Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

08.11.2019 10:11:25

Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига мувофиқ, шунингдек, жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб ўтиладиган товарларни божхонада расмийлаштириш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида:

1. Белгилаб қўйилсинки, 2020 йил 1 январдан:

нотижорат мақсадлар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш пунктлари орқали қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажида товарлар олиб кираётган жисмоний шахслар учун, шунингдек, жисмоний шахс номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келадиган товарларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўловини тўлашни назарда тутувчи божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади;

жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун божхона чегараси орқали қўл юкида, кузатиб борилаётган багажида, шунингдек, почта жўнатмалари орқали олиб кириладиган ҳайвонотга мансуб озиқ-овқат маҳсулотларида ишлаб чиқариш ўровининг мажбурий мавжудлиги тўғрисидаги талаб ўрнатилади.

2. Белгилансинки, ягона божхона тўлови божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни жисмоний шахслар томонидан республикага олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар товарларнинг барча тоифалари бўйича божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда, чекланган меъёрлардан ортиқ қисмига нисбатан ундирилади.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3512-сон қарорининг 1-иловасида назарда тутилган товарларни олиб кириш меъёрлардан ортган тақдирда божхона тўловлари умумбелгиланган тартибда тўланиши белгилансин.

3. Қуйидагилар:

товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограмми учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови ставкаси;

иловага мувофиқ, Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарлар тоифасига кирмайдиган товарлар рўйхати тасдиқлансин.

4. Давлат божхона қўмитаси:

а) бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг белгиланган мақсадини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тегишли вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда;

қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш
ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни киритсин;

б) ушбу қарорнинг мазмун ва моҳиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ҳамда аҳоли эътиборига етказишни таъминласин.

5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Гулямов ва Ўзбекистон Республикаси
Бош вазирининг ўринбосари Э.М.Ғаниев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                     Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 7 ноябрь

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+