“Партия патронажи” – туман тиббиёт бирлашмасида

07.10.2019 13:10:57

Аввал хабар берганимиздек, “Партия патронажи” чақируви ҳудудларда давом этмоқда. Галдаги ташриф партиянинг Пискент туман Кенгашига   келиб тушган таклифга биноан туман тиббиёт бирлашмаси қошидаги юқумли касалликлар шифохонасида бўлди.

Сурайё Азимова, “Адолат” СДП Пискент  туман Кенгаши раиси:

– Лойиҳа тадбирлари ўз самарасини бермоқда. Бугун  бўлиб ўтган ташрифда вилоят Кенгаши раиси Умид Шоумаров  сиёсий партиялар фаолияти, “Адолат” партиясининг мамлакатимиз ҳаётида тутган ўрни, шунингдек, партия ташкил топган кундан бошлаб, шу давргача амалга оширган ишлар ва галдаги режалар ҳақида сўз юритди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, партиянинг янги сайловолди дастурида белгиланаётган устувор мақсадлар, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш каби масалалар борасида очиқ мулоқот тарзида олиб борган суҳбат тиббиёт ходимларида ўзгача таассурот қолдирди. Бугуннинг  ўзида партияга аъзо бўлиш истагини билдирган туман тиббиёт бирлашмасининг 21 нафар ишчи-ходими партия сафига қабул қилинди.

Гулбахор Пўлатова, туман тиббиёт бирлашмаси қошидаги юқумли касалликлар шифохонаси катта ҳамшираси:

—Партия томонидан бугунги кунда илгари сурилаётган ғоя ва ташаббуслар жамиятнинг қайсидир қатлами манфаатларини эмас, бутун бир халқимизни йиллар давомида ўйлантириб келаётган муаммолар ечимига қаратилган. Хусусан, ҳудудларда зарурий йўналишларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган ихтисослашган тиббиёт марказларининг филиалларини ташкил этишга қаратилганлигидир. Бундай ёндашув эса фуқароларнинг саломатликлари борасидаги ҳужжатларини электрон шакллантириш учун “ақлли тиббиёт” тизимини кенг жорий қилишга туртки беради. Пировардида аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётган қалбаки ва самарасиз дори воситалари фаолиятига чек қўйиш ҳамда дори воситаларининг электрон рўйхатини шакллантириб шаҳар ва қишлоқларда бир хил нархда дорилар сотилишига эришилади. Шу каби долзарб масалаларни асосий мақсад деб билган Ўзбекистон “Адолат” СДПга аъзо бўлганимдан фахрланаман.

Дилноза Каримова, туман тиббиёт бирлашмаси қошидаги юқумли касалликлар шифохонаси хўжалик бекаси:

—Сўнгги вақтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Энг ачинарлиси, аксарият ҳолатларда тажовуз қилган шахслар жавобгарликка тортилмай қолиб кетяпти. “Адолат” СДП томонидан тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтириш, уларга нисбатан содир этиладиган тажовузларга нисбатан юридик жавобгарликни янада кучайтириш мақсадида махсус қонун лойиҳаси устида олиб бораётган долзарб масалалар эътиборимни тортди. Шунинг учун партияга аъзо бўлдим. 

Улуғбек Содиқов, Микрокредит банк Оққўрғон филиали ҳисобчиси:

—Мамлакатимиздаги сиёсий партиялар орасида  “Адолат”ни танлаб, унга аъзо бўлдим. Албатта, бежиз бу қарорга келганим йўқ. Чунки ушбу партия жамиятнинг демократия ва демократик ислоҳотлар йўлидан босқичма-босқич ривожланиб бориши кўп жиҳатдан одамларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият даражасига боғлиқ, деб ҳисоблайди. Ишончим комилки, ҳар бир фуқаро наинки қонунларни билиши, балки уларни ҳурмат қилиши, қонунларда ифодаланган давлат кўрсатмаларини онгли равишда бажариши зарур. Қонунга ҳурмат ҳуқуқий давлатнинг, сиёсий ва ҳуқуқий тизимлар самарали фаолиятининг асосий талабларидан биридир.

Раъни Қулибоева, Қуйичирчиқ туман “Мингчинор” ҚВП ҳамшираси:

—Аҳоли саломатлигини асраш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда партиянинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш  борасида ҳамкорликда қатор ишларни амалга ошириб келмоқдамиз. Айниқса, жойларда ташкил этилаётган очиқ мулоқотлар, партия фаолларининг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда одамларнинг муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал этишда ташаббус кўрсатишаётгани партияга ишончимни, меҳримни янада оширди. Бугунги “Партия патронажи”да мен ва дугоналарим Манзура Сатторова,  Дилноза Хайдарова партия сафига аъзо бўлдик.  Шу куннинг ўзида “Минг чинор” маҳалласида истиқомат қилувчи Азиза Юнусовадан келиб тушган чақирув юзасидан партия туман Кенгаши мазкур хонадонга ташриф буюрди. А.Юнусова партия сафига қабул қилиниб унга аъзолик билети топширилди.

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент  вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+