида “Адолат” СДП бугун халқ орасида яққол танилди. Кўплаб тарғибот тадбирлари, олиб борилган ўрганишлар ўзининг натижасини кўрсатди. “Адолат” халқ қалбига адолат уруғини сочди, адолатни ҳис этишида кўмак бўлди.

Бироқ, ҳали партия олдида бир қанча долзарб вазифалар турганлигини ҳам тан олиш лозим. Биз, албатта, бу вазифаларни уддалаймиз. Ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳозирда ўз тараққиётининг янги сифат босқичида турибди. Бу партия хайрихоҳлари сонининг ортиши ва ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлашувида намоён бўлмоқда.

Бугунги байрам санаси билан жами партиядошларимизни муборакбод этаман ва барча ислоҳотларда уларга суянишимизни мамнуният ила изҳор этмоқчиман.

 

Баҳром АДБУҲАЛИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+