Ўзгалар ҳожатини ўзиникидан устун қўйганлар ҳаракати

29.04.2020 16:04:50

Қўлимга қоғоз олиб қоралай бошлаганимда, коронавирус пандемияси даврида бутун дунё халқларининг ҳаёти кўз олдимдан бирма-бир ўта бошлади...

Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 2020 йил 11 март куни коронавирус пандемияси эълон қилинди. Ўзбекистонда биринчи маротаба 15 мартда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди. Мамлакат раҳбарининг оқилона сиёсати сабабли, илк бемор аниқлангунига қадар, яъни жорий йилнинг январь ойида бизнинг ҳудудимизга коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, қулай санитария-эпидемиологик муҳитни таъминлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Республика махсус комиссияси шакллантирилиб, аниқ йўналишда қатор ишлар амалга оширилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар туфайли шифо топаётганларнинг 800 дан ошгани, бугунги кунда касалликни қайсидир маънода жиловланди, дейишга асосимиз бор.

Халқни ўйлаб, иқтисодиётга қандай таъсир этишидан қатъий назар, авваламбор одамлар саломатлигининг устуворлигига қаратилган карантин чора-тадбирлари белгиланиши ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. Бу масалаларда юртбошимиз Шавкат Мирзиёев атрофида юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, миллат равнақини ўйлайдиган, барча соҳа вакилларидан бўлган, бош харфлар билан битишга лойиқ ИНСОНлар жипслашиб, бутун дунёга хавф солаётган балони енгишга камарбаста бўлмоқдалар.

“Коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг шунчаси соғайиб, юқумли касалликлар шифохонасини тарк этди” каби хабарларни деярли барча инсоният орзиқиб кутяпди.

Коронавирус пандемиясига қарши курашда мамлакатимиз шифокорлари олд қаторларда туришибди. Мазкур олийжаноб касб эгаларининг фидокорона ва профессионал фаолияти, профилактика чоралари сабаб Ўзбекистонда коронавирус кенг тарқалиб кетмаслиги билан боғлиқ вазият барқарор даражада, бу эса вазиятни назорат остида ушлаб туришга имкон бермоқда. Албатта, буларнинг барчаси ҳамжиҳатликда амалга оширилмоқда.

Саломатлик – нафақат ҳар бир инсоннинг ўзи учун, балки бутун жамиятнинг бебаҳо бойлигидир.

20 апрель куни аҳолининг ижтимоий ҳимояси ҳамда қурилиш ва инфратузилма тармоқлари фаолияти масалалари муҳокама қилинганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати – давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнидир” деган гапларида қанчалар чуқур маъно бор.

“Бутун дунёда бўлгани каби бу мураккаб жараён Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Албатта, халқимизни таъминлаш учун ҳам, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун ҳам мамлакатимизнинг заҳиралари ва имкониятлари етарли” – деб таъкидланди муҳокамалар жараёнида.

Вақтинча ишламаётганлар ва ёрдамга мухтожларни аниқлаш, уларга кўмак беришда, маҳалла институти, нодавлат ҳамда давлат ташкилотлари ва албатта саҳоватпеша халқимиз ҳақида айтиб ўтиш жоиз. “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоатчилик фондининг ташкил этилгани, Хомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази фаолияти йўлга қўйилиб, беғараз кўрсатилаётган ёрдамлар ҳақида Ўзбекистонда билмаган одам бўлмаса керак.

Саҳоватпеша инсон ҳар қачон хайр-эҳсон қилар экан, бундан унинг қалби шодликка тўлади, юрагининг чигиллари ёзилиб, кўнгли хотиржам тортади ва юзида мамнунлик ифодаси акс этади.

Видеоселектор йиғилишида Президентимиз халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.

Бунинг натижасида Рамазон ойида амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлади, ифторликларга сарфланадиган маблағлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолининг кам таъминланган қатламларига йўналтирилади. Менимча бу жуда муҳим, ўз вақтида билдирилган таклиф. Эҳтиёжмандларга кўмак бериш ҳам қарз, ҳам фарз, меҳр-саҳоват ойида эҳтиёжмандларни ҳар доимгидан кўпроқ йўқлашимиз даркор.

Муқаддас китобларни ўқир эканмиз, шундай сатрлар эътиборимизни тортиши табиий ҳол: «Улардан аввал бу диёрда ва иймонда қарор топганлар ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг зиқналигидан сақланса, ана ўшалар зафар топувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).

Саховат киши обрў-эътиборининг покиза сақланишига, эл орасида яхши ном чиқаришига сабаб бўлади, бегона дилларни бирлаштиради.

Ҳозирги вақтда ишсизлар, ёрдамга муҳтож аҳоли сонининг ортиши табиий ҳолат. Йиғилишда меҳнат соҳасида гапирилганда, Ўзбекистонда бир миллион 405 минг аҳоли бугун 2 миллиондан кам ҳақ олаётгани тўғрисидаги маълумот мени ўйлантириб қўйди. Бутун дунёда ҳолат қандай экани билан қизиқдим.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Бош директори Гай Райдернинг айтишича, коронавирус пандемияси нафақат тиббий инқироз, балки ижтимоий-иқтисодий ҳамдир. Барча омилларни ҳисобга олган ҳолда мувофиқлаштирилган ва глобал жавобларимиз билан самарали натижага эришамиз. Хусусан, у энг ҳимоясизларнинг эҳтиёжларини қондириши керак.

Глобал даражада кўрилаётган чоралар каби мамлакатимизда давлат раҳбари ва махсус комиссиянинг қабул қилаётган қарорларида ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами эътибордан четда қолмаган.

Албатта, мамлакат раҳбари таъкидлаб ўтганларидек, шундай оғир дамда меҳнат қилаётган барча соҳа вакиллари, шифокорлар, тадбиркорлар, саноат ва қишлоқ хўжалиги ходимлари, худди 1941-45 йиллардаги уруш даврида жангда қандай қатнашган бўлса, худди шундай кураш майдонидалар. Ўз ҳалол меҳнатлари билан халқ корига яраб, миллат равнақи учун хизмат қилиб, жасорат кўрсатмоқдалар. Биргаликда биз кўринмас ёвни албатта енгамиз ва бу тарих саҳифаларига муҳрланади.

Ўз ҳаёлларим, мамлакатимизнинг соҳа мутахассислари ва турли касб эгаларини кўз олдимдан ўтказар эканман, мен фаолият юритаётган ташкилот, ходимларнинг вакиллик органи сифатида муносиб меҳнат принципларига етишда юрт тараққиёти йўлида юртбошимиз атрофида бирлашиб, амалга ошираётган ишлари кўз ўнгимда намоён бўлди. Албатта, сизни зериктирмаслик мақсадида, бугун шу ерда сиз билан суҳбатимни якунлаб, кейинги суҳбатимизда пандемия даврида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтишга қарор қилдим. Чунки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков бошчилигида қилинаётган ишлар, ходимларнинг меҳнат хуқуқлари ҳимояси “Қудратимиз бирликда – биз ғалаба қозонамиз” шиори остидаги мавзу сизни қизиқтиради деб ўйлайман.

Нодира КАРИМОВА,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бўлим мудири,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Shahlo Xoshimova
2020-05-01 00:33:36
Umriz uzoq bo'lsin martabez bundanam baland bo'sin Davlat ishlarida xicham charchamen Omadizzi bersin

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+